Мисрда бўлиб ўтаётган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ҳам охирлаб бормоқда. Ярим финалда амалдаги финалчиларга мағлуб бўлган Венгрия ҳамда Коста Рика терма жамоалари учинчи ўрин масаласини ҳал қилиш учун майдонга тушишди.
Ўйинга қисқача тўхталадиган бўлсак, учрашувда иккала томон ҳам бир-бирига муносиб рақиб эканлигини исботлаган ҳолда тўп суришди. Биринчи бўлимда кўпчилик кутганидек шиддатли вазиятлар содир бўлмади. Навбатма-навбат жамоалар ҳужумлар уюштириб туришди. Лекин ҳужумларнинг кескинлиги голга тортмас эди. Барча иккинчи бўлимни кутаётганлиги билиниб қолди. Иккинчи бўлимда Венгрия термаси асосан тактик футбол намойиш этган бўлса, Коста Рика терма жамоаси вакиллари уюштирган ҳужумларнинг аксарияти тезлик ва шижоатнинг ҳисобига амалга оширилди.
Ўйиннинг сўнгги дақиқаларига бориб европалик футболчиларнинг устунлиги сезила бошланди. Балки жисмоний тайёргарлик ўз сўзини айтгандир. Кетма-кет берилган зарбалар омад туфайли КОНКАКАФ минтақасидан ташриф буюрган футболчиларнинг дарвозаларига бориб тушмади.
Қарши ҳужум уюштиришга қулай фурсат пойлаётган Коста Рика ёшлари ниятларига етишди. 81-дақиқада уюштирилган қарши ҳужум Маркус Уренанинг саъй-ҳаракатлари эвазига Питер Гуласки дарвозаси ишғол қилинди - 0:1.
Голдан сўнг, венгрияликлар ҳужумлари янада кескинлашди. Уларнинг олдинги учрашувлардан иродали эканликларини кўрган эдик. Бу сафар ҳам улар ўз иродаларини намойиш этдилар. Учрашув якунланишига 1 дақиқа қолганида венгрияликлар ҳужум уюштиришди. Дарвозабон билан деярли яккама-якка чиққан ҳужумчини Хосе Мена қоидага зид равишда чалиб йиқитди ва ҳакам ҳеч иккиланмасдан пенальтини кўрсатди. Бунга қўшимча равишда Менага иккинчи огоҳлантиришни кўрсатиб уни майдондан четлатди. Нуқтага мундиал давомида ўзининг ажойиб ҳаракатлари билан барчанинг диққат-эътиборини ўзига қаратган Владимир Коман яқинлашди ва совуққонлик билан зарба берди. Унинг зарбасини қайтаришга Эстебан Элварад ожиз эди - 1:1.
Мусобақа низомига кўра, 3-ўрин учун курашда томонлар дуранг натижа қайд этишса, 15 дақиқадан қўшимча бўлимлар бўлмайди ва дарҳол пенальтилар сериясига ўтилади. Чунки, 3-ўрин учун кураш муҳимлилик даражаси бўйича финал, ярим финал, чорак финал ўйинларидек эмас. Демак, ўйин вақтини чўзишдан маъно йўқ. Пенальтилар серияси эса бироз ғалатироқ кўриниш олди.
"Лоторея"ни Коста Рика терма жамоаси бошлаб берди. Тўпга биринчи бўлиб шу куни фаол ҳаракат қилганлардан бири - Диего Эстрада яқинлашди. Унинг кучли зарб билан тепган тўпи дарвоза тўсинларини зир титратди - 0:0. Венгрияликлардан эса мусобақа тўпурарларидан бири Кристиан Немет бошлаб берди. Унинг берган зарбасини дарвозабон қайтаришга ожиз қолди - 1:0. Иккинчи зарбани бериш учун энди нуқтага Коста Рика термаси вакили 12-рақамдаги Кристиан Гамбоа яқинлашди ва унинг зарбаси антиқа услубда амалга оширилди. Тотти ва Пирло ўзлаштирган услубни Гамбоа ҳали яхши ўзлаштирмагани маълум бўлди - 1:0. Венгрияликлар сардори, ўйиндаги ҳисобни айнан пенальтидан тенглаштирган Коман кутилмаганда пенальтини ноаниқ амалга оширди - 1:0. Эстебан Луна ҳам аввалги жамоадошлари сингари дарвозани ишғол қила олмади. Дарвозабон қаҳрамонлик кўрсатиб тўпни қайтариб юборди - 1:0. Иккинчи бўлимда майдонга тушган Роланд Варга ниҳоят пенальтидан қандай фойдаланиш кераклигини барчага кўрсатиб қўйди - 2:0. Ҳал қилувчи зарбани бериш учун Коста Рика вакили Карлос Эрнандес нуқта сари юриб келди. Агар у дарвозани аниқ нишонга ола билганида пенальтилар серияси давом эттириларди, аксинча бўладиган бўлса, венгрияликлар зарба беришларидан маъно қолмасди. У ҳам барчани ажаблантириб зарбани тўппа-тўғри дарвозабонга тепди ва Венгрия ёшлар терма жамоаси Мисрда бўлиб ўтган мундиалда 3-ўринни қўлга киритдилар.
Венгрия - Коста Рика 1:1. Пенальтилар бўйича 2:0 Голлар: Владимир Коман 90+1 (пен) - Маркус Урена 81 Ҳакам: Юичи Нишимура (Япония) Венгрия: Питер Гуласки, Янос Сзабо, Андрас Дебрецени (Адам Балахти 83), Цолт Корксмар, Владимир Коман, Андрас Симон (Роланд Варга 46), Адриан Цекерес, Бенс Замбо, Адам Симон, Андрас Гоцтонйи, Марко Футакс (Кристиан Немет 19). Коста Рика: Эстебан Элварад, Хосе Мена, Рой Смит, Маркос Урена, Девид Гузман (Эстебан Луна 77), Диего Эстрада, Диего Мадригал (Аллен Гуевара 58), Кристиан Гамбоа, Брайн Овиедо, Хосе Мартинез, Даниэл Варела (Карлос Эрнандез 63). Қоҳира Халқаро ўйингоҳи.
abrorjon alimov
|