
Ҳамма соҳада жадаллик ва шиддат ила ривожланиш бор. Буни тан олмаслик, катта хато. Айниқса санъат соҳасида. Клипларни айтмайсизми, клипларни. Ҳар куни мана ман деб биттаси эфирга чиқиб турибди-да. Қойил-е, яшавор шаввоз, деворгим келади, баъзиларини кўриб. Бугун бундан ўзга чорам ҳам йўқдай, гўё. Куни билан клипларни кўришга аҳд қилдим. Нега дейсизми? Уйга келган меҳмонжоним фақат клип кўрар экан. Хуллас, қарашлар, танқидлар, таҳлилларни бошладик.
Кимнинг дивани зўр!
Клипларда ҳамма яхши нарсани яъни ҳар ким ўзича чиройли уй, либос, уй анжомларни кўрсатишга ҳаракат қилади. Машиналарни-ку, айтмасак ҳам бўлади. Кимнинг машинаси зўр, деган ким ўзар ортида югуришса кераков хонандаларимиз. Баъзи клипларни оила даврасида кўриб бўлмайди. Қизларнинг беҳаёларча қилпанглашидан уялиб кетасан киши. Уларни қораламоқчи эмасман ҳарқалай интилшяпти. Диванда ётишни эса жуда яхши кўришади-да, шу қўшиқчилармиз. Эркакми, аёлми хонанда борки, диванда ястаниб ётишади. Лекин уларга қойилман-е. Мен ҳам диванда ётиб қўшиқ айтиб кўрдим. Овоз зўр чиқарканда. Энди билдим, диванда ётиш сирини. Дивани йўқлар кучукчанинг орқасидан югуриб ҳам қўшиқ айтиб ётишибди. Қаландарни клипини кўрдингизми. Даҳшат! Машинага миниб олиб "Техас” деган чўлга бориб қолди. Шу чўлда куйиб-пишиб куйлади, бечора. Менга айтганида-ку, ўзимиздаги Мирзачўл деган жойга олиб борардим. Ортидан ундан ҳам даҳшатли клип бошланди. Ўзи буви бўлиб қолган хонандамиз ёшларга ўхшаб сакраб қўшиқ куйлай бошлади. Аммо, шу гавда билан сакраб чарчамаганига қойилман-е. Сакраб-сакраб охиригача муҳаббатидан нолиди, ўзиям. Яна бир хонандамиз чет элларга бориб "Ойша” деб бақириб юрди. Бу қўшиқни илк бора тинглаганимда кўз ўнгимда иболи бир қишлоқ қизи гавдаланганди. Ҳа, бу гапимни эшитиб замондан орқада қолганда барибир дегувчилар ҳам бор. Клипни кўриб хафсалам пир бўлди. Қўшиқ тугугунича бақирди-я, йигит шўрлик. Охири йиғлаб ўтирган ҳолда Ойшани топиб олиб қучоқлашиб олгач, хайрият-е, дедим. Иккита йигит чиқиб олиб бир йигитнинг кетма-кет қизларни алдаганини айтиб қўшиқ қилиб куйлаб, клип қилиб чиқишибди. Яна биттаси кечаси билан уйида дискотекадаги севгилисининг хаёли билан банд ўтирибди-я. Эй, йигитмисан, эркак бўл, дегим келди, шу пайтда. Қиз ҳам бамайлихотир дискотекада "мазза” қилиб юрибди. Бу билан қизлар дискотекага бемалол бориб, йигитлар уйда ўтириши мумкин деб тарғиб қилишмоқдами? Ёшларнинг маънавиятини юксалтириш керак, дея мудом бонг урамиз. Демак, клип дегани ҳам маълум бир маънода тарбиявий аҳамиятга эга бўлса мақсадга мувофиқ бўлармиди?! Лекин шу дискотека тасвирида клип олиш жудаям урф бўлиб кетябди-да. Лекин ана шу зормонда жой барча ёмон иллатларнинг макони эмасмикан?! Буниси ҳам майлику-я, энди омборда ҳам қўшиқ куйлашадиган бўлишибди. Омборда-я! Яна устидаги кийимларини айтмайсизми. Ҳа, барака топкур ўн метр матони ортингдан судрагунча, кий ўзимизнинг ярим метр атласдан куйлак дегим келди. Фазога интиладиганлари ҳам бор. Қўшиқ мазмуни умуман бошқа нарса улар фазогирга ўхшаб кийиниб олишиб клипнинг охиригача парвоз қилиш билан банд.
Клипларнинг яратилгани яхши. Лекин, қўшиқ мазмунига қаралмаса, уларнинг нима кераги бор? Агар овозсиз кўрилса, кўпчилигини умуман қўшиққа тескари маънода тушуниш мумкин. Ишонмасангиз клипни овозсиз кўринг... бу жаҳон стандартига мос ҳолат дея оғзимга урушингиз мумкин. Лекин ҳар нарсанинг меъёри бўлгани яхши-да.
Сериаллар ёки кинолар
Яхшиямки, шу кроейс сериаллари бор экан. Бўлмаса, клип ғояларини қаёқдан ҳам олишарди. "Қиш сонатаси” деган корейс сериали йилда икки мартадан қўйилади. Зўр муҳаббат тасвирланган серилда, ўзиям. Мана янги чиққан хонандамиз худди ўша сериалнинг бош қаҳрамони "Жунг Сан” бўлиб чиқиб қўшиқ айтиб ўтирибди. Клипида ҳам Жунг Сан шарфини боғлаб олиб анча сарсон бўлиб юрди. Майли, бунисига ҳам чидаш мумкин. Шоколадга ювинувчи хонандамизни айтмайсизми? Ҳинд сарисида ҳиндча оҳангда ўзбекча қўшиқ куйлаб, худди ҳинд киноларидагидек йигит билан қувлашмачоқ ўйнаб юрибди. Йигит бечора уят бўлса ҳам айтай клипни охиригача қизни кийимидан ториб ечолмай овора бўлди. Бу билан у нима демоқчи?! Наҳотки шундай маданияти кучли халқ бўла туриб, қайсидир миллатнинг маданиятига сиғинишимиз, ёки уни ўзлаштиришимиз керак. Бизда айтиладиган, ёки муҳаббатни акс эттирадиган тушунчалар йўқми?! Корейс ёки ҳинд миллатига ўзбекона хаёмиз, урф-одатларимизни ўргатиб қўйишимиз керак, шекилли.
Баъзи клипларни кўриб чет эл киноларидан ўғирланган ғояларни сезиб қолади киши. Қаердадир кўргандай бўлади одам. "Аватар” фильмига ўхшаш клип шунга мисол бўла олади.
Сўнгги ютуқ Ҳамма клипларни ёмонга чиқариб ташлаш ниятидан йироқман. Лекин камчиликларни ўз вақтида тўғирлаш керак. Мана, Равшан Комиловнинг клипини олайлик. Оила даврасида кўрадиган клип. Битта қўшиқ асосида бутун бир хаёт кўрсатиляпти. Яшавор, Равшанжон дегим келди.
Синчалак
darakchi gazetasi
|