Фойдаланувчилар телефон батареясининг шишиб кетиши оқибатида ишдан чиқишидан шикоят қилмоқдалар.
Samsung компаниясининг етакчи смартфони - Galaxy S4 модели аккумуляторидан нуқсон топилди. MacDigger.ru нашри маълумотларига кўра, ушбу смартфон фойдаланувчилари оммавий равишда телефон батареясининг шишиб кетишидан шикоят қила бошлаганлар. Хусусан, Германияда истеъмолчилар дўконларга сотиб олинган ҳар учинчи смартфонни ушбу муаммо туфайли қайтириб топширганлар.
Ўз навбатида Samsung компанияси муаммонинг мавжудлигини тан олди ва мижозларга муаммоли смартфонларни текинга алмаштириб беришни таклиф қилди. Аммо ушбу дастурнинг қайси мамлакатларда амалдалиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.
Эслатиб ўтамиз, Samsung Galaxy S4 смартфони жорий йилнинг март ойида истеъмолчилар эътиборига тақдим этилган эди. Смартфоннинг Ўзбекистондаги тақдимоти 2013 йил 11 майда бўлиб ўтган. Айни вақтда Samsung Galaxy S4 смартфонини (16 Гб хотирали версия) Ўзбекистон бозорида тахминан 1.6 млн. сўмга сотиб олиш мумкин.