Аниқлик киритаман. Сизгаям, бизгаям
деган қарорга келиш, яъни бўрилар ҳам тўқ бўлиши, қўйлар ҳам омон
қолиши учун нима қилиш керак? Умуман олганда, оилавий мунозара жуда
кўплаб яширин жиҳатларга эга. Чеккадан ниманиям бўлиб олиш мумкин, ахир
яқин кишилармиз-ку, деган хаёл пайдо бўлади. Аммо бу фақат биринчи
қарашда. Севган кишингизнинг сизни тушунмаслиги ва ён босишни
истамаслиги, қўшни подъезддаги Петя Васечкин томонидан қилинган шундай
ҳаракатдан кўра оғриқлироқ қабул қилинади.
Хуллас, мана сиз музокаралар столига ўтирдингиз. Олдиндан
айтиб қўяй, бу ишни ҳовурдан тушмай туриб бажаришни маслаҳат бермайман,
акс ҳолда қовун тушириб қўйишингиз ҳеч гапмас... Агар жаҳлингиз чиқиб
турган бўлса, тинчланиб олинг. Диққатни тортадиган бирор иш билан
шуғулланинг ёки сайр қилиб келинг. Бироз вақтга бўлсаям ўз
даъволарингиз ҳақида унутинг. Ким равшан мулоҳаза юритса – ўша киши
фикрини аниқ ва лўнда баён этади.
1-усул. Дўстлар, фойдани изланг!
Бунда ўз жавобингизни "Бундан сенга нима наф бор?” позициясидан туриб
асослаб беришни билиш керак. Бу осонмас, аммо деярли ҳамма вақт фойдали
таъсир қилади. Оппонентингиз вазиятга умумий равишда қараяпти, сиз эса
уни тафсилотлари билан баҳолашингиз лозим.
Мисол. Диалог иштирокчилари: мен ва турмуш ўртоғим.
Мен бир ёшли қизчам билан декрет таътилидаман. Бу ажойиб, фарзандимни
жуда яхши кўраман, аммо баъзида мен Ўзлигимни ҳис қилишни жуда
истайман. Ўзимни ягона сонда ҳис қилишни демоқчиман... Шу мақсадда
инглиз тилини уйдан ташқарида репетитор билан ўрганишга қарор қилдим.
Мунозара мақсади: Турмуш ўртоғимни, мен инглиз тили билан шуғулланаётган пайтимда, ишдан сўнг бола билан ўтиришга кўндириш.
Мен учун фойда:
Муҳитни алмаштириш, бунинг натижасида – ҳордиқ чиқариш.
Касб соҳасида – яна ишга чиққанимда инглиз тили кўникмаси мен учун ажойиб мадад бўлади.
Турмуш ўртоғим учун фойда:
Яхши дам олган хотин – яхши рафиқа.
Тўлақонли ҳордиқ нафақат менинг, балки унинг ҳам хотиржамлиги, чунки
биз битта уйда яшаймиз ва жуда яқин мулоқотда бўламиз. Бунинг
натижасида – оиладаги яхши муҳит, бу эса ишдан чарчаб келган эр учун
жуда муҳим. Дўсти билан мулоқотда бўлиш. Унинг ҳам фарзанди бор ва у
кечқурунлари истироҳат боғида фарзанди билан сайр қилади. Улар жуда кам
кўришишади. Кўпроқ телефон орқали мулоқотда бўлишади. Қизиқишларнинг
умумийлиги – вақтни биргаликда ўтказиш учун аъло майдонча.
2-усул. Мунозаралар вақтини чекланг
Шундай қилиб, бекорчи сафсаталар ўрнига сиз юзага келган вазиятни аниқ
ва лўнда муҳокама қилишингиз мумкин. Айтайлик, сиз турмуш ўртоғингизга
ярим соатдан кейин машғулотларингиз борлиги, аммо 15 дақиқа вақтингизни
муросали қарорга эришиш учун тўлиқ бағишлашингиз мумкинлигини айтасиз.
Агар 15 дақиқадан чўзилиб кетса, унда ишни тинглаш сиз учун қулай
бўлган бошқа вақтга кўчирилади.
3-усул. Тўғридан-тўғри танқидни қўлламанг
Эсингизда бўлсин, мунозараларингизнинг мақсади – ҳамсуҳбатингизни яксон
қилиш эмас, балки оилада тинчликка эришиш. Шу боис заҳарханда
гапларнинг бу ерда ҳожати йўқ. Бу одам билан ҳали узоқ яшашингиз керак.
Масалан, "Сиз, аблаҳсиз, умуман идиш-товоқни ювишга ёрдам бермайсиз”
гапини "Азизим, мен уй юмушларида сизнинг ёрдамингизга умид қиламан”
гапи бдилан алмаштириш мумкин.
4-усул. Яхши эшитиляптими? Приём...
Ўз оппонентингизга қулоқ солинг. Аслида бу унчалик осон ишмас. Кўп
ҳолларда мудофаа позицияси, яъни ҳарбийчасига қад ростлаб туриш, сизни
умуман бошқа томонга олиб кетади. Қулоқ солиш ва келишиб олиш ўрнига
биз ғалаба қилишни, ўзимизнинг устунлигимизни кўрсатишни хоҳлаймиз.
5-усул. Уйдаги гапларни кўчага олиб чиқманг
Бошқача қилиб айтганда, шикоят қилманг. Айниқса ота-онангизга.
Қариндошчилик муносабатларини бузиб нима қиласиз? Агар сизга маслаҳат
жудаям керак бўлса, буни манфаатдор бўлмаган кишидан сўранг. Масалан
интернетда профессионал руҳшуносларнинг кўплаб маслаҳатхоналари мавжуд.
6-усул. Мен сизга мактуб ёздим...
Баъзида ҳамсуҳбатингизга етказмоқчи бўлган гапларни ёзиш осонроқ кечади. Бу усул қуйидаги ҳолатларда тўғри келади:
Муҳокама қилинадиган мавзу сиз учун
жуда ҳаяжонга солувчи бўлса. Бунинг натижасида: фикрларингизни жамлай
олмайсиз, оппонентнинг ҳар бир гапи суҳбатни давом эттиришга сизни
қобилиятсиз қилиб қўяди.
Сиз учун турмуш ўртоғингизга эмоционал
жиҳатдан "етиб бориши” жуда муҳим. Бу ҳолатда гўёки юзма-юз мулоқот
яхшироқ фойда берган бўларди. Бироқ, юқорида айтганимдай,
"ҳиссиётларга” чулғанган мулоқот одатда бесамар бўлади. Аммо ҳиссиётли
хат – бу бошқа гап. Биринчидан, хатни қайта ёзиш мумкин, унинг устида
яхшилаб ўйлаш, ҳар бир сўзни тарозига солиб кўриш имкони бор.
Иккинчидан, қоғозга муаммони туширар экансиз, бироз хотиржам тортасиз.
Бу ўзига хос психотерапия ҳисобланади. Кўпгина руҳшунослар бекорга
кундалик юритишни тавсия этишмайди. Учинчидан, хатни ёзиш жараёнида
тўсатдан миянгизга оилавий муаммони ҳал қилиш йўли келиб қолиши мумкин.
Ва ниҳоят, охирги фойдаси шундаки, турмуш ўртоғингиз хатни олиб, уни
бир марта эмас, бир неча бор ўқиши мумкин. Бу унга сизни яхшироқ
тушуниш ва ҳис қилишга ёрдам беради.
7-усул. Ҳазилга олинг
Назаримда, ҳазил оилавий ҳаётдаги аҳамиятига кўра ўзаро муҳаббатдан
кейинги ўринда турса керак. Агар измимда бўлганида эди, ФҲДЁ ходимлари
никоҳни қайд этишларидан олдин ушбу муҳим фазилатнинг бор-йўқлигини
текшириб кўришга мажбур бўлишарди. Ҳазил – бу доим ёрдам берувчи
восита. У бир зумда вазиятни юмшатади. Албатта, мен ҳар бир низони
ҳазилга йўйишга чақирмаяпман. Аммо, муаммоларингизни муҳокама
қилаётганда, бироз вақтга асосий мавзудан четга чиқиш жуда фойдали
бўларди. Бу "иккаламиз ҳам бир тан, бир жон”лигимизни эслатиб туради.
Оилангизда ғолиблар ва мағлублар эмас, фақат севувчи ва севилувчилар бўлишини самимий тилаб қоламан. Омад!
Муаллиф: Ксения Малишевская
Манба: shkolazhizni.ru/
|