
Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева сўнгги пайтда
кўзга ярқ этадиган ижод қилмаётгани боисми эл орасида турли маълумотлар
болалаган. Балки, Лондонга серқатнов бўлиб қолгани учунми, хонандани
бутунлай Буюк Британия пойтахтига кўчиб кетган деган гап сўзлар
тарқалди. Яқинда, "Етти жавоҳир” мусиқий альбомини мухлисларига тақдим
этган, ижодига 30 йил тўлган севимли санъаткор билан суҳбатлашиб қолдик.
Насиба Абдуллаева:
Бу гапларни ким тарқатганига ҳайронман. Менинг ўзбек санъатидан
кетишимни пойлаётганлар хом ўйлашибди! (кулади). Турмуш ўртоғим
Лондонда яшаганидан кейин бориб келаман-да! Бир ярим йил мобайнида
ўғилларим ҳам Лондонда таҳсил олишди. Фарзандларим дийдорини кўриш учун
ҳам серқатнов бўлдим. Айни пайтда кенжа ўғлим мусиқа оламида олган
билимларини ди джейлик борасида ишга солган. Шу қадар ажойиб мусиқа ва
ремикслар яратяптики, тинглаб ҳайрон қоламан. Дарвоқе, яқинда ижодий
фаолиятимга 30 йил тўлди. 30 йил! Шунча йиллар давомида халқимиз
меҳрини қозонганим руҳимга баландлик, кўнглимга кўтаринкилик улашади!
Яна шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Мен Лондонга кўчиб кетганим йўқ!
Ҳали анча йиллар санъатим ила халқим хизматида бўлмоғим керак! Jasur HAMROYEV
|