
Ўтган
йили ҳаммани ҳайратда қолдириб дабдабали тўй қилган ва миш-мишларга чек
қўйган Шароф Муқимов ва Севинч Мўминова айни пайтда янги меҳмоннинг
ташрифини ҳаяжон билан кутишмоқда. Улар таҳририятимизга кириб
келишганда, бахтдан чақнаб турган кўзларидан бу бахтиёр жуфтликка ҳавас қилиш мумкинлиги аён бўлди. Суҳбат чоғида эса бунга яна бир бор амин бўлдик.
– Севинч, айтинг-чи, ҳомиладорлик даври сизда қандай ўтяпти? Токсикоз деган муаммо бўлади... –
Йўқ, Худога шукур, менда бундай ҳолат бундай бўлмади. Опам ҳам, онам
ҳам бўлмаган. Лекин бошида шамоллаганим учун иситмалаб, уч ойча бироз
қийналдим. Ҳозир яхшиман. Фақат сал оғирроқ бўлиб қолганман. Оғир оёқ
деб бекорга айтишмас экан (кулади). Шароф: – Фарзандимиз спортчи бўладими дейман, ҳалитдан онасини қийнаяпти. Роса тепади. – Она бўлишга қандай тайёргарлик кўряпсиз? Севинч:
– Ҳозирдан меҳрим баланд. Бола эшитади дейишгани учун эркалайман.
Хурсандман, бахтлиман. Бу кунларни жуда орзу қилгандим. Орзуимга
етказгани учун Худога шукур. Оналик бахти бизга ҳам насиб қилсин. – Ҳомиладорлик ҳақидаги китобларни ҳам ўқияпсизми? – Албатта, ўқияпман. Гимнастика қиляпман. – Бундай пайтларда аёлларнинг юзида ўзгаришлар бўлади. Кўз тегмасин, сиз ҳали ҳам ўшандайсиз. Юзингиз тиниқ. – Тўғри, баъзиларнинг юзини доғ босади. Менда бундай бўлмади. Фақат семирдим... (кулади) Шароф: – Эр-хотин семира бошладик (кулади). Севинч: – Бола талаб қилади-да. Иштаҳаси зўр. Сизга ўхшайди, дейман. Майли, полвон туғилсин. – Шароф, сиз оталикка қандай тайёрланяпсиз? – Исм қидириш билан овораман. Ҳар куни ўйлаб юрибман. Севинч: – Исмини ўзим қўяман деб туриб олганлар. Бошда талашдик, иккаламиз қўямиз дедим. Йўқ, дадам қўйган деб фахрланиб юради, дейдилар. Шароф: – Бола катта бўлганда, "Исмингни ким қўйган?” деб сўраса, "Дадам” деса, бошқача-да. – Ижод қандай кетяпти? Барибир, жим ўтирмаётгандирсизлар? Севинч: – Фарзандим туғилгунча янги альбом чиқармоқчиман. Чунки ундан сўнг қийинроқ бўлади. Формага келганимдан кейин эса клип оламан. – Янги қўшиқлар ёзяпсиз. Қайси бирини хит бўлиши мумкин деб айта оласиз? –
Буни олдиндан айтиш қийин. Баъзида меҳр бериб, кўп ишлаган қўшиғингиз
хит бўлмай, унчалик ёқмаган қўшиғингиз хит бўлиб кетади. Шу боис
санъаткор бир нима деёлмайди, буни халқ белгилайди. Санъаткор ҳар бир
ижод намунасини яхши кўради. Халқ эса танлаб ёқтиради. – Икковингиз ҳам кинода суратга тушмоқчи эдинглар? – Ҳа, ҳозир ҳомиладор аёл ролида ўйнашим мумкин (кулади). Шароф:
– Айни пайтда жуда кўп режиссёрлар қўнғироқ қилиб, кинога таклиф
қилишяпти. Айнан иккимиз ўйнашимизни хоҳлашяпти. Вазиятни
тушунтиргандим, афсусланишди. Бурҳон ака эса ҳатто "Майли, кутаман”
дедилар. Ўзим ҳам кино оламан деб жар солгандим. Ўша сценарий турибди.
Насиб қилса, рафиқам билан бирга олиш ниятим бор. – Фильмда Севинч қандай ролни ижро этади: маҳбуба ёки рафиқа? – То маҳбуба бўлгунга қадар роса азоб берадиган эркатой қиз ролини. – Бу ҳаётга ҳам яқинга ўхшайди, шекилли? Севинч: – Қийнамаганман (кулади). Шароф: – Худога шукур, осонгина ўтганман. Севинч: – Ҳозир хафалашиб қолсак, қийнайман (кулади). – Ким биринчи кечиради? –
Бараварига. Баъзан қўпол ҳазил қилиб юборадилар, шунга хафа бўлиб
қоламан. Бошида сира ҳазм қилолмасдим. Хафа бўлсам, "Кўнглингиз жуда
нозик-да” дейдилар. Ҳозир ҳазилларига анча ўрганиб қолганман. Одамлар
олдида ҳазил қилсалар, чиндан ҳам шундай экан деб ўйлаши мумкин-да. Ҳар
гал "Бундай ҳазил қилманг, бошқалар тушунмайди” деб айтаман. Хўп
дейдилар-да, яна эсларидан чиқиб қолади. Мана, бугун бўлган воқеа.
Шифокор ҳузурига бордик. "Камроқ ухлаш керак, хамирли овқатлар камроқ
ейиш керак” деб шунга ўхшаш маслаҳатлар бераётганди, бу киши "Эрига
яхшироқ қараш керак, шуниям айтиб қўйинг” деб қолдилар. Бу гапни
эшитганлар "Севинч эрига қарамаётган экан” деб ўйлайди. Ҳамширалар ҳам
шубҳали қарашди. Ҳазиллигини билишмайди-да. Ҳар доим "Ҳазил
қиляптилар-да” деб кулардим, бу гал жиддий қиёфада чиқдим. Яхшироқ
аразлай, эсларида қолсин дедим-да, уйга боргунча бидирлаб кетдим. Хафа
бўлишни ҳар доимгидан узоқроқ чўздим. Охири мўлтираб қараб, "Бўлди, хўп,
кечир” дедилар. Одамнинг раҳмини келтириб қарашга усталар. Нима
қилсаям, уста актёр-да. – Жаҳли чиққанда қандай? – Бошида жаҳли чиққанда, негадир кулгим келарди. Кўз-кўзга тушса, бўлди. Шароф: – Иккаламиз жаҳлимиз чиқиб, бир-биримизга шундай қарашимиз билан кулиб юборамиз. – Севинч қандай таомларни яхши тайёрлайди? – Ошни яхши дамлайди. Озарбайжонча таоми ёқади. Севинч: – Озарбайжонча дўлма. Помидорнинг ичига ҳам қийма солинади, бақлажоннинг ичига ҳам. Ассорти қилинади. – Бу майда ишдан зерикмайсизми? – Йўқ, жуда осон, тез бўлади. – Уй юмушларидан қайси бирини унчалик хушламайсиз? –
Илҳом келганда, ҳаммасини ҳам тез-тез қилиб кетавераман. Буниси ёқади,
буниси ёқмайди демайман. Лекин ҳар икки кунда қиладиган ишим – ваннани,
ойнани ялтиратиш. –
Севинч, саволим учун узр, бундан икки йилча аввал сиз ҳақингизда
самарқандлик йигитга турмушга чиқяпти деган гап тарқалганди... –
Тўғри. Қиз болага ҳар хил жойдан чиқади. Кўпроқ Самарқанддан келган.
Ҳавас қилишган. Уйланаман деб юрган. Уйидагилар мени яхши кўришарди.
Лекин у менинг дидимдаги йигит эмасди. Мана менинг дидим (Шарофга қараб
кулади). Буларга тенг келадигани йўқ. – Аёл бахти оила билан дейишади. Сиз буни қандай ҳис қиляпсиз? –
Мен ҳамма қизларнинг мен каби бахтидан кўнгли тўлишини тилайман. Ҳамма
оилали аёлларни бахтли деб айтолмайман. Бахтли бўлолмаслигига ҳар хил
сабаблар бўлиши мумкин. Ҳамма эркаклар бир хил ёки ҳамма аёлларнинг
оиласидан бирдек кўнгли тўляпти ҳам деёлмайман. Чунки бу ҳаёт. Кимнидир
бу томондан сийласа, у томондан сиқади. Кимнидир бу томондан сиқса, у
томондан сийлайди. Аммо ҳамманинг бахти меникига ўхшашини тилардим. Нима
учун? Биринчидан, севиш керак. Эр тушунадиган, қадрлайдиган бўлсин.
Биринчи навбатда, вафодор бўлсин. Мен бевафоликни умуман кечиролмайман.
Тавба қилдим, Худо сақласин. Ҳатто ўнта болам бўлса ҳам, кечиролмайман. – Шароф, эшитяпсизми? – Феъли меникига ўхшайди-да (кулади). Севинч:
– Менга доим "Ҳамма нарсага яхши кўз билан қарагин. Камчилик
қидирмагин, яхши томонларини кўриб, ёмон томонига кўз юмгин”, деб
уқтиришган. Чиндан ҳам, одам бу шиорга амал қилса, хурсанд ва бахтли
юраркан. Ҳаётда бир томондан қийналганда, мана бу томони яхши-ку, деб
шукур қилиб яшаш керак. Ҳаммаси ҳам зўр бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун
ҳар доим яхши томонини кўриш, ёмонини унутиш керак. – Шароф, биз Севинчни эрка қиз деб биламиз. Сиз уларнинг эркаликларини қай даражада кўтаряпсиз? – Оилада мен ҳам эркатой бўлганман. Иккита эркатой худди ёш болалардек гаплашамиз. Севинч:
– Бошида бироз қийин бўлди. Мен бу кишининг эркаликларини кўтаролмаган,
булар меникини кўатролмаган пайтлар бўлди. Кейин келишиб олдик. Чунки
ўхшаш жиҳатларимиз кўп. – Бир-бирингизга бағишлаб қўшиқ яратдингизми? Севинч:
– "Сен бу мен, мен бу сен” деган қўшиқни куйладим. Ҳамма сўзлари бу
кишига аталган. Эшитган одам дарров билади. Шаҳноз ёзиб берди. – Шароф, сиз қачон айтмоқчисиз? – Мен энди нечта қўшиқ ёзсам, фақат унга атаб куйлайман-да. – Рўзғор ишларида қандайсиз? Бозор-ўчарни ўзингиз қиласизми? –
Ҳозир ўзим қиляпман. Савдолашишни анча ўрганиб қолдим. Анча
савдолашаман. Сотувчилар ҳам энди нарх-навонинг тўғрисини айтадиган
бўлишди. Мен ҳам анойи эмасман-ку. Буниси қиммат айтса, наригисидан
бориб олишим мумкин. – Уй ишларида Севинчга ёрдам берасизми? – Йўқ, мен эркаклар қиладиган ишни қиламан (кулади). Севинч:
– Тўғрисини айтинг. Битта чўпни бу ердан олиб, нариги ёққа қўймайдилар.
Ҳатто телефон "зарядкаси” нариги хонада турган бўлса ҳам, туриб олиб
келишга эринадилар. Атай инқиллаб тураман-да, "Бунча мени қийнайсиз?”
деб норозиланиб қўяман. Шароф: – Шифокорлар кўпроқ ҳаракат қилиши керак деб айтишган-да (кулади). – Нима учун қарашмайсиз: ғурурингиз йўл қўймайдими? –
Йўқ. Бизда ўзбек аёллари эрларига кўпроқ хизмат қилишади-ку. Эркаклар
шунга кўникишади-да. Мен ҳам уйланмасимдан олдин дўстларимнинг уйида
бўлганимда, уларга ҳавас қилардим. Хотинлари келиб туфлиларини артиб,
костюмларини кийдириб: "Соғ-саломат бориб келинг” дейишса, қандайдир
орзиқиб кетардим. "Менга ҳам шундай рафиқа учрасин” деб ният қилардим.
Ҳозир шулар эсимга тушади-да, бемалол иш буюраман (кулади). – Мухлисларга тилакларингиз. Шароф: – Бўйдоқларга тезда уйланишларини, турмушга чиқмаган қизларга яхши
жойлардан совчи келиб, турмушга чиқишларини тилайман. Хонадонларидан
тинчлик, даромадларидан барака аримасин. Севинч: – Аёллар эридан, эрлар аёлидан мамнун бўлиб яшасин. Шароф: – Юртимизда ҳеч қачон ажрашиш бўлмасин. Суҳбатдош: Комила НОСИРОВА mega-shou.uz
|