Санъат майдони кенг. Унга миллионлаб
қадамлар ташланади, лекин ҳаммаси ҳам ўзининг кўзлаган манзилига етиб
бора олмайди. Унда минглаб овозлар бор, аммо ҳаммаси ҳам қулоққа хуш
ёқавермайди. Ҳақиқий санъаткор ўзининг истеъдоди билан мухлиснинг
қалбини забт этади. Аммо забт этишдек маъсулиятли йўлни босиб ўтиш
ижодкордан чексиз иродани, сабр ва меҳнатни талаб этади. Ўзбекистонда
хизмат кўрсатган артист Озодбек Назарбековнинг қўшиқлари бугун ҳар бир
хонадонда янграяпти.
-Озодбек Назарбеков Тошкентга қандай таъриф беради?
-Бу шаҳарнинг бағрикенг.
Ёшлик хотираларим шу шаҳар кўчалари билан боғлиқ. Бу ернинг одамлари
менга қадрдон. Тошкент – нон шаҳри, шон шаҳри деб бежизга айтмаган.
Пойтхатга бир олам орзулар ва яхши истаклар билан келинади. Кимдир
унирнг бағрида ўз орзуларининг ижобатини кўрса, яна кимдир... Файзли,
бетакрор ва, энг муҳими, меҳри бор шаҳар. Мен бу шаҳардан миннатдорман
ва яна узоқ йиллар юртдошларимга, азиз инсонларга хизмат қилиш ниятим
бор.
-Бугун сизни яхши кўришади, қўшиқларингизни севиб тинглашади. Бу жараён сиз учун...
-Орзуларимнинг,
кўнглимга туккан ниятларимнинг ушалиши... Агар сиз чўққини мўлжалга
олсангиз, билингки отган ўқингиз ҳеч бўлмади деганда унинг белига
тегади. Нияти улуғ инсонларни ҳурмат қиламан.
-Саҳнага чиқишдан олдин сизни хаёлларингизни қандай ўй банд этади?
-(ўйланиб) Бугун
концертга келган мухлис қандай таасуроот билан кетади. У ўзининг ҳаёти
учун, дунёси учун керак бўладиган нимадир топа оладими, деган ўй ҳар
доим хаёлимда бўлади. Шу сабабли ҳамиша мана шу мулоҳазаларга ўз
ижодимдан жавоб топишга ҳаракат қиламан.
-Бугун саҳнада
худди сиз каби куйлашга ҳаракат қилаётганлар кўп. Озодбек Назарбеков
йўлида қўшиқ айтаётганларнинг кўпайиши сизга қанчалик маъқул ва қай
даражада малол?
-Биласизми, ижодкор
ўзининг йўлини топгунга қадар жуда кўп кўчаларга ўзини уриб кўради. Бу
жараёнларда аста – секин ўз мақсадини англашга интилади. Турли хил,
бизнинг миллатимизга ёт мусиқаларга эргашгандан кўра ўзимизнинг
оҳанглар билан ўз услубини топгани ҳам аслида маъқул. Бугун ёшларга
берилаётган имкониятлар, санъатдаги шарт – шароитлар ҳаммаси
ижодкорнинг имкониятларини чархлашга ёрдам беради. Шу сабабли ҳам ўз
йўлини, ижросини, овозини топишга ҳаракат қилаётган ёшларга ёрдам
бериш, қайсидир маънода уларни қўллаб қувватлаш бизнинг вазифамиз.
-Сизнинг ҳам дастлабки ижодий намуналарингизда ҳинд оҳангларига мойиллик бор эди...
-Тўғри, айтиб ўтганимдек
ҳар бир ижодкор ўзининг йўлини топгунга қадар жуда кўп жараёнларни
бошдан кечиради. Ёшлигимдан ҳинд оҳангларига мафтунман. Тўғри дастлаб
ҳинд фильмларидаги қўшиқларнинг мусиқаларига ўзбекча шеър қўйиб
қуйлаганман. Бугун ҳам ҳинд санъатини ҳурмат қиламан. Аммо хулосалар
ўзгарган. Ҳар бир ижодкор ўз миллатининг азалий анъаналари билан
ҳамоҳанг ижод қилиши керак. Нима учун бугун миллий қўшиқларимизга талаб
ортган?! Халққа ҳар доим ўз қадриятлари азиз бўлади, жумладан санъати
ҳам. Қачонлардир ёт мусиқаларнинг остида қолиб кетганимизни тан олмай
иложимиз йўқ. Халқ ўзимизнинг миллий оҳангларимизга ташна эди. Бугун
биз яна ўзимизнинг оҳангларимизни тинловчига беришга ҳаракат қилаяпмиз.
-Озодбек ака,
адашмасам ижодий ишларингиз етарлича. Концертлар, хизматлар,
учрашувлар... Мана шу жараёнларда "Озод Шоу”га қанчалик эҳтиёж бор эди?
-Биласизми, ҳар бир ижодкор
ҳамиша янгилик сари боради. Мен ҳам қайсидир маънода дўстларимнинг
масалаҳатлари, кўмаклари билан шундай бурилиш қилишга ҳаракат қилиб
кўрдим. Дунё мамлакатларида шоуга алоҳида аҳамият берилади. Лекин бизда
ҳали бу жараён шаклланмаганлигини тан олиш керак. Биз бу борада энди
биринчи қадамларни ташлаяпмиз. Битта араванинг ғилдирагини ясаш учун
тарихдан маълумки, 200 йил вақт кетган. Лекин иккинчи ғилдирак учун
шунча вақт сарфланмаган... бугун бизнинг уринишларимиз эртанги
дастурлар учун қайсидир маънода биринчи ғилдирак сифатида хизмат
қилар?! Санъаткор нафақат куйлаши, балки саҳнада сўзлай олиши, актёрлик
маҳоратини ҳам кўрсатиши лозим. Бу бугунги санъаткор олдидаги энг муҳим
талаб, десак хато бўлмайди.
-Бугунги уринишларингиздан ўзингизни кўнглингиз тўлаяптими?
-Гоҳида тўлади, гоҳида
эса йўқ... айтдим-ку, бу дастлабки қадамлар. Уларда,албатта,хато
бўлади. Лекин биздан кейин шу ишга қўл ураётганлар бизнинг
минусларимизни такрорламайди. Шу сабабли ҳам, назаримда, бундай
янгиликлар ижод учун керак деб ҳисоблайман.
-Суҳбат учун раҳмат.
Зебо суҳбатлашди
|