 Google ва Microsoft: кураш давом этади
Ахборот-коммуникация технологиялари бозори ривожланиб, глобаллашиб боришига ҳамоҳанг равишда, шу соҳанинг кўзга кўринган компаниялари ўртасидаги манфаатлар тўқнашуви янада жиддий тус оляпти. Масалан, АКТ гигантлари — Google ва Microsoft компаниялари қарама-қаршилигини олайлик. Ўзига хос томони, курашга нафақат технологиялар, балки маркетингчилар, адвокатлар ва ҳоказо сиёсий доира вакиллари ҳам жалб этилган. Мақсад ҳақиқий технология қироли кимлигига ойдинлик киритиш ва албатта, кўпроқ пул ишлаш.
Шу йилнинг ўрталарида Google фойдаланувчилар учун Microsoft маҳсулоти билан бемалол рақобатлаша олиши кутилган Chrome OS амалиётлар тизимини тақдим этган, бунга жавобан рақиб корпорация ҳам энг оммавий офис дастурлари тўпламининг бепул онлайн-шакли — Office 10ни чиқарганди. Бунинг таг-замирида "биринчи рақамли рақиб” — Googleнинг офис веб-иловалари нуфузига путур етказиш нияти ётганини билиш унчалик қийин эмас. Қолаверса, хабарингиз бор, икки ойча илгари Билл Гейтс сафдошлари янги – Bing интернет-қидирув тизимини ишга туширишди: энди навбат интернет-қидирув бозорида Googleнинг фойдасига муносиб шерик бўлиш.
Google 2008 йили 22 миллиард доллар даромадга эришди, шунинг 97 фоизи қидирув натижаси ёнига ёки интернетнинг турли-туман веб-саҳифаларига мижознинг хоҳиши билан жойлаштириладиган кичик реклама матнларидан олинди.
Microsoft корпорацияси эса сўнгги тўққиз ойда Word, PowerPoint ва бошқа дастурлари савдосидан 14,3 миллиард доллар тушум қилди, соф фойда 9,3 миллиард долларни ташкил этди. Яна 16 миллиард доллар даромад ўтган йили Windows XP, Vista, Windows Mobile ва сервер амалиёт тизимлари савдосидан тушди.
Агарда сиз Internet Explorerдан фойдаланиб, Bing қидирув тизим ёрдамида MSN сайтидан маълумот изласангиз ва уларни Hotmail ёки Outlook орқали танишларингизга йўлласангиз, Microsoft корпорацияси учун айни муддао. Бунинг ёнига Windows Mobile базасидаги смартфон ёки болалар учун Xbox қўшилса, нур устига аъло нур. Албатта, бу ҳазил. Аммо Microsoft тасаввурида ҳаммаси шундай бўлиши керак.
Google компанияси эса сизнинг интернетда айнан Google рекламалари жойлашган манбаларга ташрифингизни хоҳлайди. Ҳа, сиз Googleни замонавий технологияларни бепул туҳфа қилувчи дунёдаги энг зўр компания деб ўйлашингизга шубҳамиз йўқ. Бироқ, у сиз ҳақингизда бетиним маълумот тўплаётганини, "бонуслар” эвазига айнан сизбоп рекламани тайёрлаётганини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз.

Келинг, бу икки компаниянинг рақобат энг кўп кузатилаётган тўрт асосий соҳадаги фаолиятини солиштириб чиқамиз.
БРАУЗЕРЛАР
Internet Explorer бозорнинг тахминан 70 фоизини эгаллаган. Ҳолбуки, IE8 функционаллиги ва замонавий тармоқ имкониятларини қўллаш жиҳатидан бошқа асосий браузерларга тенглаша олмайди.
Firefox, Opera ва Apple Safari, айниқса, сўнгги беш йилда инновациялар киритишни кучайтириши натижасида уларнинг браузерлари нисбатан хавфсиз ва замонавийроқ бўлса-да, кўпчилик IEдан воз кечишга шошилмаяпти. Нега шундай? Балки IEнинг компютерга аввалдан ўрнатилгани боисдир?..
Google Chrome энг яхши сифатлар мужассамлашган браузерлардан: чиройли дизайнга эга, тезлиги юқори, манзил қатори бир пайтнинг ўзида қидирувчи вазифасини бажаради (албатта, Google!). Ҳар бир очилган сайтдаги файлларни очиш ёки кўчириб олиш амалиётлари имкон қадар камайтирилган. Мабодо бирон-бир очилган сайт "қотиб” қолса, бошқаларига таъсир кўрсатмайди. Браузер хакерлар ҳужумидан ишончли ҳимоялайди. Шуларга қарамасдан, Chromeнинг бозор улуши 2 фоизга ҳам етмайди.
ОНЛАЙН-ҚИДИРУВ
Google деганда биз қидирувни тушунамиз. Компания учун ўз қидирув тизими катта пулни англатади. У орқали ойига ўртача 41 миллиард 345 миллион сўровга жавоб изланади. Унда жаҳондаги энг йирик Google AdWords онлайн-реклама тизими фаолияти йўлга қўйилган.
Ҳали айтиб ўтганимиздек, Microsoft корпорациясининг бу борадаги бор умиди янги қидирув тизими – Bingнинг қанчалик муваффақият қозонишига қаратилган. Bingда бир нечта ажойиб инновация қўлланган, айтайлик, у қидирув натижасини шунчаки тақдим этиб қолмасдан, ахборотни синтезлаб беришга ҳаракат қилади. Юзлаб миллионлик реклама кампанияси ва оммавий ахборот воситаларидаги ижобий баҳоларга қарамасдан, ҳозирча қувонишга эрта – октябр ойи кўрсаткичлари фойдаланувчиларнинг фақат 10 фоизи Bing тизимига мурожаат қилишини кўрсатди, таққосланса, Google 65,4 фоиз, Yahoo! 18,0 фоизлик улушга эга.

АМАЛИЁТ ТИЗИМЛАРИ
Microsoft 1979 йилдан буён амалиёт тизимлари чиқаради, 30 йилдирки, компания MS-DOS, Windows NT ҳамда Windows оиласига кирувчи амалиёт тизимлари инфратизимини такомиллаштириш билан банд. Айни чоғда дунёдаги компютерларнинг 90 фоизи Microsoft амалиётлар тизимида ишлайди. Рақобатчиларнинг энг яхши ишланмаларидан намуна олиш, лицензия бўйича баҳсли сиёсат, жуда кўп сонли мижозлар – буларнинг ҳаммаси Digital Research, Apple ва IBM сингари ишлаб чиқарувчилар ўртасида Microsoftнинг танҳо пешқадамлигини таъминлашга хизмат қиляпти.
Хабарингиз бўлса, яқинда Microsoftнинг энг янги амалиётлар тизими — Windows 7 сотувга чиқарилди. У тез юкланиш билан бирга, Windows XPнинг издоши Vistaга хос интерфейс нуқсонларидан холи. Бундан ташқари, корпоратив йўналишда ҳам Microsoft тенгсиз — Microsoft Office ўрта ва йирик компаниялар стандартига айланган.
Google амалиёт тизимлари бозорига 2007 йили кичик қурилмаларга мўлжалланган Android тизими билан кириб келди. Компания ҳисоб-китобларига қараганда, 2009 йил охиригача 18 хил Android мобил телефон чиқарилиши кутиляпти. Юқорида таъкидланган Chrome OS, номидан ҳам билиб олиш мумкин, барузерли бўлиб, интернетда ишлашга мўлжалланган. У веб-сайтлар ролини, браузер имкониятини оширади, маълумотларни сақлаш ва процессордан фойдаланишда талай қулайликларга эга.
РЕКЛАМА
Googleнинг қудрати асосан матнли рекламаларни жойлаштиришда инновациялардан фойдаланишда ва компаниянинг ўз сайтида намоён бўлмоқда. 2007 йили Google 3 миллиард долларга Doubleclick онлайн-реклама компаниясини сотиб олди. Бундан ташқари, мобил, босма, радио ва телевизион рекламага инвестиция киритилди.
Бу жабҳада ҳарчанд уринмасин, Microsoft ҳозирча бирон-бир натижага эришгани йўқ. Корпорациянинг Yahooдан кейинда турувчи MSN.com портали бўлса-да, интернетда пул ишлашни уддалай олмаяпти. 2007 йили ўз технологияларини жадаллаштириш учун корпорация aQuantive интернет-реклама компаниясини қўлга киритишга олти миллиард доллардан кўпроқ маблағ сарфлади. Бироқ уринишлар ўзини оқламади. 2008 йили Microsoft реклама бизнеси фойда ўрнига 1,2 миллиард доллар зарар келтирди, бу 2007 йилгидан икки баравар кўпдир.
Гувоҳи бўляпмизки, Google компанияси қиёфасида муносиб рақибнинг пайдо бўлиши ахборот технологиялари бозорида, хусусан, Microsoft фаолиятида катта ўзгариш ясади. Масалан, улкан ва қулай Gmail почта қутисининг иш бошлаши, ўз-ўзидан, Microsoftнинг оммавий, бироқ фойдаланувчилар унчалик ҳам хушламайдиган онлайн почта сервисини янгилашига туртки бўлди, Google Maps онлайн харитасининг яратилиши, баъзи жиҳатлари билан ундан-да устун бўлган Microsoft Live Mapsни юзага келтирди.
Кураш давом этмоқда. У яна ҳам қизиқроқ бўлиши аниқ – ахир, бундан фақат биз, истеъмолчилар ютамиз, шундай эмасми?! Собит АҲАДОВ тайёрлади
|