
2011 йилги Осиё чемпионати саралаш босқичи доирасидаги 14 ва 18 ноябр кунлари Малайзия терма жамоаси билан бўладиган ўйинга Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов 23 та футболчини таклиф қилди.
Шулардан фақатгина иккитасини хорижда тўп сурадиган легионер ўйинчилар ташкил қилишади. Булар – “Днепр”дан (Украина) ҳимоячи Виталий Денисов ва “Богемианс”дан (Чехия) ярим ҳимоячи Азиз Ибрагимовдир. Узоқ йиллар терма жамоага сардорлик қилган, айни пайтда Қозоғистонда спорт формасини анча тиклаб олган тажрибали Максим Шацких бу сафар ҳам мураббийлар штабининг назаридан четда қолди.
Сўнгги пайтларда мамлакат бош жамоасига бир қатор ёш футболчиларни жалб қилиб, ўзига хос “янги қон” олиб кирган Қосимов бу гал бирданига 5 та янгиларга чақирув қоғози юборди. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси сафида Мисрда ўтказилган Жаҳон чемпионатида анча ишончли ўйинлар намойиш қилган дарвозабон Санжар Қувватов энди миллий терма жамоада ҳам ўзини кўрсатиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, бу рўйхатга “Металлург” таркибида мазмунли ўйинлар намойиш қилган истеъдодли ҳимоячи Александр Ковалев, “Пахтакор”нинг асосий ўйинчисига айланган Мурод Ҳолмухамедов, “Олмалиқ”нинг тезкор ярим ҳимоячиси Зоҳир Пиримов ва гарчи биринчи лигага тушиб кетган бўлсада, “Бухоро” жамоаси таркибида ушбу мавсумда 15 та гол уриб, тўпурарлар рўйхатидан жой олган Лочинбек Солиевни киритиш мумкин. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Ковалев жароҳат олган чап қанот ҳимоячилари Саҳоб Жўраев ва Илҳом Суюновларга ўринбосар сифатида таклиф қилинган. Ҳужумчилар рўйхатидан Лочинбек Солиевдан ташқари, Самарқанднинг “Динамо”сида ўзини кўрсата олган яна бир ёш ҳужумчи Баҳодир Насимов ҳам жой олган. Насимов аввал ҳам миллий терма жамоанинг ўқув-машғулот йиғинларида қатнашган, аммо “Насаф” ҳимоячиси Артём Филипосян сингари Ўзбекистон терма жамоаси учун ҳали бирорта ҳам расмий ўйинда ўйнамаган. Аксинча, йил давомида Миржалол Қосимовнинг ишонган ҳужум қуроли бўлиб келган Фарҳод Тожиев “Пахтакор”даги муваффақятсиз мавсумидан кейин терма жамоадаги ўрнини ҳам йўқотиб қўйди.
Эслатиб ўтамиз, 9 ноябр куни Ўзбекистон чемпионатининг сўнгги тур ўйинлари бўлиб ўтади. Шундан кейин, эртаси куни барча футболчилар миллий терма жамоа ихтиёрига етиб келишади. Малайзия билан бўладиган ўйин олдидан ўтказиладиган машғулотлар ЖАР ва “Пахтакор” стадионларида олиб борилади. ЎФФ матбуот хизмати
Малайзия билан бўладиган иккита ўйинга Ўзбекистон терма жамоасидан таклиф олган футболчилар рўйхати:
Дарвозабонлар: Игнатий Нестеров “Бунёдкор” (Тошкент), Тимур Жўраев “Пахтакор” (Тошкент), Санжар Қувватов “Машъал” (Муборак). Ҳимоячилар: Анвар Ғофуров “Бунёдкор” (Тошкент), Камолиддин Тожиев “Пахтакор” (Тошкент), Ислом Иномов “Андижон” (Андижон), Виталий Денисов “Днепр” (Украина), Артём Филипосян “Насаф” (Қарши), Александр Ковалев “Металлург” (Бекобод), Ислом Тўҳтахўжаев “Нефтчи” (Фарғона), Мурод Ҳолмухамедов “Пахтакор” (Тошкент). Ярим ҳимоячилар: Тимур Кападзе “Бунёдкор” (Тошкент), Жасур Ҳасанов “Бунёдкор” (Тошкент), Сервер Жепаров “Бунёдкор” (Тошкент), Азиз Хайдаров “Бунёдкор” (Тошкент), Одил Аҳмедов “Пахтакор” (Тошкент), Станислав Андреев “Пахтакор” (Тошкент), Зоҳир Пиримов “Олмалиқ” (Олмалиқ), Азиз Ибрагимов “Богемианс” (Чехия). Ҳужумчилар: Лочинбек Солиев “Бухоро” (Бухоро), Баҳодир Насимов “Динамо” (Самарқанд), Александр Гейнрих “Пахтакор” (Тошкент), Анвар Солиев “Бунёдкор” (Тошкент).
|