 ЕВРО-2012нинг "С” гуруҳи вакиллари 1-турни бошлашди. Польшанинг Гданск шаҳрида амалдаги Европа чемпионлари Испания терма жамоаси Италия терма жамоасига қарши майдонга тушди. Эътиборлиси Висенте дель Боске Италияга қарши ўйиннинг бошланғич таркибига биронта номинал ҳужумчини киритмади. Дастлабки дақиқаларда жамоалар бир-бирларини ўрганиш билан вақт ўтказишди. Илк хавфли вазият 13-дақиқада италияликлар томонидан амалга оширилди. Белгиланган жарима тўпини Пирло дарвозанинг пастки бурчагига йўллади, бироқ Касильяс тўпни қайтарди. 44-дақиқада Хавидан тўпни қабул қилиб олган Иниеста жарима майдони чизиғидан дарвозага зарба берди. Тўп Буффон қўриқлаётган дарвозага аниқ бормаган бўлсада вазият хавфли чиқди. Кейинги дақиқада энди италияликлар ҳужум уюштиришди. Ўнг қанотда Кассано тўпни жарима майдони ичига ошириб берди, Моттанинг дарвозага йўллаган зарбасини Касильяс ажойиб реакция кўрсатиб қайтариб қолди. Биринчи бўлимда ҳисоб очилмади. Иккинчи бўлим бошида Фабрегас, Иниесталарда қулай вазиятлар бўлганди, аммо ҳисобни очиш испанларга насиб этмади. 53-дақиқада Рамоснинг қўпол хатосидан сўнг Балотелли яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади. 60-дақиқада Пирлонинг ажойиб пасидан сўнг захирадан майдонга тушган Антонио Ди Натале бирга-бир вазиятга чиқиб бориб ҳисобни очди - 0:1. 64-дақиқада ҳисоб тенглашди. Давид Сильванинг пасидан сўнг Фабрегас Буффонни ожиз қолдирди - 1:1. 75-дақиқада Торрес шерикларидан тўпни қабул қилиб Буффон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди, бироқ италияликлар посбони олдинга чиқиб тўпни тепиб юборишга эришди. 85-дақиқада Торресда қулай имокният бўлганди. У ҳимоячини алдаб ўтди ва олдинга чиқиб кетган Буффоннинг устидан тўпни дарвозага йўллади, тўп дарвоза устидан ўтиб кетди. Қолган дақиқаларда ҳисоб ўзгармади ва жамоалар бир очкодан бўлишиб олишди.
Испания – Италия 1:1 (0:0) Голлар: Антонио Ди Натале 61, - 0:1. Сеск Фабрегас 64, - 1:1. 10 июнь. Гданьск. "Арена Гданьск" стадиони. Бош ҳакам - Виктор Кашшаи (Венгрия). Испания: Икер Касильяс, Альваро Арбелоа, Серхио Рамос, Херард Пике, Хорди Альба, Хаби Алонсо, Серхио Бускетс, Хави, Андрес Иниеста, Сеск Фабрегас (Фернандо Торрес, 74), Давид Сильва (Хесус Навас, 65). Италия: Жанлуижи Буффон, Леонардо Бонуччи, Даниэле Де Росси, Жоржио Кьеллини, Кристиан Маджо, Эммануэле Жаккерини, Тьяго Мотта (Антонио Ночерино, 90), Андреа Пирло, Клаудио Маркизио, Антонио Кассано (Себастьян Жовинко, 65), Марио Балотелли (Антонио Ди Натале, 56). Огоҳлантиришлар: Марио Балотелли 37, Леонардо Бонуччи 66, Хорди Альба 66, Жоржио Кьеллини 79, Альваро Арбелоа 84, Фернандо Торрес 84, Кристиан Маджо 89.
10 Iyun Evro-2012. «C» guruhi. 1-tur Irlandiya 1-3 Xorvatiya
|