Хитой ёшлар терма жамоаси ўз гуруҳида Саудия Арабистонини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратган эди. Чорак финалда Шимолий Корея Хитойни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратди ва Жаҳон чемпионатига йўл олди. Кабаев шогирдлари эса гуруҳ босқичида Шимолий Кореяни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратишган эди. Буни қаранг, биз, демак, Саудия Арабистонидан кучлимиз! Ҳа, тўғри айтасиз: бўлмаган гап. Ҳай, ким кучли эканлигини майдонда исботлаш керак. Йўқса, статистика билан ҳаммасини ҳал қилиш мумкин бўлганида-ку, биз ҳозир Вадим Абрамов устозлик қилаётган жамоа аллақачон Жаҳон чемпионатига чиқиб кетган бўларди. Шундай қилиб, Кабаев шогирдларининг Саудия Арабистонига қарши чорак финал ўйинини кўрмадим, денг? Ҳеч бўлмаса, бошини, мадҳиялар айтилаётган жойини кўриш керак эди. Салим Мустафоев деган боланинг: "...илму фан ижод!”, деган сўзлари эшитилиб қолди-ку! Бўларкану! Ўйинни биринчи бўлиб биз бошладик. Дарвоза томон биринчи, лекин ноаниқ зарбани ҳам биринчи бўлиб биз бердик – Павел Смольяченко баҳрайнлик ёшларга қарши ўйиндаги зарбасини такрорлай олмади. Буни қарангки, учрашувдаги биринчи голни ҳам биз урдик. Голни Павел Смольяченко киритмаган бўлса-да, унинг ҳисса кўп бўлди бунда. Тўпни қайтаришда саудиялик ҳимоячи жарима майдончаси яқинида хатога йўл қўйди. Унинг хатосини тўғирлашга ҳаракат қилган бошқа бир саудиялик эса Павел Смольяченкодан кўра сустроқ ҳаракат қилди. Тўпни эгаллаб олган Павел икки ҳимоячи қуршовида турган бўлишига қарамай, эътибордан четда қолиб кетган Абдумутолиб Абдуллаевни тўп билан таъминлади. Аслида бундай вазиятларда Абдуллаевдан кўра тезроқ ҳаракат қилиш керак, лекин Абдумутолиб тўпни тўхтатиб олиб, дарвоза томон қараб олиб, кейин зарба берди. Бахтимизга, гол – 1:0! Ўйинни кўрмадим, деганмидингиз? Терма жамоаларимизнинг сўнгги йилларда кучли жамоаларга қарши кўрсатган ўйинларини кўрибмидингиз ҳеч? Агар бирон марта кўрган бўлсангиз, демак, кўп нарса йўқотмабсиз. Ўша-ўша гап: нима учундир рақибнинг тўп оширишлари аниқ, нима учундир рақибнинг зарбалари хавфли, нима учундир улар бизнинг бир неча ўйинчиларимизни арзимаган ҳаракатлар билан алдаб кетаверишади, нима учундир тўни дарвоза тўсини ёки устуни билан фақат рақиб тўқнаштиради, нима учундир ҳакамлар ҳам келиб-келиб, озиб-ёзиб, саноқли ҳужумларимиздан бирини ташкиллаштираётган вақтимизда рақиб фойдасига хато қилишади, "чўрт пабери”. Бизда эса ҳар доимгидек дарвозабонимиз (1994 йили Шейкин, Японияга қарши 2008 йилги ўйинда Нестеров, ёшлар ўртасидаги ЖЧ-2009да Санжар Қувватов. Саудия Арабистонига қарши кечаги ўйинда Виктор Мочалов!) яримтадан ҳам кўпроқ жамоа; "Худога шукр-ей, ўн дақиқаси ўтдими? Қанча қолди? Тезроқ тугай қолмайдими”, деган гапларни такрорлаб ўтирамиз; тўп оширишларда аниқликдан кўра "брак” кўп; хуллас, кўзни қувнатадиганидан кўра кўзни қўл билан беркитадиган ҳолатлар кўпроқ-да. Бунақа ўйинни томоша қилиш саломатлик учун хавфли! Дарвозабондан ташқари қолган ярим (ёки чорак?) жамоа ҳимояда, қўрқинчли тарзда ҳаракат қилаётган бўлса, одам гол ўтказиб юбормасликдан кўра (гол уришни ўйлаш эсдан ҳам чиқиб қоларкан – футболми шу?!) охир-оқибат рақибнинг барибир гол уришига ишониб қоларкан одам. Ишонгинг келмайди, аммо рақибнинг тинмай ҳужум қилаётгани, тинмай зарба бераётгани, тинмай алдаб ўтаётганини кўриб, ишонмай бўладими? Ишонмасангиз ҳам бунақа жамоа барибир гол ўтказади. Ўтказарди. Бугун бўлмаса, эртага, Жаҳон чемпионатида. Шармандаларча. Лекин биз эртани кутиб ўтирмадик, кеча ўтказиб қўяқолдик. Учрашув тугашига 8 дақиқа қолганида Абдуллоҳ Отайф томонидан урилган гол қўлимизда омонат турган Колумбия йўлланмасини олиб қўйди. Қўшимча 6-дақиқасида Фаҳад ал Жаҳоний томонидан киритилган гол учрашув бошидан бери ҳисобда акс этмай турган Саудиянинг устунлигини таблога ҳам кўчириб берди. Биринчисига ҳимоядаги пала-партишлик сабаб бўлди, иккинчисига эса жисмоний тайёргарликнинг маромида эмаслиги ҳамда... хуллас, ҳали тайёр эмаслигимиз... Жаҳонийнинг голидан сўнг Исроил Эргашев бутун учрашув мобайнида Ўзбекистон терма жамоаси томонидан юзага келтирилган энг қулай имкониятни қўлдан чиқарди. Абдумутолиб Абдуллаевнинг ўнг қанотдан оширган тўпидан сўнг чап қанотдан ёриб кириб, бош билан зарба берган Исроилга ҳеч кимга ҳалал бермаганди. Зарба берилди ҳам. Аммо тўп, экрандан дарвозага кириб кетаётгандек кўринган бўлса-да, учрашувни томоша қилаётган ўзбекистонликларни ўрнидан турғазиб юборган бўлса-да, дарвозага кирмади. Ноаниқ зарба... Мираброр Усмонов ЎФФ президенти лавозимини эгаллаганидан бери биринчи марта терма жамоа олдига вазифа белгилаб қўйганди. Марат Кабаев қўл остидаги жамоага келаси йили Колумбияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш вазифа қилиб берилганди. Бахтга қарши, гуруҳ босқичида учта ғалаба билан, дарвоза даҳлсизлигини сақлаб қолиш билан Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиб бўлмайди. Энг асосий ўйинда ғалаба қозониш керак, энг асосий ўйинда ҳужум қилиш керак, энг асосий ўйинда гол уриш керак. Тамом. Тамом, вазифа бажарилмади. Аслида бу ҳам янгилик эмас. Вазифа ҳеч қачон бажарилмаган. Лекин умид тирик. Ҳали ҳам тирик. Осиё чемпионати U-19 ЎЗБЕКИСТОН – САУДИЯ АРАБИСТОНИ – 1:2 (асосий вақт – 1:1) Голлар: Абдумуталлиб Абдуллаев 7, Фахад ал Жоҳаний 95 - Абдуллоҳ Отайф 82 Огоҳлантиришлар: Абдуллоҳ Отайф 26, Абдуллоҳ ал Хафит 85 – Егор Кримец 45, Павел Смоляченко 60 Ўзбекистон: Виктор Мочалов, Салим Мустафоев, Фаррух Нурлибоев, Владимир Козак (Бекзод Мирҳайдаров, 78), Абдумуталлиб Абдуллаев, Мирғиёс Сулаймонов, Тимурхўжа Абдухолиқов (Сардор Мирзаев 91), Павел Смоляченко (Жавлон Гусейнов 104), Акбар Исматуллаев, Исроил Эргашев, Егор Кримец. Саудия Арабистони: Абдуллоҳ ас Сдайрий, Абдуллоҳ ал Хафит, Яҳё Дагририй, Иброҳим ал Иброҳим, Маан Султон (Абдулелоҳ ал Нассор 58), Али ал Зубайдий, Абдуллоҳ Отайф (Абдулазиз ал Азмий 100), Мотаз Хавсавий, Ёсир Ҳусайн (Фахад ал Жоҳаний 73), Ёсир аш Шаҳроний, Хатан Бахбир. Ҳакам: Муҳсин Туркий (Эрон) «Зибо». 5200 томошабин.
|