 Дадаси ёнбошлаган, Телевизор олдида. Тинмай босар пультини, Футболга оз қолди-да! DVDга диск қўйиб, Мода кўрар бекаси. Ажнабийча кўйлакнинг, Ўзи бўлар эгаси! Катта ўғил қўлидан, VIP телефон тушмайди. Ҳамкорлари хорижда, Савдоси ҳеч пишмайди. Эрка қизи пайдар-пай Жўнатади SMS. Хаёлида ўқишмас, 600-лик "Мерседес”. Компьютернинг ёнида, Кенжатойи эрта-кеч. Қулоғидан "наушник”, Ухласа ҳам тушмас ҳеч. Замонга мос барчаси, Ҳозир шундай-да замон! Фақат чол-у кампирлар, Ўзгармади-да ҳамон. Бозор чопар отахон, Кампир ўчоқ бошида. Қайнаб турса қозони, Бахт, дейди шу ёшида. Қийналганмиз биз, дея, Қийнамас ҳеч ёшларни. Ҳамон емай едирар, Лаган-лаган ошларни!..
|