Гулнора Каримова ниҳоят, ўзи ҳақидаги гап-сўзларга нуқта қўйди. Куни кеча бўлиб ўтган матбуот анжумани қизғин тус олди. Журналистлардан бир нечтаси оммани қизиқтирган саволлар билан Гулнорага юзма-юз савол йўллашди ва жўяли жавоб олишди. Каримова билан кечган суҳбат мавзуси кенг қамровли бўлиб, кино, твиттердаги ёзишмалар, марафон ва бошқаларни ўз ичига олди. Дангал ва самимий кечган мулоқот эса Гулнорани шахс сифатида янада кенгроқ очди. У ўз фикрларини дадил, доно ва " қоғозга ўрамасдан” билдирди. Твиттерда вазир ўринбосари Рустам Азимов ҳақида айтган фикрлари асосида хорижий интернет нашарларда чоп этилган бир неча мақолаларнинг асоссиз эканлигига тўхталди. Бир журналистнинг бугунги кўплаб бир хил мавзуда фильмлар яратилаётгани билан боғлиқ саволни эса даврада иштирок этаётган бир гуруҳ актёрларга йўналтирди ҳамда уларнинг жонли фикрларини билишга қизиқди. Микрофонни бирма-бир ушлаган Муҳаммад Исо , Улуғбек Қодиров, Адиз Ражабов, Жаҳонгир Позилжонов, Алишер Узоқовлар ўз дунёқаришидан келиб чиқиб жавоб берди. Адиз Ражабов "рол ўйнашдан бошқа тирикчилиги йўқ”лигига ишора қилиб ёнган бўлса, Алишер Узоқов ўзбек киносида катта имконият яратилса, Ҳолливуддан қолишмайдиган фантастик жанрдаги энг томошабоп картиналар яратиш мумкинлигини урғулади. Суҳбат давомида энг шов-шувли саволи сайтимиз томонидан йўлланди: "Бугунги лойиҳаларингиз замирида эзгулик ётибди. Жамиятнинг барча қатламларини аёллар, қариялар, ёшлар – ҳаммани жипслаштираётган ғоялар сизнинг мукаммал шахс эканлигингиздан нишона. Келажак эса сизга ўхшаган раҳбарларга муҳтожлик сезади. 2014-йил юртимизда кечадиган депутатлик сайловларида, 2015-йил президентлик сайловларида ўз номзодингизни қўясизми?” Бу саволга жавобан Гулнора Каримова табассум билан бир нақлни эслади: "Худони кулдирмоқчи бўлсанг, беш дақиқадан кейин нима бўлишини айт!”
Уч соатдан ортиқ давом этган дангал суҳбат Гулнора Каримова атрофида кечаётган ҳақиқатларни очиқлади. У юрагидагиларни бўямасдан, борича гапирди. Мана шундай демократик қарашлар ўз ифодасини топган учрашувлар юксак ғоялар муаллифига нисбатан ишонч ҳиссини мустаҳкамлайверади.
Жасур ҲАМРОЕВ
P/S: Бугун у Марказий Осиёнинг энг машҳур шахсларидан бирига айланди. У билан танишиш истагидагиларнинг сон-саноғи йўқ. Суратга тушиш илинжидагиларни инобатга олсак, Гулнора жаҳоннинг манаман деган поп юлдузидан ҳам ўтиб тушади. Унинг номини сотиб иш тутмоқчи, бизнесига бирон хавф-хатарни сезгудек бўлса, унинг номи остида бекиниб олиш ё "танка”, "крыша” қилмоқчи бўлганларни гапирмаса ҳам бўлади... Сўнгги йилларда ОАВлари ё шунчаки давра суҳбатлари, йиғинлар бош мавзуси – Гулнора Каримова билан боғланиб кетади! Позитив ва негатив фикрлар қуршовидаги шахс ҳаммасига ойдинлик киритишни мақсад қилгани хайрли бўлди. Суҳбат давомида у томондан билдирилган фикрлардан бир нечтаси жуда ёдда қоларли бўлди: "Нимага ишонсам, шу ишга қўл ураман!”. "Раҳбарлар, вазирлар келаверади, кетаверади. Сиз ижодкорлар, актёрлар ўсишингиз, илдиз отаверишингиз керак!”