
Кеча тунда Тошкент халқаро аэропортида Осиёнинг сўнгги икки йилдаги энг яхши рефериси Равшан Эрматовни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Мана, икки йилдирки, Осиё ҳакамлари осмонида Равшан исмли юлдуз порлаб турибди. Ушбу исм ўзбек тилида "ёрқин”, "ёруғ” каби маъноларни билдиради. Демак, Эрматов – бу исми жисмига буткул мос келадиган инсон. Ўз соҳасининг ҳақиқий ёрқин намоёндаси…
Чоршанбадан пайшанбага ўтар кечаси Эрматовнинг оила аъзолари, яқинлари ҳамда кўплаб футбол шинавандалари ўтиб бораётган йил якунлари бўйича Осиё футбол конфедерациясининг нуфузли номинацияларидан бирининг ғолиби номига Тошкент аэропортида ажойиб учрашув ташкиллаштиришди. Вақт бир жойга бориб қолганлигига қарамасдан (Куала-Лумпурдан амалга оширилган рейс тунги соат уч яримда келиб қўнди), Эрматовни қарши олгани кўпчилик тўпланди. - Мен Равшан Эрматовдек обрўли реферига ватандош эканлигимдан фахрланаман, - дейди ўзини "Бунёдкор” жамоаси фанати сифатида таништирган мухлис. – У энг яхши ҳакам унвонига чиндан ҳам муносиб. Энди, умид қиламизки, унинг олдида ЖАРдаги 2010 йилги жаҳон чемпионати эшиклари албатта очилади. - Равшан – ўз ишининг ҳақиқий профессионали, - деб, ўз фикрини изҳор этади иккинчи мухлис. – Агарда бизнинг миллий чемпионатимизда у билан бир хил савияга эга яна тўртта-бешта ҳакам бўлганида, ишончим комилки, Ўзбекистон чемпионати бундан- да баланд чўққига кўтарилган бўларди.
32 ёшли Эрматовгача энг яхшилар унвонига икки мартадан фақат иккита ҳакам эришган эди. Булар хитойлик Лу Чжун ва сингапурлик Шамсул Майдин (пастда келтирилган рўйхатни қаранг). Аммо бунгача фақат Майдингина қаторасига икки йил Осиёда 1-рақамли рефери деб тан олинган эди, холос. Энди эса бу натижага ўзбекистонлик ёш ҳакамимиз ҳам сазовор бўлди.
«Бундай катта эътирофга эришиш жудаям ёқимли, - дейди қаҳрамонимиз. – Лекин мен ҳеч қачон энг зўр бўлишни ўйламаганман, бунга алоҳида интилмаганман ҳам. Ўзимнинг ҳар бир ўйинимни аъло даражада ўтказиш – мана шу мен учун энг олий нарса. Нима бўлганда ҳам, сешанба кунги гала-оқшом воқеалари энди тарихга айланиб бўлди, деб ҳисоблайман. Мени олдинда бундан-да масъулиятли режалар ва вазифалар кутмоқда. Ҳар доимгидек, бўлажак мусобақаларга тайёргарлик кўришни бошлайман. Етишган натижалар билан қониқиб, ўсишда тўхтаб қолиш – бу менга хос эмас». Ўз режалари ҳақида гапираётиб, Равшан Эрматов уларнинг энг йириги – келаси йилги Африкадаги Жаҳон кубогини назарда тутаётган бўлса ажаб эмас. «Шунингдек, ўзимнинг елкадошларим - Абдуҳамидулло Расулов, Баҳодир Қўчқоров, Рафаэль Ильясовларга ўз миннатдорчилигимни билдиришни хоҳлардим. Улар мен билан доимо биргалар. Улар туфайли мен майдонда ўзимни ҳар доим хушёр ҳис этаман. Ахир улар менга тўғри ва аниқ қарорлар қабул қилишимда катта кўмак беришади», - деган гаплар билан эслади ўзининг халқаро аренадаги ёрдамчиларини Сариқ қитъанинг энг яхши ҳаками.
Қуйида берилган рўйхатга қайтадиган бўлсак, шуни қўшимча қилиш керакки, ОФК энг яхшиларни расман аниқлашни 1994 йилдан бошлаган. Аввалги мавсумларда барча ҳакамлар учун битта яккаю-ягона номинация мавжуд эди. Шу сабабдан қитъанинг ҳамма ҳакамлари учун соврин ҳам битта бўлган. Яъни рефери ва қанот ҳакамларига, эркаклар ва аёлларга бўлиниш йўқ эди. Шунинг учун ҳам олий соврин 2000 йили жанубий кореялик аёл рефери Им Ён Чжуга насиб этган (у фаолиятини эркаклар мусобақаларида олиб борганлиги инобатга олинган). 2002 йили эса энг яхши ҳакам номига қанотда ҳаракат қиладиган Саудия Арабистонидан бўлган Али Ал-Трайфи лойиқ топилган. Ҳозирда ОФК томонидан тўртта алоҳида-алоҳида номинациялар таъсис қилинган: Энг яхши ёрдамчи ҳакам (эркаклар ва аёллар учун алоҳида) ва Энг яхши ҳакам (бу йўналишда ҳам алоҳида).
Улуғбек Мирзаев, Анвар Нодиров (суратлар)
Осиёнинг барча йиллардаги энг яхши ҳакамлари: 1994 – Али Буйсаим (БАА) 1995 – Назри Абдулла (Малайзия) 1996 – Пиром Анпрасерт (Таиланд) 1997 – Саад Мане (Қувайт) 1998 – Лу Чжун (Хитой) 1999 – Абдулраҳмон Ал-Заид (Саудия Арабистони) 2000 – аёл рефери Им Ён Чжу (Жанубий Корея) 2001 – Ким Юнг Чжу (Жанубий Корея) 2002 – Али Ал-Трайфи (Саудия Арабистони) 2003 – Маъсуд Моради (Эрон) 2004 – Лу Чжун (Хитой) 2005 - Шамсул Майдин (Сингапур) 2006 - Шамсул Майдин (Сингапур) 2007 - Марк Шилд (Австралия) 2008 – Равшан Эрматов (Ўзбекистон) 2009 – Равшан Эрматов (Ўзбекистон)

|