
Бразилия асосан ҳужумкор футболчилари билан ном қозонган. Умуман, юксак даражад тўп сураётган жанубий америкалик юлдузларни ҳар қандай ёшдаги футбол мухлис яхши "танийди". Аммо, бразилиялик дарвозабонлар хусусида бундаё деёлмаймиз. Аммо, сўнгги вақтларда Бразилия дарвозабонларга ҳам яхшигина эътибор қаратмоқда. Натижада... Мана қуйидаги дарвозабонлар ўша футбол мамалкатини "сифатли мевалари" ҳисобланишади...
Жулио Сезар Клуби: «Интер» (Италия) Ёши: 30
Италиянинг тўрт карра чемпиони бўлишга улгурган Сезар шубҳасиз, бутун дунёдаги энг кучли дарвозабонлар қаторида зикр этилади. Бироқ Дунга Бразилия терма жамоаси бошқарувини қўлга олгач, дарвозани қўриқлаш масъулияти Элтон, Дони ёки Гомесга топширилишини таъкидлагандек бўлганди. Жулио бу каби сўзларга парво ҳам қилмади ҳамда ЖЧ-2010 саралаш босқичи стартига келиб, рақобатдан холи эканлигини тўла исботлади. Унинг кейинги ҳаракатлари ҳам шунга мувофиқ бўляпти. Сезар саралашнинг дастлабки 16та ўйинида ўз дарвозасидан атиги 9та тўп олиб чиқди, холос.
Эурелио Гомес Клуби: «Тоттенхэм» (Англия) Ёши: 28
ПСВда ном қозонган шалпангқулоқ дарвозабонни бутун Голландияда яхши кўришарди. Ҳаттоки, ПСВнинг ашаддий рақиблари - «Аякс» ва «Фейеноорд» клублари фанатлари ҳам бразилиялик қўриқчига ҳурмат билан муносабатда бўлишганини ҳисобга олсак, «Филипс Стадион»да унинг мисли кўрилмаган даражада ардоқлашганини тахмин қилиш мумкин. Бироқ Гомес ўтган йили ПСВ раҳбарияти билан келишолмай, «Тоттенхэм» сафига қўшилди. Англияда ҳозирча унга қийин бўляпти. Айниқса, талабчан маҳаллий мухлисларнинг меҳрини қозониши. Зеро, Эурелио премьер-лигадаги дастлабки мавсумда анча оддий голларни қабул қилди. Хусусан, Эшли Янг («Астон Вилла») олдида кулгили вазиятда ожиз қолди, ҳаттоки, бир сафар ўз дарвозасини нишонга олди. УЕФА кубогида эса «Спартак» (Москва) ҳужумчиси Артём Зюбага ўзини ҳақиқий тўпурардек ҳис қилиши учун имкон берди. «Ливерпул»нинг машҳур собиқ ҳимоячиси Ален Хансен ВВС телеканалидаги шарҳ давомида посбон ҳақида шундай фикр билдирди: «Гомесни қаттиқ танқид қилишни истаймайман. Бироқ у мен кўрган энг сусткаш посбон бўлса керак».
Шунчалик паст баҳоларга қарамай, Гомес ўтган мавсумда деярли 25та ўйинда майдонга тушди ва бир неча марта Лондон клубнинг нима учун унга 8 млн. фунт тўлаганини намойиш қилди. У дарҳақиқат, тўп йўналишини унчалик тез аниқлай олмайди, олдинга чиқишда ҳам ишончсизроқ ҳаракат қилади. Лекин баланд сакраш борасида тенги йўқ, ҳисоб.
Дони Клуби: «Рома» (Италия) Ёши: 29
«Ботафого»дан чиққан посбон ўта ҳиссиётли. Лекин уни барқарор, деб бўлмайди. Гоҳида каттакон жасорат кўрсатади, гоҳида эса шунчалик катта «қовун туширади». Баъзида эса рақибга буруқсираётган алангадек ташланади. Ҳатто Рим клубидаги энг ҳурматли жамоадошлари ҳам унинг ғазабидан бебаҳра қолишмайди.
Артур Клуби: «Рома» (Италия) Ёши: 28
Жулио Сержио Клуби: «Рома» (Италия) Ёши: 30
Қизиққон Дони «Рома»га хўжайинлик қилувчи Сенсилар оиласига шу қадар ёқиб қолдики, клубда бир хулосага келинди: энг яхши дарвозабонларни фақат Бразилиядан топиш мумкин. Қисқаси, «Рома» «заявка»сида бирданига уч нафар Жанубий америкалик посбоннинг исм-шарифи қайд этилган. Лекин Артур ёки Сержио ўзларининг ҳамюрт-ларини аҳён-аҳёнда алмаштириб туришади, холос. Тўғри, охирги ёзда «Бразилия мафия»си сафига руминиялик Богдан Лобонц ҳам қўшилди. У Бухарестнинг «Динамо»сидан ижарага олинди.
Адриано Бассо Клуби: «Бристоль Сити» (Англия) Ёши: 34
Бассо ўз юртида камтарин жамоалар шарафини ҳимоя қилган. Англияга эса 29 ёшида ёқтирган қизига уйланиш мақсадида кўчиб ўтган. Янги оила бошлиғига айланган кипер ишга жойлашиш учун уч ой давомида «Арсенал» мураббийлари ишончини қозонишга уринади. Бироқ Арсен Венгер унда янги Альмуния, Леманн ёки ҳеч бўлмаса, Маннонни кўрмайди ва паттасини қўлига тутқазади. Ноилож қолган Бассо «Сент Албанс» ва «Уокинг» каби ҳаваскорлар клубида ўйнаб туришга мажбур бўлади. Шу жамоалардаги ишонч-ли ўйинлари орқали «Бристоль Сити»дан таклиф олади. Табиийки, бу қария посбон учун айни муддао эди. Мана, Бассо тўрт йилдан буён жамоада асосий посбон ролида. Бристоллик мухлисларнинг ёқимтойига айланган фахрий ўйинчининг статистик кўрсаткичларига ҳам ҳавас қилса арзийди. 150тадан ортиқ баҳсда «Бристоль» шарафини ҳимоя қилган посбон ҳар йили мунтазам равишда жамоанинг энг яхши футболчиси номига сазовор бўляпти. Яна бир эътиборни тортадиган жиҳати шуки, у ҳар бир «сейв»дан сўнг диндор шахс сифатида майдоннинг ўзида Оллоҳга шукрона келтиради. Хуллас, мутлақо бахтли. Демак, бахтли дарвозабон бўлиш учун премьер-лигадаги кучли тўрт клубнинг бирида ўйнаш шартлиги хусусидаги қарашлар умуман асоссиз.
Лучиано Клуби: «Гронинген» (Голландия) Ёши: 29
Лучиано Голландиядаги энг ишончли посбон эмас, лекин энг «ажабтовури». Акробатик сакрашлар, жарима майдонидан узоқроққа чиқиб кетиш - булар Лучианонинг севимли машғулотларидир. Шундай посбоннинг Голландиянинг жиддий клубида ўйнаб келаётганига қойил қоласан киши. «Чақилмас ёнғоқ» таърифига эга ва вақти-вақти билан еврокубокларга йўл оладиган клуб сафига икки йил олдин ўтган Лучиано бунгача «Жерминаль» (Бельгия)да етти йил фаолият кўрсатди. Шу ўринда «ҳунарбоз» посбоннинг статистикаси ҳам кишини ҳайратга солади. У ўтган мавсумда нақд 17та ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган ва мавсум якунига кўра, Голландия чемпионатини иккинчи яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. Бир ўйинда ўртача биттадан камроқ тўп ўтказиб юборган Лучианодан биргина чемпионат тўпурари Мунир ал Ҳамдауи (АЗ) юқорига жойлашди. Агарда марокашлик ҳужумчи бироз камроқ гол урганида борми, «масхарабоз» кипер «Йил ўйинчиси» бўларди.
Дида Клуби: «Милан» (Италия) Ёши: 35
Клаудио Таффарелдан сўнг Бразилияда ҳам яхши посбонлар туғилиши хусусидаги фикрларни тасдиқлаган кипер айнан Дидадир. Бошқача айтганда, Дида Бразилия фақат ҳужумкор футболчилар макони эканлиги нотўғрилигини исботлади. «Милан»даги 8 йиллик фаолияти давомида ушбу посбон скудеттони ютди, Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқди (2 марта), «А» сериядаги энг кучли кипер сифатида талқин этилди, «Олтин тўп» даъвогарлари рўйхатига тушди. Қолаверса, «Интер» тиффозилари ва шотландиялик безори улоқтирган петардадан жабр кўрди, евромавсумнинг асосий баҳсида супершоу намойиш этди. ЧЛ - 2002|2003нинг финалида «Милан»га «Ювентус» рўбарў келганидан хабардорсиз, албатта. «Олд Траффорд»даги ўша ўйиндан кейинги «отишма»да Диданинг учта «ўқ» йўлига ғов бўлгани ҳам эсингиздан чиқмаган бўлиши керак. Қисқаси, «Милан»нинг Европада тенгсиз бўлишига айнан Диданинг пенальтилар сериясидаги жасорати йўл очганди. 2006 йили Бразилия термасининг рули Дунга қўлига ўтгач, Дида халқаро фаолиятига якун ясади. Бундан мақсади - клубдаги мавқеини мустаҳкамлаш эди. Бироқ орадан яна бир йил ўтгач, у «Милан»да ҳам секин-аста захирага чекина бошлади. Жорий мавсумда эса ҳали майдонга тушгача йўқ.
Элтон Клуби: «Порту» (Португалия) Ёши: 31
2000 йили Сидней Олимпиадасида Бразилия шарафини ҳимоя қилган Элтон икки йилдан сўнг Португалияга кўчиб ўтади. 2005 йилгача камтарин «Униао де Лейриа»даги фаолият билан чекланган иқтидор эгасига «Порту»нинг таклифи мойдек ёқади. Бироқ у янги жамоада хизмат кўрсатган Витор Байя «орқа»сида туришга маҳкум эди. Байя бир қатор қўпол хатоларга йўл қўйгач, Ко Адриансе Элтонга нигоҳ ташлайди. Имкониятдан унумли фойдаланган бразилиялик 2005|2006 йиллар мавсумида 11та ўйинда майдонга тушиб, атиги иккита тўп ўтказиб юборади. У ҳозир ҳам жуда оз гол қабул қиляпти (ўртача олганда, битта ўйинда 0,5та). Бу «Порту»га ички мусобақаларда мисли конвейер каби ғалабаларни тантана қилиш ҳамда ЧЛда мунтазам муваффақиятли иштирок этиш имконини бермоқда. Тўғри, Элтон ҳам бразилиялик бошқа посбонлар каби ўзини майдондаги футболчидек ҳис қилишни унутмайди. Яъни жарима майдонидан ташқарига чиқиб туришни, «прессинг» тақдим этган рақибини алдаб ўтишни ёқтиради. Унинг ҳужумни бошлаб беришдаги ҳаракатлари ёзилган видеолавҳалардан эса бемалол ёш посбонларни тайёрлашда қўлланма сифатида фойдаланса бўлади.
Рубиньо Клуби: «Палермо» (Италия) Ёши: 26
Аввалига Бразилия ўсмирлар термаси (U-17) сафида жаҳон чемпиони деган шарафга муяссар бўлган Рубиньо ке-йинчалик ёшлар ўртасидаги мундиалда (2001 йили) ҳам иштирок этган. Ўшанда у Савиола, Макси Родригес, ван дер Варт, Мексес, Адриано ва Эссьен каби иқтидорлар қаторида бўлажак юлдуз сифатини олганди. Ҳозирча ўша тахминлар унчалик оқланмаяпти. Лекин ҳаракатлари бор. Мисол учун, «Женоа»даги ёрқин мавсумдан сўнг «Палермо»га ўтди - Марко Амелиа ўрнига. Умуман, охирги уч йилдирки, «А» серия тузини ичяпти.
Ренан Клуби: «Херес» (Испания) Ёши: 24
Агарда бразилиялик бошқа амплуа вакиллари паспорт олишлари биланоқ Европага интилсалар, дарвозабонлардан аввалига бироз тажриба тўплаш талаб этилади. Бунга айнан Ренан ёрқин мисол бўла олади. У 23 ёшида «Валенсия»га ўтгунига қадар «Интернасьонал» сафида Либертадорес кубогини ютишдан ташқари, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бош совринни қўлга киритганди. «Кўршапалаклар» таркибидаги дебюти ҳам ёмон чиқмади. Бироқ қисқа вақт ичида биринчи рақамли пос-бонга айланган ёш кипер январь ойида жароҳатланиб, ўз ўрнини 37 ёшли «динозавр» Сесар Санчесга бўшатиб берди. «Валенсия» шу ёзда «Мальорка»дан Мигель Анхель Мойяни сотиб олганидан сўнг эса Ренан «Херес»да бироз малака оширишни маъқул кўрди.
Диего Алвес Клуби: «Альмерия» (Испания) Ёши: 23
«Альмерия»нинг асосий юлдузи, бетакрор иқтидор соҳиби. Примерода 2007 йили пайдо бўлган камбағалгина клубнинг дарҳол 8-поғонани банд этишида Диегонинг хизматлари беқиёс. Шубҳа йўқки, бундай серғайрат посбон Андалусия клубида узоқ ушланиб турмайди. Унга ҳозирданоқ бир қатор бой клублар кўз олайтиришмоқда.
Диего Кавальери Клуби: «Ливерпуль» (Англия) Ёши: 26
Ливерпулда Рафа Бенитес томонидан тўпланган гастарбайтерлар гуруҳига биргина бразилиялик посбон етишмаётганди. Аввалги ёзда бу камчилик тўлдирилди - «Палмейрас»дан 3 млн. фунт эвазига Диего Кавальери сотиб олинди. Ҳозирча у «Престон», «Лидс» ва «Крю Александра» клубларига қарши кечган кубок баҳсларида майдонга тушди, холос. Тўғри, унинг ҳисобида энг обрўли кубок турнирида ўтказилган ўйин ҳам бор. Ўтган мавсумда «Ливерпуль» ЧЛ «плей-офф» босқичи масаласини ҳал этганидан сўнг охирги турда (ПСВ билан ўйинда) Диегога йирик мусобақа «маза»сидан баҳраманд бўлиш имконини беришди.
ДарлЕй Клуби: «Фейеноорд» (Голландия) Ёши: 19
Голланд скаутлари Дарлейга 2007 йилнинг охирида («Атлетико Минейро» клубида ўйнарди) эътибор қаратишди. Роттердамдаги икки йил давомида ёш посбон атиги 45 дақиқа ўйнади. Яъни дебют ўйинидаёқ жароҳат олиб, танаффусдан сўнг майдонга қайтмади. Айтиш жоиз, у ўша 45 дақиқада яхши таассурот қолдирганди ва дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолганди.
Рамос Кассио Клуби: ПСВ (Голландия) Ёши: 22
«Гремио» клубида тарбияланган ёш кипер ташқи кўринишидан Эурелио Гомесга ўхшаб кетади. У икки йилдан кўпроқ вақт давомида ПСВнинг биринчи жамоасидан жой олишга уринди. Бироқ бари бесамар. 2009 йилнинг аввалида Роттердамнинг «Спарта» клубига ижара асосида берилган Рамос яқинда яна Эйндховенга қайтди. Лекин Андреас Исакссоннинг ўринбосари бўлишдан нарига ўтолмаяпти. Аслида у 2007 йили кузида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги мундиалда Бразилия термасининг биринчи посбони сифатида ҳаракат қилганди. Дунга аванс тариқасида Кассиони ҳатто миллий жамоага ҳам жалб қилди, бироқ унга бир дақиқа бўлсада, ўйнаш имконини бермади.
Жулио Сезар Клуби: «Бенфика» (Португалия) Ёши: 23
«Интер» посбонининг адаши Лиссабонга шу ёзда «Белененсеш»дан ўтди. Чемпионатда «Бенфика» дарвозасига ҳамон Ким жавоб беряпти. Жулио Сезарга эса Европа Лигаси ўйинларида ишонч билдиришмоқда.
|