Эртага ишсиз қолиб кетмаслик учун бугун қандай касбни танлаган маъқул?
Давр алмашган сари касбларнинг нуфузи ҳам ўзгариб
боради. Қачонлардир космонавтликни орзу қилмаган бола бўлмаган, вақти
келиб таксичи бўлиш шарафли бўлиб қолди. Кейинчалик журналистикага
эътибор кучайди.
Сўнгроқ тижоратчилар ҳурматга сазовор бўлди.
Ҳуқуқшунослар, тиббиёт ходимлари, ҳисобчиларга эса барча даврда ҳам
эътибор етарли бўлган. Бугунга келиб руҳшуносликка, компьютер
дастурчилигига қизиқувчилар ортмоқда. Эртага нима бўлади? Индинга
қандай касб эгалари халқ эътиборини тортади? Тўрт-беш йил ўқиб, бир
касб эгаси бўлиб, сўнг замон тақозоси билан уни ўзгартиришга мажбур
бўлмаслик, ўқишни тамомлашингиз ҳамоноқ керакли мутахассис сифатида
оёқ-қўлингизни ерга тегизмай, яхши жойларга ишга олиб кетишлари,
уриниб-суриниб юрмай, каттагина маош эгаси бўлиб ўтириш учун бугун
қандай ўқишга кириш лозим?
Ушбу масала мутахассислар эътиборидан четда қолаётгани йўқ.
Олимларнинг фикрига кўра, келажакда энг оммавий бўладиган касбларни
шартли равишда уч турга бўлиш мумкин. Булар – кимёгарлар, озиқ-овқат
маҳсулотларини яратиш ва сифатини ошириш бўйича мутахассислар,
шунингдек, бошқарув ходимлари.
Уларнинг фикрича, дунё бўйлаб аҳоли сонининг ошиши натижасида уй-жой ва
озиқ-овқатга бўлган эҳтиёж ортади. Амалдаги технологиялар билан эса бу
талабларни қондириб бўлмайди. Шу сабабли кимёгарларга бўлган талаб
кучайиб боради.
Кимёгарларнинг яна бир вазифаси – ноанъанавий озиқ-овқат ресурсларини
ўзлаштириш. Аҳолининг ўсиб бориши биологлар, кимёгарлар, тиббиёт
ходимлари, ҳатто математикларга бўлган талабни кўпайтиради. Сунъий
оқсил моддаларини синтез қилиш, органик қазилмалардан озиқ-овқат
маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш – мана мутахассислар
нималар устида бош қотиради ва ҳаётга татбиқ этади.
«Динозаврлар» Таҳлилчиларнинг
тахминига кўра, айрим мутахассислар тезда касбини ўзгартиришига тўғри
келади. Масалан, бугун оммавий саналган касб эгалари - модельер,
дизайнер, концерт директори, дистрибьютор, брокер ва пластик жарроҳлар
ўз оммавийлигини йўқотади.
Бундан ташқари, айримларнинг фикрига кўра, почтальонларнинг бошига
динозаврларнинг куни тушади. Улар умуман йўқолиб кетади. Алоҳида
таъкидлаш лозим, бошқа гуруҳ таҳлилчиларнинг башоратига кўра, жаҳон
бўйлаб интернет орқали савдонинг ривожланиб бориши посилка
ташувчиликнинг тобора ривожланиб кетишига олиб келади. Ҳарҳолда
келажак почтальонлари хат эмас, посилка ташишлари мумкин.
Шунингдек «шахтёрлар ҳам буткул йўқ бўлиб кетади» дейишмоқда олимлар.
Бироқ, келажакда «ой шахтёрлари» деган касб юзага келиши башорат
қилинади. Ахир ойдаги бойликларни кимдир қазиб олиши керак-ку!
Кассирлар масаласида ҳам ҳар ким ҳар хил фикрда. Айримлар «кўплаб
супермаркетлар тармоқлари очилиши муносабати билан кассирларга эҳтиёж
кундан-кунга ошиб боради» демоқда. Бошқа бир мутахассислар пластик
карточкалар тобора кенг жорий этилаётгани сабабли кассирлар ўтмишда
қолиб кетишини башорат қилмоқда.
Келажак касблари: ғаройиб бўш ўринлар рейтинги
Коинот гид-инструкторлари. Коинотга саёҳатлар уюштирилишига унча кўп
вақт қолгани йўқ. Сайёҳларни эса кимдир кузатиб бориши керак-ку!
Ҳайвонлар адвокати. Ўз ҳақ-ҳуқуқини билмайдиган жонзодларни ҳимоя қилиш учун алоҳида мутахассислар керак бўлади.
Телепортация бўйича муҳандис.
Генетик маслаҳатчи. Келажакда генларнинг тузилишига қараб врач соғлик учун хавф-хатарни олдиндан аниқлаб беради.
Роботлар дастурчиси. Бу тахминан бошланғич синф ўқитувчисига ўхшаш бир касб бўлса керак. Роботларни «йўлга солади».
Радиожарроҳ.
Ҳамиша навқирон Шунга қарамай,
«ҳамма касбларнинг оёғи осмондан бўлиб кетади» дейиш ноўрин. Технологик
инқилоблар камроқ таъсир кўрсатадиган касб эгалари хавотирланмаса ҳам
бўлади. Кейинги 50 йил ичида бу мутахассисликларга бўлган талаб
мўътадил қолади. Масалан, солиқ инспекторлари. Одамлар барча даврларда
ҳам солиқдан қочишга ҳаракат қилаверади. Шу сабабли уларнинг касбига
йўқолиб кетиш хавф солмайди.
Диний раҳнамолар. Инсон учун унинг тириклиги, яшашдан мақсади, ҳаёти
мазмунини аниқлаш муҳимлигича қолаверади. Буларни эса, ҳатто келажакда
ҳам диндан ўзга ҳеч нима ҳал қилиб беролмайди.
Сартарошлар. Соч ўсишдан тўхтамайди, ҳамма бирдан кал бўлиб ҳам
қолмайди, одамлар эса чиройли бўлиш фикридан қайтмайди. Демак, бу касб
эгалари гуллаб-яшнаб юраверади.
Ашулачилар. Инсон кўнглига техник тараққиёт унчалар кўп таъсир
кўрсатмайди. Тўйлар бўлаверади, хурсандчилик ҳам. Демак, қўшиққа талаб
пасаймайди.
Ҳарбийлар. Албатта уруш бўлиб кетмайди, лекин тинчлик мустаҳкам турмоғи учун ҳам бу касб эгалари бўлмоғи лозим.
Сиёсатчилар. Оммани бошқариш, халқни ягона мақсад йўлида бирлаштириш ва олға бошлаш уларнинг зиммасида.
Бундан ташқари, овқатланиш, саёҳат, меҳмонхона тижоратда ишловчиларга
техник тараққиёт унчаям салбий таъсир кўрсатмайди. Олимларнинг фикрига
кура, энг қадимий касб эгалари саналадиган фоҳишалар ҳам техник
тараққиёт билан тенгма-тенг баҳслаша олади.
Келажакнинг энг оммавий касблари
Бугунги кунда касб алмаштириш билан ҳеч кимни ҳайратга солиб бўлмайди.
Меҳнат бозори деярли ҳар йил ўзгариб бормоқдаки, шунга қарамай, бу
бозорни ҳам башорат қилса бўлади. Мутахассисларнинг фикрига кўра,
қуйидаги касб эгалари яқин келажакда энг керакли кишилар бўлади:
Тиббиёт ходими. Тиббиёт асбоб-ускуналарининг такомиллашиши, тиббий
маданиятнинг юксалиб бориши натижасида одамларнинг ёши узаймоқда. Аҳоли
қаримоқда. Кекса кишиларга эса қаров лозим. Бу ўз навбатида тиббий
ҳамширалар сонининг ошишига олиб келади.
Маркетолог. Таҳлилларга кўра, 10 йилдан кейин товар ва хизматлар бозори
тўлиб-тошиб кетади. Мамлакатга сонсиз имкониятлар ва ахборотлар орасида
компанияни йўналтириб борувчи маркетологлар лозим бўлади.
Муҳандислик мутахассислари. Мутахассисларнинг башоратига кўра, бу
соҳанинг энг олд қаторига саноат билан боғлиқ мутахассислар чиқади.
Мамлакатимизга инвестицияларнинг кириб келиши билан бир вақтда
мутахассис муҳандисларга талаб ошиб боради. Асосан техник ва иқтисодиёт
ёки ҳуқуқшунослик мутахассислари бирикмаси, ҳамда инглиз тили ёки
жаҳоннинг етакчи тилларини билиш жуда қадрланади.
Компьютер дастурчилари. Замонавий дунёда фирманинг имижи муҳим аҳамият
касб этмоқда. Хусусан, интернет-сайт фирманинг юзи ҳисобланади. Бунинг
натижасида веб-дизайнер «компьютер» мутахассисликлари орасида энг
сердаромад касб бўлиб қолмоқда.
Нанотехнологлар. Яқин келажакда талаб энг юқори бўладиган касб эгалари
нанотехнология билан боғлиқ соҳа вакилларидир. Нанотехнология – бу
молекула ва атомлар билан ишлашга асосланган технологиядир. Тахмин
қилинмоқдаки, қайси давлатда нанотехнология ривожланса, ўша давлат
дунёга раҳнамоликни қўлга киритади.
Электроника ва биотехнология мутахассислари. Биотехнология – биологик
тизим ва уларнинг элементларидан фойдаланувчи технологиядир. Бугунги
кунда бу қишлоқ хўжалигида кенг фойдаланилмоқда. Бунинг натижасида ген
даражасида ўзгартирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Келажакда соҳа
янада такомиллашиши кутилмоқда.
Америкада нима дейишмоқда?
Америкалик кадровиклар қайд этмоқдаки, кейинги ўн йилликда биотиббиёт муҳандислиги соҳасида ёш йигит-қизларга эҳтиёж ошади.
Янги, тез ривожланаётган соҳаларга мутахассислар етишмовчилиги юзага
келади. Кейинги беш йил давомида нанотехнология соҳасида юз минглаб бўш
ўринлар пайдо бўлади. Ушбу соҳада иш ҳақи жуда юқори бўлиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, замонавий соҳаларда «яшил касблар», яъни биоёнилғи ва
шамол энергиясида янги лойиҳалар ишлаб чиқувчиларга ҳам талаб ортиб
боради.
Инновацион касблар билан бир вақтда америкаликларнинг фикрига кўра,
ўқитувчи, руҳшунос, архитектор, адвокат каби оддий касблар ҳам ҳурматда
бўлади. Ҳолбуки бу соҳаларда иш ўрни учун кураш анча қатъий тус олади.
Келтирилганлардан хулоса қилиб айтиш
мумкинки, рақобатдан, иш қидириш каби машаққатдан чўчимаган киши
анъанавий касбларни танлаши, шунга мос олийгоҳга ҳужжат топшириши
мумкин. Аксинча, қўлга диплом тегиши билан ноёб мутахассис сифатида
эътироф этилишни истаган ёшлар юқорида баён этилган келажак касбларини
танлаши керак бўлади.
|