Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков яқинда Москва гастрол сафаридан қайтди ва таассуротларини бизнинг сайт билан бўлишди:
-Кутмагандим, бундай бўлишини. Шунча мухлисим
чипта харид қилиб концертимга ташриф буюради деб ўйламагандим. 1000
кишилик сарой лиқ тўлган бўлса, кўчада яна шунча одам қолиб кетганини
айтишди.
Маълумотларга қараганда, хонандани кўриб, олд
қаторларда ўтирган аёллар соғинч кўз ёшларини тия олмаган. Саҳнада
куйлар экан, Озодбекка хатлар ёғила бошлаган. Улардан бири рус
миллатига мансуб томошабиндан етказилган бўлиб, унинг Озодбек ҳақида
кўп бора эшитгани, одамлар Назарбековни ҳатто ўз ака-укасидек, фарзанди
каби суюшлари ҳақидаги гапларга ишонмай, агар бу ҳақиқат бўлса, бу
қандай санъаткор эканлигини, нега уни шунчалар севишларига ўз кўзи
билан амин бўлиш учун келганини ёзган. Яна бир мактубни озорбайжонлик
мухлислар ёзиь, унда Озодбекнинг озорбайжон тилида ҳам бир қўшиқ
куйлашини илтимос қилишган. Хонанда қадамларидан яна бир ҳикмат топгани
– Москвадаги омадли концерти бўлса керак. Билъакс, ТВ ва
радиоканаллардаги рекламаларсиз ҳам аншлаг концерт бериш мумкинми?
Концертнинг қай алфозда ё яхши ё аксинча ўтишига шубҳа билан қараган
ташкилотчилар шунчаки реклама-қоғозларига эътибор қаратишиб, метро
бекатлари олдида мусофирларга ҳам иш топиб беришди! Қойил қоларлиси, шу
бир варақ концерт ҳақидаги эълонлар билан концерт залига тумонат одам
йиғилган! Эсингизда бўлса, "Москва кўз ёшларга ишонмайди” деган фильм
бўларди. Ҳатто бу ном иборага ҳам айланиб кетди. Бугун акс-садо бошқача
янграйди: "Москва кўз ёшларга ишонади!”. Мухлислар кўзидаги оташин
соғинчни кўриб, Озодбекнинг қалбида ҳам қувонч ва шукроналик кўз ёшлари
сизган бўлса, не ажаб? Ҳа, шу кўз ёшларга бўлган ишонч, шу меҳрга илҳақ
ташна қалблар унинг қўшиқларидан сармаст бўлди. Юртимизда бу оддий
ҳол... Энди у Москов сари ташлаган қадамидан ҳам маъно топа билди.
Тилагимиз, Нью-Йорк, Париж, Лондон, Женева...Э, борингки, Рио Де
Жанейрогача етсин! Ўзбек миллатининг юрак торидан яралган куй-қўшиқлар
қадами барҳаёт бўлсин!
Жасур ҲАМРОЕВ
|