Филипп Киркоров
Кўпчилик мухлислар бугунги қаҳрамонимиз, Россия шоу-бизнеси примадоннаси Алла Пугачёвага уйланганидан сўнг бошига бахт қуши қўнганлигини айтса, яна баъзилар қўнғироқ сочли йигитнинг Тангри ато этган қобилияти ва истеъдоди туфайли шу даражага эришганлигини таъкидлашади. Филипп ўсиб-улғайган муҳит унинг келажакда машҳур инсон бўлишига замин яратган эди.
Тўлиқ исми: Филипп Бедросович Киркоров.
Туғилган санаси: 1969 йил, 30 апрель.
Қаерда таваллуд топган: Болгариянинг Варна шаҳрида.
Таҳсил олган жойи: Гнесин номидаги санъат ва мусиқа институти.
Ҳаётдаги биринчи омадсизлиги: Давлат театр ва сатира институтига қабул қилинмаганлиги. Ўшанда қабул комиссияси уни драматик истеъдоддан йироқ дея хулоса чиқарган.
Эстрададаги дебют чиқиши: 1981 йилда «Шире круг» («Даврани кенг олинг») дастурида бўлиб ўтди.
Ҳаётдаги шиори: «Ҳаётдан ҳамма нарсани олишни истайман!».
Бахтли болалик Филипп таниқли болгар хонандаси Бедрос Киркоровнинг ягона фарзанди эди. Шу боис улар ёлғизгина ўғилларини ҳеч нарсадан зориқтирмасдан ўстиришди. Унинг учун барча нарсани муҳайё этишарди. Онаси концертларни олиб борувчи шириннафас овозли бошловчи эди.
Ёқимтой болакайнинг ота-онаси уни дунёдаги энг чиройли ва қобилиятли деб ҳисоблашарди. Артистлар оиласида вояга етган Филипп келажакда ўзини фақат машҳур эстрада юлдузи сифатида тасаввур қила оларди. Бедрос Киркоров фаолиятини театр саҳнасида опера айтишдан бошлаган эди. Кейинчалик эстрада жанрига қизиқиб қолиб, Леонид Утёсов, Олег Лундстрем, Эдди Рознер каби буюк устозлар билан ишлади.
Киркоровлар оиласи Москва шаҳрига кўчиб ўтишади. Шу ерда Филипп мактабни олтин медаль билан тамомлайди. Бир вақтнинг ўзида мусиқа мактабининг фортепьяно ва гитара синфларини ҳам имтиёзли якунлайди. Театр ва сатира институтига қабул қилинмаганлиги Филиппга жуда ёмон таъсир қилди. Ахир, шу пайтгача йўлида бирор марта ҳам қоқилмаган йигит учун бу катта зарба эди. Лекин бетакрор истеъдод соҳиби кўчада қолмади. Гнесин номидаги санъат ва мусиқа институтига ўқишга қабул қилинди.
Мактаб саҳнасидан... Мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ Филипп жамоат ишларининг фаол иштирокчиси эди. Ўқувчилик давридаги ҳаваскорлик саҳнаси ортда қолди. Эндиликда у профессионал артист бўлиши учун кўпроқ тер тўкишига тўғри келди. Унинг биринчи устози М.Ланда эди. Айнан мана Ланда Филиппнинг овозини «созлаб»,тўғри йўлга қўя олди.
1985 йилда отаси билан биргаликда ўша пайтда оғизлардан тушмаган «Алёша» қўшиғини ижро қилди. Бу ёқимли қўшиқ 16 ёшли ўсмир йигитга илк мухлисларини ҳадя этди.
1989 йилда Филипп Киркоров Алла Пугачёва раҳбарлик қиладиган қўшиқлар театри хонандасига айланади. Театр жамоаси билан у Сингапур, Австралия, Ўрта Осиё мамлакатлари бўйлаб гастрол сафарларига чиқади.
Бахтли турмуш 1990 йилга келиб, у бир қанча нуфузли мусиқий мукофот ва совринларни қўлга киритди. 1992 йилда Болгариянинг Қуёшли соҳилида бўлиб ўтган мусиқа фестивалида Россия шарафини ҳимоя қилган Филипп Киркоров нуфузли ўринни эгаллади. Унинг ижросидаги қўшиқ энг яхши шлягер деб топилди. Ватанидаги муваффақиятли чиқиши унга «мухлислар меҳру муҳаббати» унвонини олиб берди.
Алла Пугачёванинг турмуш ўртоғига айланган Филипп жиддий муаммоларга дуч келди. У машҳур рафиқасининг соясими ёҳуд мустақил ижодий шахсми? Нима бўлганда ҳам унинг чегара билмас иқтидори ва қобилиятига ҳеч қандай шубҳа йўқ эди. Филипп Киркоровнинг ҳеч кимникига ўхшамас саҳна кўриниши артистнинг ўзига хос бетакрор услуб соҳиби эканлигидан дарак беради. Айтишларича, Филиппнинг саҳна либослари шунчалик кўп эканки, уларнинг Москвадаги уйи ана шундай ялтир-юлтур кийимлар билан тўлиб кетган экан.
Уларнинг никоҳлари бекор қилинганлигига қарамасдан, улар яхши дўст бўлиб қолишди.