
Сарлавҳани ўқиб, ҳайрон қолаётгандирсиз? «Васиятнома
ҳам қизиқ бўладими» деб? Буни қарангки, тиниб-тинчимаган одамларнинг
баъзиси зарурият юзасидан васиятнома ёзган бўлса, баъзилари тарихда
қолиш учун, ўз ишлари билан омманинг эътиборини тортиш учун шундай
қилишган. Бугунги кунга келиб жон таслим қилаётганларнинг энг сўнгги
иродаси тобора қизиқ тус олмоқда. Васиятномалар
ҳақида илк бор тўрт минг йил аввал шоҳ Ҳоммурапи томонидан тузилган
Бобил қонунлари мажмуида тилга олинган. Унда ёзилишича, ота бор
мол-мулкини, уй-жойини фарзандлар ўртасида тенг тақсимлаши лозим эди.
Оила бошлиғи у ёки бу ўғлига тегишли меросни кўпайтириш ёки аксинча
фарзанди ножўя иш қилса уни меросдан маҳрум қилиш ҳуқуқига ҳам эга
бўлган. Аммо бу ёзма манба васиятнома деб аталмаган ва узоқ вақтларга
қадар муомалага умуман киритилмаган. Қадимги
Афинада «васиятнома» сўзи илк бор милоддан аввалги 6 асрда пайдо
бўлган. Шунда ҳам фақатгина ўғли бўлмаган эркаклар васиятнома ёзиш
ҳуқуқига эга эди. Улар ўз бойликларини истаган, кўнгилга яқин олган
кишиларига тақсимлашган. Ўғли бўлган эркаклар
ва ёлғиз аёллар васиятнома қолдириш ҳуқуқидан маҳрум этилган.
Республика ва империя барҳам топаётган даврда кишиларнинг мол-мулки
давлат ҳисобига ўтиши Қадимги Рим хазинасининг бойишига олиб келган.
Рим ҳукмдорларининг очкўзлиги оқибатида бугунги кундаги кўринишга эга
васиятномалар пайдо бўлган. Бойликнинг давлат
ҳисобига ўтиши у ёки бу императорнинг бой-бадавлат душманига қарши
самарали ишлатилган. Асирга тушган душман ё азобли ўлим (бунда
бандининг бутун оила ваъзолари ва яқин қариндош-уруғлари қириб
ташланган), ё тинчгина ўлим (бунда эса оила аъзолари, яқинларнинг ҳаёти
сақлаб қолинган) (ўзи қатл этилса ҳам) шартлардан бирини танлашга
мажбур бўлган. Аммо иккинчи шартнинг яна бир кичик шартчаси бўлган.
Душман уқубатсиз ўлимни афзал кўрса, эвазига императорга ўзининг бор
мол-мулкини мерос қолдириш ва буни ёзув орқали тасдиқлаши лозим бўлган.
Бундай шафқатсизликлар, айниқса, диктатор Сулла ва император Нерон
даврида амалда кенг қўлланилган. Аммо бундай васиятномалар ўзини
оқламаган, омманинг қаҳр-ғазабига учраган. Аста-секин
яхшиликка хизмат қилувчи, кишиларни хурсанд қилувчи, камбағалларни
бойга, бойларни гадога айлантирувчи сеҳрли васиятномалар пайдо бўлган.
Марҳумнинг сўнгги истагини бажармай, қарғишга учрашдан қўрққан
қариндош-уруғлар васиятноманинг барча шартларини каму-кўстсиз
бажаришган. Яна вақт ўтиши билан васиятномалар
мазмуни ҳам ўзгарди. Энди инсонлар истаган нарсаларини истаган
одамларига ёки давлатга васият қилишлари ёки улуғ мақсадларни амалга
ошириш учун уни бирор бир ташкилотга мерос қилиб қолдиришлари мумкин.
Ўз мазмун-моҳияти жиҳатидан энг, энг, энг деб эътироф этилган қуйидаги
васиятномалар эса бир ном билан «Энг қизиқ васиятномалар» деб бизгача
етиб келган. ЭНГ МАШҲУР ВАСИЯТНОМА
Альфред Нобелга тегишли. Аммо шу ҳужжат сабаб Нобелнинг қариндошлари
қирқпичоқ бўлишган. Нега дейсизми? Чунки олим ўз яқинларига атиги ярим
миллион кронни мерос қилиб қолдирган. Қолган 30 миллион эса машҳур
Нобель мукофоти таъсис этиш учун сарфланган. ЭНГ ФОЙДАЛИ ВАСИЯТНОМА
Уильям Шекспир қаламига мансуб экан. Унда ёзилишича, ёзувчи бор-будини,
уйидаги жиҳозидан тортиб, кийиму пойафзалигача, қайси нарса кимга
берилиши ҳақида эринмасдан санаб ёзган экан. Васиятноманинг фойдали
томони шундаки, у машҳур ёзувчи Уильям Шекспир ҳақиқатдан ҳам яшаб
ўтганидан далолат берувчи ягона ҳужжат ҳисобланади. ЭНГ ҚИСҚА ВАСИЯТНОМА эгаси лондонлик банкир ҳисобланади. Ҳужжат фақатгина уч сўздан иборат бўлган: «Мен касодга учрадим». Энг узун васиятномани
эса Америка Қўшма Штатларига асос солган отахонлардан бири Томас
Жефферсон ёзиб қолдирган. Ҳужжатда мол-мулк тақсимоти тўғрисидаги
буйруқлар Америка тарихига доир фикр-мулоҳазалар билан чалкашиб кетган.
Жефферсон васиятномасига мувофиқ, фақатгина барча қулларни озодликка
чиқарган меросхўр ўзига тегишли мулк қисмига эга бўлган. ЭНГ ТУШУНАРСИЗ ВАСИЯТНОМА
машҳур физик олим Нильс Бор лобаранти томонидан тузилган. Ҳужжатда
махсус атамалар, мураккаб фразиологик жумлалар шунчалик кўплигидан, уни
ўқиб эшиттириш ва изоҳ бериш учун эксперт лингвистларни чақиртиришга
мажбур бўлишган. ЭНГ СИРЛИ ВАСИЯТНОМАни
миллиардер Мишель Ротшильд ёзиб қолдирган. Унда қуйидаги сўзлар
битилган: «Меросимни ҳисоб-китоб қилишларини, уни тақсимлашда суд
аралашишини ва умуман бойлигим қанча эканлигини оммаган билдиришларини
қатъиян ман қиламан». Шу боис Ротшильднинг бор давлати ҳақиқатда қанча
бўлганлиги ҳозиргача сирлигича қолган. Қизиқ, энг аламли васиятнома ҳам
бор экан. Уни ўрта асрларда яшаб ўтган фермер ёзиб қолдирган. У ўз
хотинига 100 ливрни васият қилган. Аммо аёл кейинчалик яна турмуш
қурса, яна 100 ливрни мерос сифатида қўлга киритиши мумкин бўлган. Бу
билан фермер, аёлга уйланадиган шўрпешонага бу пуллар албатта керак
бўлишини таъкидлаган. Энг бемаъни, одоб-ахлоқ қоидаларидан узоқ васиятномани
марселлик этикдўз тузган. Қоғоздаги 123 та сўздан 94 тасини ҳаттоки,
одобдан нишона бўлмаган давраларда ҳам ўқиб эшиттиришга истеҳола
қилишган экан. Ана шунақа!
|