
Бугунги иштирокчимиз таниқли актриса Гулчеҳра Эшонқулова. Кўпчилик уни шартаки, бетгачопар актриса дейди. Балки, у ўз шаънини ҳимоя қилишни яхши кўрар, балки қадрининг қийматини тушиб кетмаслиги учун тиш тирноғи билан курашишни афзал кўрар...Нима бўлганда ҳам Эшонқулова кўплаб журналистларнинг "дод”ини берганини эшитганмиз. Анчадан буён экранларда кўринмай қолгани боисми, айни пайтда актрисамиз турли миш-мишлар гирдобида. Лойиҳамиз баҳонасида барчасига ойдинлик киритамиз. I . Ойдинлик киритинг! 1. Бир муддат Америкада яшаб қайтибсизми?.. - Америкага бориш учун виза олганим рост, бироқ "Қасос” фильмининг суратга олиш ишлари чўзилиб, белгиланган муддатда тугагатилмагани боис сафарим вақтинча қолдирилди. 2. Гулчеҳранинг беш яшар қизи бор экан, деган миш мишлар қулоққа чалинаяпти... Бунақа гапларни қаердан олишади, ҳайронман. Фарзандли қилишдан олдин эрга беришса бўларди(кулиб). Мени эмас, синглимнинг фарзанди бор, иккита: бир қиз, бир ўғил. Кўпинча уларни ўзим билан бирга олиб юраман. Синглим ишлари кўпайиб кетса баъзида уларга қараб туришга меникига қўйиб кетади, гоҳида ўзим бориб олиб келаман. Уларни олиб юрганимни кўрганлар шундай хаёлга борган бўлса керак. 3. "МТВА 2009”да "Энг яхши актриса” номинацияси сизга эмас бошқа актрисага берилганидан ранжиб тақдимотни жаҳл билан тарк этган экансиз? Ҳеч қачон! Агар ўша номинацияга юз фоиз мен ҳақли бўлиб, бошқа олган тақдиримда ҳам бундай иш қилмайман. Бу даражада маданиятсизлик, ўзини тута билмаслик менинг табиатимга ҳам, тарбиямга ҳам хос эмас. 4. Турмушга чиқсангиз тўйингизни овоза қилмасдан, ими-жимида ўтказиш ниятида эмишсиз? Ими-жимида қилмоқчи эмасман, бир оддий ўзбек қизининг тўйи қандай бўлса, меники ҳам шундай ўтади. Фақат матбуотга суратларни тарқатиш, тўйим дискини сотувга чиқариш ниятим йўқ холос. 5. Одамлардан ўзингиз ҳақингизда яна қанақа "янгилик” эшитдингиз? Сиз эшитмадингизми, (кулиб) Гулчеҳра Эшонқулова қанақадир сирли касалликдан ўлганмиш. Тавба! Сал кўринмай қолсанг, сени нималар қилишмайди, а? Азизлар, ахир ҳаётим фақат кинодан иборат эмас-ку! Тўғри, ижодимда узилиш бўлди, лекин таклиф этилаётган роллар кўнглимни жиз эттирмаса нима қилай?
II. Ўйлаб жавоб беринг! 1.Ўзгалар олдида берилган насиҳат таънадек ботади. Бу фикр қанчалик тўғри, сизнингча? -Ўша насиҳат кимга қаратилгани ва қандай оҳангда айтилганига боғлиқ. Аммо, менимча ёш болаларга кўпчилик олдида насиҳат бериш, аксинча жуда тўғри, бошқаларига ҳам сабоқ бўлади-да! Катталарга эса, ўзгалар олдида эмас, ёлғиз ҳолда насиҳат қилган маъқул. 2.Сен менга дўстинг кимлигини айт мен сенинг кимлигингни айтаман, деган нақлга қандай қарайсиз? -Бунга қўшилмайман. Ҳар бир инсон ўзи учун жавоб беради, мен дўст билган одам сизга ёки сизнинг дўстингиз менга ёқмаслиги мумкин. Ёқмаган одам кўзингизга ёмон кўрини турган гап. 3.Хотин зоти агар қалбинг улар ишқига гирифтор бўлганини сезса бурнингни ерга ишқайди, деган экан бир алломасифат одам. - Бу қарашга мутлақо қўшилмайман. Аксинча, аёл киши ўзини қадрлаган, севиб, ардоқлаган инсонини бошига кўтаради. 4. Жазолашдан кўра кечирмоқлик мардликдир. Ожиз одам кечиролмайди, деган қарашни ёқлайсизми? -Кечириш мард бўлиши мумкиндир эҳтимол, аммо ожиз одам кечиролайди деган фикр унчалик тўғримас. Ҳаётда кечириб бўлмас хатолар ҳам бор-ку! 5. ЛойиҲамизнинг ўтган галдаги иштирокчиси эркаклар ҳақида «Уйидаги аёли ҳар қанча оқила, гўзал бўлмасин эркакнинг кўзига қўшни хотин чиройли кўринади» деган ҳазиломуз фикр билдирганди. Нима дейсиз, бу ҳақиқатга қанчалик яқин? - Агар бу гапни ҳаётий тажрибаси бўлган катта ёшли аёл айтган бўлса, демак у ҳақ! - III.Ўйламай жавоб беринг! 1. Сизга ўзингиз кутмаган омадни тақдим этган фильм? "Фотима ва Зуҳра” фильми. 2. Жаҳонгир Позилжонов билан суперкомедияда бирга суратга тушган бўлармидингиз? Йўқ! 3. Шоҳруҳхон ва Кажол, Леонардо Ди Каприо ва Кейт Уинслит, Улуғбек Қодиров ва Дилноза Кубаева. Қайси жуфтликка овоз берасиз? Шубҳасиз, "Титаник” қаҳрамонларига! 4. Қанақа хислат ёки одат мутлақо сизга хос эмас? Ичиқоралик! 5. Охирги марта қачон мириқиб кулдингиз? Менда кулгига ҳамиша сабаб баҳона топилади (самимий кулиб) Мана, суҳбат давомида ҳам баъзи саволларингиздан кейин маза қлиб кулиб олдим.
Ситора Хон тайёрлади.
|