Яқинда Нью-Йоркда Оғабек ва Анвар Собировларнинг гастрол сафарида бўлганидан хабарингиз бор. Ўзбек ТВ Нью-Йорк (Uzbek TV New York ) томонидан ташкил этилган концертларда ака-ука Собировлар ўзларининг жонли дастурини тақдим этишди. Томошабинларга Ватан соғинчини севимли ва янги куй-тароналар орқали улашган хонандалар океан ортида истиқомат қилаётган ватандошларимизда катта таассурот қолдиришди. Айниқса, "Хоразм лазгиси”га эса залга йиғилган барча рақсга тушди. -Серқуёш юртимиз тафтини узоқ мамлакатда яшаётган мухлисларимизга етказишимизда бир кўприк бўлаётган Uzbek TV New York раҳбариятига миннатдорчилик билдирамиз - дейди, ака-ука Собировлар. Хонандалар саёҳат давомида океан соҳилида клиплар суратга туширишга ҳам муваффақ бўлишди. Уларнинг айтишича, клипда Собировларни мухлислар мутлақ янги имиджда кўришади. Концерт тафсилотлари ҳақида хонандалар кўплаб ОАВларига, жумладан, Нью- Йоркда она тилимизда чоп этилаётган "Ўзбегим” журналига эксклюзив интервьюлар беришди. Жасур ҲАМРОЕВ