Ислом шариати ва Ислом тарбияси ота-оналар зиммасига фарзандлари учун бир қанча вазифалар юклатиш билан бирга уларнинг ҳам фарзандлари зиммасида бир қанча ҳақ-ҳуқуқлари борлигини таъкидлайди. Бу масала Қуръони Каримда, суннати набавияда ва Ислом тарбияси ҳақидаги китобларда алоҳида баён қилинган. Мазкур ҳуқуқлар асосан учта муҳим қисмдан иборатдир: Биринчидан, фарзандлар ўз ота-оналарига яхши муомалада ва ширинсухан бўлишлари, уларга меҳрибонлик кўрсатишлари, доимий эҳтиром билан уларни тақдирлаб туришлари, Аллоҳ таолонинг шариатига зид бўлмаган барча буйруқ, талаб-истакларини бажармоқлари лозим. Аллоҳ таоло ўз китобида марҳамат қилади: «Парвардигорингиз ёлғиз Ўзидан бошқа ҳеч нарсага ибодат қилмасликка ва ота-онага яхшилик қилишга буюради. Ота-онангдан бири ёки икковлари қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга ёмон сўз айтма, ҳаттоки «уф» демагин, уларга қаттиқ ҳам қарамагин. Доимо яхши сўз айт! Улар учун меҳрибонлик билан хокисор бўл, хорлик қанотини паст тут. «Эй, Парвардигоро, мени ёшлигидан қандай қилиб меҳр-муҳаббат билан тарбиялаб ўстирганларидек, Сен ҳам уларга шундай раҳмат қилгин!», деб дуо қил». (Исро сураси, 23-24-оятлар).
Аллоҳ таолонинг ота-онани бунчалар эъзозлашининг алоҳида ҳикмати бор: онангиз сизни ҳомиладорлик пайтида, туғилганингиздан сўнг авайлаб кўтариб юради, сутини, меҳрини, қалб қўрини бағишлаб парваришлайди, сизни деб оромидан кечади. Отангиз ҳам сизнинг комил инсон бўлиб етишувингизда ўз ҳиссасини қўшади. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинади: «Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик, чунки уни онаси ниҳоятда қийналган, оғир ҳолида ҳомила пайтида кўтариб юрди. Икки йил давомида эмизди. Менга, ота-онангга шукр қилгин! Албатта ёлғиз Ўзимга қайтарсан!» (Луқмон сураси 14) Аллоҳ таоло яна бир оятда шундай буюрган: «Биз Бани Исроилдан Аллоҳ таолодан бошқага ибодат қилмасликка ва ота-она, қариндош-уруғларга яхшилик қилишга... аҳднома олганимизни эсланг». (Бақара сураси 83). Абдуллоҳ ибн Аббосдан шундай ривоят қилинади: «Қайси бир мусулмон фарзанди савоб умиди билан эрталаб ота-онасини зиёрат қилса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар улардан бирини зиёрат қилса, унга жаннатнинг бир эшигини очади. Бола ота-онасидан қайси бирини хафа қилгудай бўлса, уни рози қилмагунича Аллоҳ таоло ундан рози бўлмайди», дедилар. Шунда бир киши: «Агар ота-оналар болага зулм кўрсатган бўлсачи?» деб сўради. Абдуллоҳ: «Агар улар болаларга зулм кўрсатган бўлса ҳам бола уларни ранжитмаслиги керак», дедилар. Расулуллоҳ ҳузурларига бир киши келиб, жиҳодга ижозат сўради. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Ота-онанг ҳаётми?», деб сўрадилар. У киши: «Ҳа, ҳаёт», дедилар. «Сен шу ота-оналаринг ҳақида жиҳод қил», дедилар. Яъни: «Ота-онангнинг кўнглини олиш учун жон-жаҳдинг билан ҳаракат қил», деганлар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим: «Қайси амал Аллоҳ таолога севимлироқ?» Айтдиларки: «Фарз намозларни ўз вақтида адо этмоқлик». Айтдим: «Сўнг қайсиниси?» дедилар: «Ота-онасига яхшилик қилмоқ». Сўнг дедим: «Яна қайсиниси севикли?» Жавоб қилдилар: «Сўнг Аллоҳ таоло йўлида жиҳоддир». (Бухорий ва Муслим ). Бу ҳадис аниқ шуни кўрсатадики, ота-онага яхшилик Исломдаги энг оғир ва шарафли вазифа бўлиш жиҳоддан ҳам олдин зикр қилиниб, афзал кўрилган. Ҳатто жиҳоддан ҳалок бўлиб кетиш эҳтимолига қарамай унинг мартабаси ота-онага қилинган яхши муомаладан кейинга қўйилишдан ҳам фарзанд олдида ота-она ҳақининг нақадар оғир эканлигини, агар шу ҳадис шарифларга биноан иш қилса, фарзанд қанчалик савобларга эришишини яққол билса бўлади. Жаноби Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннат ҳиди беш юз йиллик масофадан сезилади. Унинг ҳидини ота-онасига оқ бўлган, гуноҳкор ва қариндошларидан алоқасини узган киши билмайди», дедилар. (Табароний). Иккинчи ҳуқуқ: Ота-она ўзига тўқ бўлса ҳам уларнинг нафоқотини яхшилаш, нафақа бериб туриш, уларни сўрашга муҳтож қилмай ёки миннат қилмай иззат кўрсатишдир. Оталари заифлашган, қартайган вақтларида фарзандлари уларнинг ҳақини адо қилишларини Ислом биринчи ўринга қўяди. Ислом шариати қодир фарзандларига ожиз бўлиш ота-оналар ҳақини кафолатга олишга ҳукм этади. Ишни уларнинг ўзларига топширмайди, балки бу кафолат фарздирки, агар вақтида вафо қилмаса ҳам кейинчалик қазоси вожиб бўлади. Бола ота-онасига қанчалик эҳсон қилмасин, қанчалик ўзидан ортиқ кўрмасин, ҳеч вақт ўзи дунёга келишига сабаб бўлган мукофотни қайтара олмайди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Бола отаси мукофотини қайтара олмайди. Фақат отаси қуллик азобида юрган бўлса, фарзанд уни сотиб олиб, озод қилсагина мукофот бўлиши мумкин». Абу Бурда ибн Абу Муъаи ал-Ашъарийнинг айтишларича: «Абдуллоҳ ибн Умар бир яманлик киши ўз онасини елкасига опичлаб, хонаи Каъбани тавоф қилдириб юрганини кўрибдилар. У одам тинмай қуйидаги байтни ўқиб юраркан: «Онаизори учун бўйнини эккан теваман, Тева минган она ҳорисада, мен ҳоримам». У буни ўқиркан Абдуллоҳга қараб: «Эй, Абдуллоҳ ибн Умар. Мана шу хизматим билан мен онамнинг ҳаққини адо қила олдимми?» деб сўрабди. Абдуллоҳ ибн Умар: «Йўқ, бу хизматинг сени туғиш пайтида онангни қийнаб тутган тўлғоқларнинг биттасига ҳам тенг бўлолмайди», деди. (Бухорий). Учинчи ҳуқуқ шундан иборатки, фарзанд ота-она хизматида доимо шай туриши, ҳатто мушрик бўлсалар ҳам уларнинг розилигини топиши, вафотларидан сўнг шариат ҳукмига кўра ҳақларини адо этиши лозим бўлади. Шунга кўра ота-она томонидан яқин қариндошлик алоқаси бор кишилардан ҳам алоқани узмаслик вожиб. Яна ота-она ҳақларига ҳаёт вақтларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам дуода бўлиб туриш керак. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу муборак ҳадисларини келтирганлар: «Агар банда вафот этса, унинг савоб келтирадиган барча амаллари кесилади, лекин садақаи жория, манфаат берадиган илм ва унга дуо қиладиган фарзанддан кесилмайди», деганлар. Яъни, садақаи жория-оқиб турувчи садақа-Аллоҳ ризолиги учун ва кўпчиликка хизмат қилувчи масжид, мадраса, кўприк, йўл ва бошқа бинолар, жамият манфаати учун ёзиб қолдирилган илмий асарлар ва ўзидан кейин хайр-дуода бўлувчи фарзанди солиҳ қолдирган бўлса, ана шулар воситасидаги савоб вафотидан сўнг ҳам давом этади, деганларидир. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга бир киши савол қилиб: «Ё Расулуллоҳ! Ота-онамга вафотларидан кейин ҳам мен қила оладиган эзгу амаллар қолдими?» деди. Айтдилар: «Ҳа, тўрт хислат бор: улар ҳақига дуо қилиш, гуноҳларини кечмакни Аллоҳ таолодан сўраш, уларнинг насиҳат ва шаръий васиятларини бажариш, дўст-биродарларини иззат-икромда тутиш ва ота-она тарафидан бўладиган қариндошликни давом эттиришдир». (Имом Бухорий). Абдуллоҳ ибн Аббосдан келган бу ҳадисда айтилади: «Бир киши Расулуллоҳга: «Ё Расулуллоҳ! Онам вафот этди, лекин васият қилмади. Мен унинг номидан садақа берсам фойдаси тегадими?» деган эди, жаноб Расулуллоҳ: «Ҳа», деб жавоб қилдилар. (Имом Бухорий). Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам яна бир ҳадиси шарифларида равшанроқ қилиб: «Отангнинг дўстлигини риоя қил, Аллоҳ таоло сенинг нурингни ўчирмайди», деганлар. Яъни, бу отанг билан дўстлашган одамлардан алоқангни узма, деган сўз. Қариндош-уруғлар билан алоқадорликни сақлаш фазилати тўғрисида келган ривоятлардан бирида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ана шу табаррук сўзлари бор: «Кимни умрининг узайиши, ризқининг кенглиги ва ўлиш оқибатининг яхшиликча ниҳоятланиши хурсанд қилса, Аллоҳ таолодан қўрқсин ва қариндошлари билан алоқасини давом қилсин». (Имом Аҳмад). Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ушбу ҳадис келган: «Жаноб Пайғамбар айтадилар: «Ким ўз ризқи кенг бўлиб, ўзидан кейингилар хотирасида яхши ном қолдиришни истаса, туғишган биродарлари билан алоқани пайвандласин». Қариндошлари билан борди-келдини узган кишиларга Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг раҳматидан ва жаннатидан маҳрум қилиш билан қатъий таҳдид қилганларки, ҳатто «ўз қариндошларидан безган одам жаннатга кирмайди», деганлар. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам яна шундай марҳамат қиладилар: «Қариндошларидан безиш ва ҳақиқатга қарши чиқиш бу дунёда эгасига азоб-уқубатини тезлаштириб, охиратга ҳам жазонинг бир бўлагини тайёр қилиб қўйишга сабаб бўладиган гуноҳ ишдир». Фарзанд зиммасидаги ота-онанинг ҳақлари ана шу уч моддадан иборатдир. Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлар буюрганидек, Аллоҳнинг розилигини топаман, охиратда жаннатга кираман, деган ҳар бир фарзанд энг аввало ота-онасини рози қилиши, уларга меҳр-шафқат ва эҳтиром кўрсатиши, уларга осий бўлиб қолишдан сақланиши лозим экан. Айни пайтда Исломда оила равнақи йўлида фарзандлар зиммасига ҳам катта вазифалар юкланади. Ота-онани ҳурмат қилиш ва уларга меҳрибонлик кўрсатиш, катталарга иззатда бўлиш, жамиятдаги ахлоқ талабларига риоя қилиш ва ҳалол меҳнат билан шуғулланиш кабилар ана шулар жумласидандир. Хўш, фарзандларимиз ана шуларга жавоб бераяптиларми? Фарзанд хоҳ ўғил бўлсин, хоҳ қиз бўлсин-Аллоҳ таоло томонидан берилган буюк неъмат. Сарвари олам саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Фарзандлар жаннатнинг райҳонларидур», деганлар. Бу неъматни, гулу-райҳонларни авайлаб вояга етказиш, уни жамиятга муносиб киши қилиб тарбиялаш-ҳар бир ота-онанинг муҳим, энг долзарб иши дедик. Улар тарбияси ҳақида қайғурмаган, боласининг ёмон йўлга кириб кетишига томошабин бўлиб турган ота-оналар Аллоҳ таоло олдида ҳам, бандаси олдида ҳам жавобгардирлар. Энди атрофингизга бир назар ташланг: илму-ҳунарда, ахлоқу одобда намуна бўлаётган ёшлар жуда кўп. Бироқ айрим ёш-ёш фарзандларимиз боболари мерос қолдирган ахлоқ-одобни бутунлай унутиб юборишган. Ота-онага, катталарга ҳурмат нима, кичикларга меҳр-шафқат нима билишмайди. Ўғирлик қилиб бировни қонқақшатаётган ҳам, ота-онасига қўл кўтарган ҳам шулар. Илм олиш, фойдали касб-ҳунар қилиш ўрнига кўчаларда соатлаб тентирайдиган, текканга тегиб, тегмаганга кесак отадиганлар ҳам етарли. Бузуқлик кўчасига кириб, ҳали балоғатга етмай иффатини бой бераётганлар, жиноят қилиб қаммоққа тушаётганлар қанча! Жиноятчиларнинг аксариятини ўсмирлар, ёшлар ташкил қилаётгани ҳаммани ташвишга солмоқда. Нега шундай аҳволга келиб қолдик? Агар муаммога чуқурроқ назар ташлайдиган бўлсак, бунинг бир неча сабаблари кўзга кўринади. Энг аввало, фарзандлар тарбиясида ота-боболаримизнинг минг йиллик тажрибаларидан, Ислом талаб қилган тарбиядан воз кечганимиз ана шундай мусибатларга олиб келди. Сохта «мафкура»га қўл урган айрим кимсаларнинг «шарофати» билан халқимизнинг икки-уч авлоди Қуръон ва Ҳадис белгилаб берган ахлоқ-одоб қоидаларидан ажраб қолди, тарбия берувчиларнинг ўзи тарбияга муҳтож бўлиб етишди. Яна бир жиҳати ҳалол билан ҳаромнинг фарқи қолмади. Ноҳалол касб билан топилган таом еган мурғак вужуднинг келажакда ҳалол, одобли киши бўлиб етишганини ҳали ҳеч ким кўрмаган. Фарзандларида ахлоқсизлик, одобсизлик, қонун бузишлар илдизини уларнинг халқуми бузилганидан излаш керак бўлади. Агар халқумингиз покланмас экан, бор меҳрингизни, топган-тутганингизни сарфлаб тарбиялаган болангиз ота-онага бемеҳр, оқпадар, осий бўлиб улғаяди. Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилишларича ота-онасини норози қилиб, уларга оқ бўлган фарзандларга Тангри Таоло қиёмат куни раҳмат назари билан қарамайди, бундай тоифадагилар жаннатга кирмайдилар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган яна бир ҳадисда: «Ота-оналарининг кексалик вақтида ҳар иккисини ёки бири бўлганда бошқасини рози қилиб, жаннатий бўлиб ололмаган фарзанд хор бўлсин, хор бўлсин ва яна хор бўлсин», дейилган. Яна бир ҳадис шарифда эса: «Отага муҳаббатингни сақла, агар сен отага бўлган муҳаббатингни йўқотсанг, Аллоҳ сени турли файзлардан маҳрум қилур», деб таълим беради, бошқа бирида эса: «Жаннатга кираман деган одам оналарнинг розилигини олсин», дея марҳамат қилади. Хуллас, фарзандлар камоли ва тарбиясида ота-она нечоғли бурчли бўлса, фарзандлар ҳам ота-оналарини ҳурмат қилиш, уларга меҳр-шафқат кўрсатиш, яхши муомалада бўлиш, уларга итоатқилишга бурчлидирлар. Мана юқоридаги бобларда оилада ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабатларга батафсил тўхталиб ўтдик. Лекин оиладаги фароғат, осойишталик фақат ана шулар ёрдами билангина барқарор бўлмайди. Бу соҳада билишимиз зарур бўлган шариатнинг бир қанча талаб ва ҳукмлари борки, энди ана шуларни кўриб чиқамиз.