Муҳаммад - Британияда энг машҳур иккинчи исм! Агар Муҳаммад исмини инглиз тилида ёзишнинг 14 шаклини жамлаганда, ўтган йили 5991 чақалоққа ушбу ном берилган, энг кўп берилаётган номлар орасида Томасни учинчи ўринга, Жошуа ва Оливер номларини яна пастга туширган, деб ёзади Times. Тадқиқотчиларнинг билдиришларича, мусулмонлар учун муборак исмнинг машҳурлиги сабаби - тобора кўпроқ мусулмон ёшлар оила қурмоқдалар ва Муҳаммад Пайғамбар шарафига ўғилларини Муҳаммад деб атамоқдалар. "Мусулмон ота-оналар ўзларининг динига ёки Пайғамбарга боғлиқликларини намойиш этишни хуш кўрадилар", - дейди Ворвик Университети профессори Муҳаммад Анвар. Times газетасининг ёзишича, Британиянинг Миллий Статистика Идораси Муҳаммад исмининг 14 шаклда ёзилишини жамлаганда энг машҳур номлар орасида иккинчи ўринни эгаллаган. "Агар машҳурлик шу даражада ўсишда давом этса - ўтган йили ўсиш 12 фоизни ташкил этган - исм шу йил охирида энг машҳур биринчи ўринни эгаллайди. У илк бор 2000 йилда энг машҳур 30 ном рўйхатига кирганди", деб ёзади британ рўзномаси. Британияда оилаларнинг қаердан эканлиги ва талаффуз қилишларига боғлиқ ҳолда Муҳаммад исмини лотин ҳафрларида турлича шаклда ёзишади. "Муҳаммад исми араб тилида "энг кўп ҳамд айтувчи" маъносини англатиб, кўпинча болаларнинг асл исмидан олдинги шарафли исм сифатида қўйилади. Жаҳонда бу исм энг кўп тарқалган исм дейилади, лекин бунинг аниқ тасдиғи йўқ", деб ёзади Times рўзномаси. Лондон шимоли-ғарбидаги Финчлей масжидининг собиқ имоми Абдул Барокатуллоҳнинг айтишича, "ўғлининг исми Муҳаммад бўлган ота-оналар бу исм боланинг шахсиятига ва келажакда ижобий таъсирга эга бўлишига ишонадилар". Британияда мусулмонлар аҳолининг 3 фоизи, қарийб 1,5 миллион кишини ташкил этади. Бироқ мусулмонлар орасида туғилиш мусулмон бўлмаганларга нисбатан уч баравар кўп. 2006 йилда мусулмон оилаларда дунёга келган қизалоқлар орасида энг машҳур исм - Аиша(Ойша) бўлипти. Бу исм жами исмлар орасида 110-ўринда.
|