Мамлакатимиз 64-ўриндан жой олди.
Дубай шаҳрида жойлашган Британиянинг нуфузли Legatum Institute таҳлил маркази дунё мамлакатларининг навбатдаги рейтингини эълон қилди. Дунё давлатларидаги фаровон турмуш тарзига кўра тузиладиган ушбу рўйхатни ҳар доимгидек скандинавия мамлакатлари бошқариб турибди. Жумладан биринчи ўнталикдан Норвегия, Дания, Швеция, Австралия, Янги Зеландия, Канада, Финляндия, Голландия, Швейцария ва Ирландия жой олган. АҚШ эса биринчи марта ТОП-10 таликка кира олмади. Қўшма Штатлар бу сафар бор-йўғи 12-ўрин билан чекланди, холос.
Собиқ иттифоқ давлатлари орасида энг яхши кўрсаткич Эстонияга тегишли. Болтиқбўйи вакили умумий рўйҳатнинг 35-поғонасидан ўрин эгаллади. Ўзбекистон ҳам МДҲ давлатлари орасида етакчилардан бири бўлиб қолмоқда. Мамлакатимиз бу сафар Россияни ортда қолдириб, 64-ўринга кўтарилиб олди. Ўзбекистондан кейинги ўринларда Россия (66), Украина (71), Молдова (84), Қирғизистон (88), Грузия (93), Озарбойжон (94) ва Арманистон (98) республикалари қайд этилган.
Қизиқ ҳолатлардан бири шундаки, жаҳон иқтисодиётида етакчи ўринда бораётган Хитой 55-ўринда, Монголия (59) билан ёнма-ён бормоқда. Рейтингнинг энг пастки қаторларидан Покистон (132) ва Афғонистон (140) ўрин олди.
Эслатиб ўтамиз, 2012 йилда Legatum Institute ушбу рейтингга яна 32 давлатни қўшиб олди ва унда иштирок этаётганлар сони 142тага етди. Ушбу мамлакатларда дунё аҳолисининг 96% яшайди ва улар иқтисодиётнинг 99%ни назорат қилади.
Legatum Institute ҳар йили 8 хил омил асосида дунё мамлакатларининг фаровон ҳаёт даражаси индексини эълон қилиб боради. Ушбу омилларга иқтисодий барқарорлик, ишбилармонлик муҳити, бошқарув самарадорлиги, таълим тизими, саломатлик даражаси, хавфсизлик ва қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари эркинлиги ва ижтимоий капитал киради.