Шу кунларда пойтахтимиз кўчаларидаги замонавий автобуслар сафи янада кенгайган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 3 майда қабул қилинган "Тошкент шаҳар йўловчи ташиш автобуслари паркини янада янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан "Тошшаҳартрансхизмат” уюшмаси ва Германиянинг "EvoBus GmbH” компанияси ўртасида имзоланган шартнома асосида 100 дона "Mercedes-Benz Conecto Low Floor” йўловчи ташиш автобуси, эҳтиёт қисмлар ва диагностика анжомлари келтирилиши режалаштирилгани ва байрам арафасида уларнинг ўттизтаси Тошкентга олиб келингани ҳақида хабар бергандик.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига молиялаштирилмоқда. – Шу кунгача техник кўрик ва текширувлардан ўтиб, тегишли сертификатга эга 17 янги автобус йўналишларга чиқарилди, – дейди "Тошшаҳартрансхизмат” уюшмасининг ҳаракат хавфсизлиги хизмати бошлиғи Фарҳод Ниғмонов. – Шартномага мувофиқ жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида яна 70 автобус келтирилади. 2008 йилдан келтирила бошлаган мазкур автобусларнинг сони бугунгача 530 тага етди.
Мазкур автобуслар салонининг кенг ва ёруғлиги, бошқарувининг енгиллиги ва хавфсизлик қоидаларига жавоб бериши, салонга ташқи шовқин деярли эшитилмаслиги, чиқиш ва тушишнинг осонлиги, ўриндиқларнинг юмшоқ ва бежиримлиги йўловчилар билан бирга, ҳайдовчилар учун ҳам катта қулайликлар яратади.
"Mercedes-Benz Conecto Low Floor” автобуслари Евро-3 стандартли двигатель билан жиҳозлангани унинг атмосферага чиқарадиган зарарли моддаларни камайтириш имконини беради.
Фото: Ёлқин Шамсиддинов (ЎзА)