Мавсум якунига етганидан сўнг «қизил иблислар»га мураббийлик қилишдан кетишини маълум қилган Алекс Фергюсон ўрнига яқин вақт ичида Ливерпулнинг «Эвертон» жамоаси устози Дэвид Мойес «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи этиб эълон қилиниши мумкин. Бу ҳақда Goal.com интернет-нашри Манчестер клубидаги ўз манбаларига асосланиб хабар бермоқда.
Нашр маълумотларига кўра, худди Фергюсон каби шотландиялик бўлган Мойесга расмий таклиф яқин 24 соат ичида берилиши мумкин. Ўз навбатида, Ливерпуль клуби вакиллари Мойес манкунианларга билан музокараларга киришгани ҳақида ахборотга эга эмасликларини маълум қилишган, бироқ, мутахассиснинг Англиянинг кўп карра чемпиони сафига қўшилиш тўғрисидаги эҳтимолий қарорини тушуниш билан қабул қилишларини билдиришган.
19 май куни, Англия чемпионатининг сўнгги тури учрашувидан кейин («Манчестер Юнайтед» шу куни «Вест Бромвич»га қарши майдонга тушади) Алекс Фергюсон мураббийлик ваколатини топширишини 8 май куни «Манчестер Юнайтед» расмий сайти хабар қилди. Сэр Алекс «қизил иблислар» билан 26 йил ишлади ва бу давр мобайнида 13 марта Англия чемпионлигини қўлга киритиб, инглиз футболи тарихидаги энг кўп муваффақиятга эришган мутахассисга айланди (у, шунингдек, жамоани икки марта Европа Чемпионлар лигасида ва бир марта УЕФА Кубок эгалари Кубогида ғолиб қилган). 1999 йили Буюк Британия қироличаси Елизавета II Фергюсонни рицар деб эълон қилган эди.
Глазголик, 50 ёшли Дэвид Мойес «Эвертон»да 2002 йилдан бери ишлаб келади. У Ливерпуль жамоаси билан ҳеч қанадй муваффақиятларга эришмаган бўлса-да, 2003, 2005 ва 2009 йилги мавсум якунларига кўра Англиянинг энг яхши мураббийи деб топилган. Аввалги иш жойи – «Престон Порт Энд» жамоаси билан Мойес 2000 йилда Англия иккинчи дивизиони (ҳозирги Футбол лигаси чемпионати)да ғолиб чиққан.
Sky Sports маълумотларига кўра, Фергюсоннинг ўзи Мойесни «МЮ» бош мураббийи ўрнида ўринбосар сифатида тавсия қилган.