
Саудия Арабистони ҳожиларга иҳромнинг янги, махсус турини таклиф этмоқда. Пайшанба куни www.rian.ruнинг «Ар-Риёд» газетасига таяниб берган хабарига кўра, илк бор жорий этилаётган мазкур иҳром Аллоҳнинг меҳмонларини жазирама қуёшдан сақлайди.
Газетада ёзилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган янги иҳром қиролликнинг бош муфтийси томонидан тасдиқланган бўлиб, уни ҳаж арконларини адо этиш пайтида кийиб юриш жоиз эканлигига фатво берилган.
Маълумки, ҳожилар иҳромда бўлиш учун тикилмаган, бичилмаган икки бўлак оқ матога – изор ва ридога ўралиб юришлари керак. Изор белга боғланиб, оёқларни ўраб туради, ридо эса елкага ташлаб олинади. Мазкур хабарга кўра, ридо ҳожиларнинг елкасини тўлиқ тўсиб турмайди, шунинг учун ҳар ҳаж мавсумида 60 мингга яқин кишининг териси куйиб қолади.
Иҳром барча мўминларнинг Аллоҳ Таоло наздида тенглиги, бирлигининг рамзий ифодаси бўлиб, иҳромда юрган ҳожи дунёвий лаззатларни ўзига ҳаром қилиб, моддий ва маънавий дунё бўсағасида туради. Иҳромдан чиққан мусулмонлар гўё Аллоҳнинг даргоҳидан қайтиб, яна бу дунёнинг ўткинчи қувончу ташвишларига қайтгандек бўладилар.
Саудиялик ҳаж ходимлари таклиф қилаётган янги иҳромни кийиш мажбурий эмас, бироқ у ҳожиларни Маккаи Мунаввара ҳамда Мадинаи Мунавваранинг жазирама қуёшидан – Росуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг елкаларига, асҳоби киром розияллоҳу анҳумнинг елкаларига тушиб турган табаррук нурдан сақлаши мумкин