Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики, икки сўкишган айтишар экан, (гуноҳи) бошлаганнинг зиммасида. Агар мазлум тажовуз қилмаган бўлса», дедилар». Шарҳ:
Биз бу ҳақиқатни тушуниб олишимиз керак. Бировни сўкиш, унга қаттиқ
гапириш керак эмас. Чунки у киши жавоб қайтарса, гуноҳ тенг бўлинади. Агар мазлум сўкишга сўкиш қайтармаса, гуноҳ батамом биринчи бошлаган кишига бўлади. Бу ҳадиси шарифда бошланган фитнанинг авж олишдан сақлашнинг ажойиб услуби тақдим қилинмоқда.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики, мазлум тажовуз қилмаса, икки сўкишган айтишар экан, (гуноҳи) бошлаганнинг зиммасида», дедилар».
Шарҳ: Бир киши бошқа бир кишини сўкса, иккинчи киши жавоб қилмай турса,
гуноҳ биринчи кишига бўлиб тураверар экан. Иккинчи одам ҳам чегарадан
чиқиб, сўка бошласа, уриш-жанжал бошланиб кетса, гуноҳга икковлари ҳам
тенг шерик бўлиб қолар экан. Иккинчи киши «сўкишмаган, сабр
қилган кишига ажр бўлади» деган ниятда сабр қилса, гуноҳ биринчи кишига
ёзилиб тураверар экан. Бироқ бу киши ҳам сўкишиб кетса, икковлари ҳам
гуноҳда, маъсиятда шерик бўлишар экан.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Азҳ нималигини биласизларми?» дедилар. «Аллоҳ ва Расули билгувчидир», дейишди. «Одамларнинг орасини бузиш учун баъзисининг гапини баъзисига ташишдир», - дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадисда зикр қилинган иш жуда катта гуноҳ экан. Уриштириб
қўйиш, орасини бузиш ва бошқа ғаразгўйлик мақсадида бировнинг гапини
бошқа одамга чақимчилик қилиш, гап ташиб юриш ана шундай катта гуноҳ
ҳисобланар экан. Биз ушбу гуноҳдан сақланиб, одамларнинг орасини
бузишдан, уларнинг гапларини чақимчилик йўли билан ташиб юришдан
сақланишимиз зарур.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ Азза ва Жалла менга ваҳий қилиб: «Тавозеъли бўлинглар! Баъзингиз баъзингизга тажовузкорлик қилманг!» дедилар»
Шарҳ: Бир-бирингизга душманлик маъносидаги гап-сўз, ҳатти-ҳаракатларни
қилманглар, балки камтар, тавозеъли бўлинглар, ўзларингизни паст
тутинглар, деган эканлар. Мўмин-мусулмонлар мана шу ҳадиси
шарифларга амал қилиб, мутавозеъ бўлишлари, ўзларини паст тутишлари,
бир-бирларига душманлик қилмасликлари керак.