Кўрган кечирганларим, хулоса қилганларим...Яна қўлимга қалам олишга ундади. Ёзмоқчи бўлганларим ҳаёти икки дунёда қишлоқ ва шаҳарда кечган ва кечаётганларга жуда яқин. ...Исо тоғанинг чироғи ҳар доим 21.00да ўчади. Шу-шу бошқалар учун ҳам одатга айланган. У ухлади, қишлоқ аҳли ҳам уйқуга кетади. Электр қувватини тежаш керак. Зангори экран ёқилса, албатта бошқа чироқлар ўчирилиши шарт. Қишлоқда пул топиш осонми? Телевизор, овозкучайтиргичлар, компьютер, ҳаво музлатгич, аквариум, евро- дизайн талаб қилган ўнлаб чироқчалар... ҳаммаси электр қуввати билан ишлайди. Ҳаммаси ўз ўрнида ишлаши шарт. Ахир, шаҳарда истиқомат қилиняпти! Электр ҳисоблагичга қараб қўйиш иккинчи масала. "Стадионга Оғабек Собиров, Анвар Санаев келармишми?...Чипта 3000 сўм. Қиммат!” Қишлоқ кўчаларида дув-дув гап айланади... Озодбекнинг концерти "Истиқлол”да. Чипта баҳоси 30 000 сўм. "Йўқ менга 100 000 сўм бўлса ҳам "коробка”дан жой керак”... "Катакомбо”да Назархон куйларкан. Битта столга буюртма берсак, 300-400 долларга айланади. Ҳаётга бир марта келамиз, яшаб қолиш керак. Кетдикми? Кетдик.” Қайси концертга чипта олишни билмай ҳалак, шаҳардагилар! ...Исо тоғанинг уйининг орқасидаги Катта ариқ сувга тўлибди. Кетдик "гупайса”га! Ҳамма қишлоқнинг олд болаларини шу ерда, чўмилишда топишингиз мумкин. Қий-чув... Лойқа сув мавжланиб оқади! "Бугун "Аквапарк”ка борамизми ё Юнусобод спорт мажмуасидаги Чўмилиш сув ҳавзасига? Бассайни катта ҳам тез-тез тозалаб турилади.” Шаҳарда танлаш имкони кўпда! Лола Аҳмедованинг... йўқ, Ҳосиланинг янги қўшиғини тингладингми, Лобар? - дейди бир девор наридаги ён қўшни, ҳамқишлоқларига эшиттириб...Иккинчиси, "Кеча уйимизга тоғам билан Бобомурод Ҳамдамовнинг доирачиси меҳмонга келди!” "Дан Баланнинг "Чики бомби”га гап йўқ. Тотлисас Тошкентга келганида, акам бирга у билан тушлик қилганини гапиради...Менга нима? За то ман "Аксент”нинг бассейн олдида берган концертига бордим. Қизла, болла...ҳаммамиз бирга чўмилдик.” Пойтахт мана шундай. Машҳурларнинг ёғдуси бир бирига ҳалал беради. Ражаб аканинг битта хотинидан 11 та фарзанди, 22 та невараси бор. Ҳаммаси уйли жойли. Топганида барака бор. Уйида бирор марака бўлса, бегонага, бошқа қишлоқдошига иш етмайди. Дарвоқе, бир қизи эридан аразлаб келувди. Қишлоқ қанча катта бўлмасин, бир маҳалла доди етти маҳалла-куйга иснод дея, қизини қудасининг уйига қайтариб юборди. Ҳозир уларнинг оиласига ҳамма ҳавас қилади. Ён қўшнимиз. Иккита ўғли ва бир қизи бор. Биронтаси ортиқча таом еб қўйгудек бўлса, ана жанжални кўринг. Қизини амал тақал билан миллионларга сарпа-сурув қилиб турмушга берди. Орадан уч ой ўтмай, қиз қайтди. Ажрашишди. Ҳозир бу қизини кварталда эркак зоти борки яхши танийди. Қайси томондан, бу менга қоронғу десам озгина алдаган бўламан... Кичик нохушликларни катта шаҳарлар ютиб юборади, дейишади. «Ҳаммомнинг бакини сувга тўлдир. Лойқаси тингач, чўмиламиз. Офтобага ҳам сув қуй. Меҳмон келса, сув излаб юрмайлик, тағин. Ҳу анави қўшнининг дўконидан кирсовун олиб кел. Яхши кўпиради. Кирлар очилсин. Порошок дейсанми?.. Кирсовун ҳам бўлаверади.Ота-бобонг порошок ишлатганми, жувонмарг бўлмагур!”
"Ваннада нега иссиқ сув йўқ!.. Уфф, яна трубаларни таъмирлашяптими? Ҳа, этгунча, ман этдим сизга опа, "Самсунг” эмас, "Лджи” кир ювиш машинасини олийлу деб. Чунки, "Лджи” безшумно ювади, кирларни.” Ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бор тошу тарози. Аслида шаҳар ҳам, қишлоқ ҳам битта. Чунки, иккала муҳитда ҳам инсонлар яшайди. Иккала тушунчани ҳам одамлар боғлайди. Бироқ, ўша одамлар бир пайтнинг ўзида ўз муҳити билан фарқ қилади. Қандай яшашни эса ҳар ким ўзича, ўзига қулай ва мос тарзда белгилайди ва кўникади. Фақат, нолишдан олдин яхшилаб фикр ва зикр қилиш керак. Уфф тортманг, шукур қилинг! Гоҳида бировнинг корига ярамаган қўл-оёқларингизни педикёр, маникюр қилдираман деб турганингизда, таппининг ҳиди анқиши ҳам афзалроқ... Гоҳида куёвли бўламан деб, куёвтўра оёғининг тагига "Мерс” совға қилиб, қизингизга ялтур-юлтурдан бахт қуриб бериб, ич этингиз "эртага нима бўлади?” деган титроққа ботганидан, тўй буғчалари жойланган битта сандиқ билан қизингизни ор-номуси билан ўз тенгингиз оиласига узатиб, бамайлихотир уйда оёқ чўзганингиз афзал...Фарзандингизни "отасининг гул боласи” қилиб тарбиялаб, Лондон, Амриқода ўқитиб, эртага пулнинг кучидан ўзингизга зарба тушганидан, қишлоқда, ўз уйингизда фермер хўжалигини юритиб дашту далада тоза тер тўкиб, уйингизга ҳалол ризқ олиб кирадиган фарзандингиз бағрингизда эканлиги афзалдир... Москов, Кореяга бориб том маънода мардикор, қул бўлиб бировнинг ҳожатини чиқариб, йиллаб уйдагиларни хавотирга солиб юришдан, бир овулнинг қўйини боқиб, ёхуд маҳаллада э борингки, бир "Пейнет” дўкони очиб кўнгилни тўқ қилиб юриш афзалмасми? Кўп пул топиш, яхши яшашни ҳар банда ҳоҳлайди. Биз минг талпинмайлик, ризқ бергувчи Ўзидир. Фақат берганига - топганимизга қаноат билан яшашни билганимизда, балки энг яхши яшаётган, энг бахтли ва бой оила бўлармидик? Ахир, йиртиқ ковуш ҳам, кимошди савдосидан миллион долларга харид қилиниб, хонадондан жой топган "пушти олмос” ҳам қолиб кетади...Олиб кетолганини айтинг ё исбот этинг, беш кетаман! Юрагимда нима кечса шуни ёздим. Танишиб чиққан бўлсангиз, ташаккур...Йўқ, бу ҳам китобий бўлди. Шунчаки раҳмат. Жасур ҲАМРОЕВ
|