
Пайшанба куни Турк ҳукумати мамлакат ҳудудида Youtube видеохостинги фаолиятини тўхтатишга қарор қилди.
Ушбу қарор Туркия қуролли кучлари ҳамда сиёсий лавозимдаги шахслар йиғилишидан бир неча соат ўтгач, мамлакат телекоммуникация департаменти томонидан қабул қилинди.
Маълум бўлишича, Суриядаги вазият муҳокама қилинган ушбу йиғилиш туширилган видео тасвир youtube’да пайдо бўлган. Унда Сурияга қуролли ҳужум қилиш тўғрисида гап кетган.
Туркия ташқи ишлар вазири Ахмет Давутоглунинг айтишича, ушбу видео яхшигина ўзгартирилган яъни монтаж қилинган. Мамлакат телекоммуникация департаменти сайтида қолдирилган хабарда ёзилишича, youtube’га қарши маъмурий чоралар кўрилади ҳамда хостинг вакиллари билан уни тўхтатиш бўйича музокаралар олиб борилади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Туркия ҳудудида яна бир машҳур ижтимоий тармоқ Twitter’га кириш йўллари ёпилди.
|