Ўзбек модаси жаҳон юзини кўраётгани ҳар биримизни қувонтиради. Ахир, Ватан равнақига бу санъат ҳам ўзгача ҳисса қўшмоқда! 27 сентябрда “дунё модаси пойтахти” – Милан шаҳрида ўтказилган мода ҳафталигида Ўзбек модаси намойиши ҳам бўлиб ўтди. Principe Di Savoia меҳмонхонасидаги ушбу кечага дунёдан энг нуфузли меҳмонлар йиғилди. Guli Presents "Style.Uzbekistan" – мода кўргазмаси ва ундан сўнг ўтказилган гала-базм Милан шаҳар ҳокимияти, шахсан мэр Летиция Моратти ва Италия миллий мода федерацияси томонидан кўллаб-қувватланди. Гулнора ушбу тадбирларнинг нафақат муаллифи ва ташкилотчиси, балки ўзининг Guli брендидан янги тўплам намойиш этган дизайнер сифатида иштирок этди.
Кеча меҳмонлари орасида қуйидагилар қатнашди: Италия миллий мода федерацияси президенти Mario Boselli, de Grisogono бренди асосчиси Fawaz Gruosi, Salvatore Ferragamo мода уйи президенти Ferruccio Ferragamo, дизайнерлар дизайнеры Riva Lorenzo ва Marta Marzotto, машҳур модельернинг рафиқаси Eva Cavalli, Russian Fashion Week президенти Александр Шумский, Барселона футбол клуби раҳбари Juan Laporta, футболистлар Lionel Messi ва Fabio Cannavaro, Аргентиналик супер-модель Belen Rodriguez, “Corona’s” фотоагентлиги раҳбари Fabrizio Corona ва бошқалар.
Абдуҳошим Исмоилов бошчилигидаги “Офарин” ансамбли ва жаҳон мусиқа афсонаси Хулио Иглесиаснинг биргаликдаги мусиқий чиқиши кеча меҳмонларини ҳайратга солди. Тадбир сўнгида ташкил этилган ким ошди савдоси эса Италиянинг Абруццо худудида апрель ойида рўй берган зилзиладан талофат кўрганларга ёрдам беришга қаратилди.
Ушбу нуфузли кечада иштирок этиш – катта масъулият, таъбир жоиз бўлса, чинакам ғалаба!
Бир сўз билан айтганда, жаҳонга турли соҳаларда юз тутиб ғалаба қозонаётганимиз қалбимизни ифтихорга тўлдиради! Ўзбек модаси бугун шу соҳанинг энг олди номлари қаторидан жой олди! Агар, Ўрта Осиё мамлакатлари мисолида олсак...ҳали бундай ғалабага бизлардан бошқаси эриша олмаган! Ҳаммамизга ғалаба муборак! “Форум Жамғармаси” ва унинг раҳнамоларига эса янги ғалаба учун ташаккур!
Жасур Ҳамроев
|