
"Бунёдкор" клуби расмий сайтининг хабарига кўра, "қалдирғочлар” ўз жамғармасига бугун навбатдаги уч очкони қўшиб қўйди.
"Нефтчи” устидан қозонилган ғалаба мамлакат чемпионига осонлик билан насиб этди, деб бўлмайди. Агар яратишган хавфли вазиятлардан бирортасини фарғоналиклар гол билан якунлай олганларида, билмадик, ўйин қандай натижа билан якун топарди. Биринчи бўлим бошидаёқ Юрий Саркисян жамоаси иккита жудаям яхши имкониятга эга бўлди. Биринчисида тўп дарвозадан ноаниқ кетган бўлса, иккинчисида Алишер Холиқов боши билан йўллаган зарбадан сўнг Мурод Зуҳуров тўпни бармоқларининг учлари билан катта қийинчилик эвазига майдон ташқарисига чиқариб юборди. Аслида ташаббус буткул мезбонлар қўлида бўлди. "Бунёдкор” тўпни ўзида бемалол назорат қилиб борди. "Қалдирғочлар” тўпни "Нефтчи” ҳимоясининг қўрғони бўйлаб роса айлантириб юришди. Бироқ аниқ вазиятлар вужудга келтириш борасида Сколари шогирдларига нимадир етишмасди. Боз устига, бўлим охирларида Иқбол Акрамов Зуҳуровни навбатдаги маротаба "ўққа тутди”. Ҳайриятки, бу вазиятда, иккита огоҳлантириши бор Игнатий Нестеров Чемпионлар лигаси 1/8 финал баҳсини ўтказиб юбориши туфайли, "Ал-Ҳилол” билан учрашувгача шу бугундан ўз ўйин амалиётини орттириш имкониятини олган Мурод, юқори маҳорат кўрсатиб, тўпни яна майдон ташқарисига уриб юборишга муваффақ бўлди.
Иккинчи бўлимда биринчи таймдаги сурат яна давом этди. Устунлик яна "Бунёдкор”да, мезбонлар Юрий Цой дарвозасига босим уюштиришни уддалашяпти, аммо голга тортадиган вазиятларни ишқибозлар яна "Нефтчи” ижросида кўришмоқда. Биринчи сафар Алишер Холиқов тахминан 8 метрлардан деярли очиқ дарвозага тўпни тўғри йўллай олмади: зарба юқорилаб кетди. Бундан ҳеч қанча ўтмай, қарши ҳужумда водийликлар сардори Мансур Саидов Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Ислом Тўхтахўжаевни қулай вазиятга чиқарди. Аммо бу сонияда Тўхтахўжаевнинг амплуаси ҳужумчи эмаслиги билиниб қолди. У шошилиб берган зарбадан сўнг тўп дарвоза ёнидан ўтиб кетди.
Сен урмасанг – сенга уришади. Бунгача "Бунёдкор”нинг бундан ҳам хавфли ташланишларини қайтариб турган фарғоналиклар мудофааси оддий туйилган вазиятда гол қўйиб юборди. 63-дақиқада Асқар Муҳиддинов чап қанотдан бошланган ҳужумни тўсиб қола олмади. Натижада, Виктор Карпенко узатган тўпни Сервер Жепаров чиройли тарзда (ерга туширмай, чап оёғида битта ҳаракатдаёқ) дарвозанинг олис бурчагига киритди – 1:0.
Бундан чамаси ўн дақиқа ўтиб, "Нефтчи”ни энди дарвоза устуни қутқарди. Ривалдо оширган жарима зарбасидан кейин Анвар Ғофуров тўпни Юрий Цой қўриқлаётган дарвозага боши билан буришга эришди. Аммо тўп бориб тўппа-тўғри устунни "топди”.
Шундай қилиб, минимал ҳисобда бўлса ҳам ғолиб чиқиб, "Бунёдкор” ўз очколари сонини яна учтага оширди.
Бунёдкор – Нефтчи 1:0 (0:0) Гол: Жепаров 63 Огоҳлантиришлар: Ирматов 52, Акрамов 72 Бунёдкор (Тошкент): Зуҳуров, Ристич (Солиев 60), Ғофуров, Ҳайдаров (Денилсон 46), Рамос, Ривалдо (с), Ҳасанов, Жўраев (Карпенко 46), Исмоилов, Жоао Виктор, Жепаров Нефтчи (Фарғона): Цой, Усмонов, Ёқубов (Ҳакимов 71), Саидов (с), Алижонов, Ирматов, Ал.Холиқов (Шодиев 76), Тўхтахўжаев, Акрамов, Асқаралиев, Муҳиддинов Ҳакамлар: Б.Тоғаев 8,7 (Тошкент). В.Лушин 8,4 (Гулистон), Х.Мирзааҳмедов 8,6 (Тўйтепа). М.Муҳамедов 9 (Тошкент вилояти) Назоратчи: И.Нехочин (Наманган) 2 май. Тошкент. "Жар”. 6 742
|