
Чет Элда Ўқиш Имкониятлари билан Таништирувчи Таълим Ярмаркаси Ўнлаб халқаро таълим ташкилотларининг вакиллари 18 ноябр куни Тошкентда ҳар йили бўлиб ўтадиган 3-Халқаро Таълим Ярмаркасида ўз дастурларини намойиш қиладилар. Тошкент Халқаро Мактабида (ТХМ) ўтказиладиган ярмаркада 400 га яқин талабалар, ўқитувчилар, олимлар ва соҳа мутахассисларининг қатнашиши кутилмоқда. У ерда улар алмашинув дастурлари, стипендиялар, коллеж ва университетлардаги қабул комиссияси ва молиявий кўмак олиш масалалари, тест марказлари ҳамда халқаро таълим учун зарур бўлган бошқа мавжуд ресурслар ҳақида маълумот олишлари мумкин. Таълим Маслаҳат Маркази (ТММ) ва АҚШ Элчихонасининг Жамоат Ишлари Бўлими ҳар йили ТХМ ёрдамида ушбу ярмаркани ташкиллаштиради. "Биз талабаларга чет элда ўқиш ҳақида маълумот олиш имконини бермоқчимиз, ярмарка фақат АҚШдаги дастурларни эмас, балки бошқа давлатлардаги дастурларни ҳам қамраб олади”, дейди ТММнинг таълим бўйича маслаҳатчиси. "Мавжуд имконият ва қулайликларни талабалар билан баҳам кўриш мақсадга мувофиқдир”. Тадбирда кўплаб ташкилотлар, жумладан Британия Кенгаши, Германиянинг DAAD ва Гёте Институти, Ҳиндистон Маданият Маркази, Вестминстер Университети ҳамда Тошкентда жойлашган бир қанча тил мактаблари ва тест марказларининг қатнашишлари кутилмоқда. АҚШ Элчихонаси ходимлари Фулбрайт, Эдмунд Маски, Глобал Бакалавр Алмашинуви, Ўқитиш Маҳорати ва Ютуғи, Чет Тили Ўқитувчиси Ассистенти ва Ёш Ўқитувчи Ривожи каби турли хил дастурлар ҳақида маълумот беради. Қатнашчилар АҚШда ўқиш борасида юзма-юз тартибда маслаҳатлар олиши, молиявий кўмак манбалари билан танишиши ҳамда Чет Тили Сифатида Инглиз Тилидан Тест (TOEFL) ва бошқа энг муҳим тестларга тайёргарлик кўриш каби ТММнинг бепул хизматлари ҳақида маълумотга эга бўлишлари мумкин. Таълим Ярмаркаси ташкилотчилари инглиз тили дарсликлари, TOEFL китоблари ҳамда бошқа тестга тайёрлов материалларидан иборат мукофотлар учун қуръа ташлайдилар. Халқаро Таълим Институтига кўра, 2007-2008 ўқув йили давомида АҚШ олий ўқув юртларида таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар сони 28 фоизга ўсган. Таҳсил олаётганлар сони 539 нафардан 688 нафарга кўтарилган, бу эса Марказий Осиё халқлари орасида энг юқори кўрсаткичдир. Статистик маълумотларни йиғишда Давлат Департаменти билан бирга иш олиб борадиган Халқаро Таълим Институти бундай муваффақиятга Ўзбекистондаги Таълим Маслаҳат Марказининг сезиларли фаолияти, шунингдек, коллеж ва университетларнинг Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёдаги талабаларни жалб қилиш борасида кўрсатган жонбозлиги ортидан эришди. 2008-2009 ўқув йилида АҚШ олий ўқув юртларида 670 000 дан зиёд халқаро талабалар илм олди. Бу аввалги йилга қараганда 8 фоиз, АҚШда таълим олувчи хорижлик талабалар сони энг юқори бўлган дея кўрилган 2002-2003 ўқув йилига қараганда эса қарийб 15 фоиз кўп демакдир. Коллеж ва университетлар тез-тез жозибадор молиявий ёрдам пакетлари ва халқаро талабалар учун бир қатор кўмак хизматлари таклиф этган ҳолда халқаро талабаларни, шу жумладан Ўзбекистондан келган талабаларни ҳам фаол қабул қилишади. Тошкентда апрел ойида бўлиб ўтган коллеж ярмаркасидаги қабул қилувчиларнинг айтишича, халқаро талабалар билим даргоҳларидаги ўқиш муҳитини яхшилайдилар ва кўпинча энг кучли талабалар орасидан жой оладилар. Халқаро Таълим Ярмаркаси АҚШ Давлат Департаменти ва АҚШ Таълим Департаментининг қўшма ташаббуси ҳисобланган Халқаро Таълим Ҳафтасини хотирлаш мақсадида дунё бўйлаб ўтказилаётган тадбирлар қаторидан жой олган. Ундан кўзланган мақсад халқаро таълим ва бутун дунё бўйлаб алмашинувнинг афзалликларини нишонлашдир. Ярмарка 18 ноябр куни соат 16:00 да Сарикўл кўчаси, 38-уйда жойлашган Тошкент Халқаро Мактабида бўлиб ўтади. Ярмаркага барча марҳамат қилиши мумкин, аммо кириш рухсатини олиш учун паспортингизни унутманг. *****
АҚШда таълим олувчи ўзбекистонлик талабалар сони мисли кўрилмаган даражада ортиб бормоқда Халқаро Таълим Институти (ХТИ) ҳисоботида кўрсатилишича, 2008/2009 ўқув йилида АҚШ коллеж ва университетларида таълим олаётган талабалар сони 28 фоизга ўсган. Бу Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатлар ўртасида олиб қараганда энг юқори кўрсаткичдир. ХТИнинг 2009 йилдаги "Очиқ эшиклар” ҳисоботига кўра, 2008/2009 ўқув йилида АҚШ коллеж ва университетларида сабоқ олаётган ўзбекистонлик талабалар сони 688 нафарни ташкил этди, бу кўрсаткич 2007/2008 ўқув йилида 539 нафардан иборат бўлган. Ҳар йили ХТИ АҚШ Давлат Департаментининг Таълим ва Маданият масалалари Бюроси билан ҳамкорликда АҚШдаги олий таълим муассасаларида билим олаётган халқаро талабалар сони кўрсатиладиган "Очиқ эшиклар” ҳисоботини тайёрлайди. Халқаро Таълим Институти бундай йирик ўсишга Ўзбекистондаги Таълим Маслаҳат Марказининг сезиларли фаолияти, шунингдек, коллеж ва университетларнинг Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёдаги талабаларни жалб этиш борасида кўрсатган жонбозлиги ортидан эришди. Тошкентдаги АҚШ Элчихонаси Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Молли Стивенсон бундай ўсиш ўзбекистонлик талабалар орасида ҳам халқаро таълим имкониятларига бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганини кўрсатади, деди. Таълим бўйича Маслаҳат Марказининг талабалар билан ишлашда сезиларли фаолият олиб борганини қўшимча қилар экан, "Биз ўтган йилгига қараганда 28 фоиз кўпроқ ўзбекистонлик талабалар ҳозир Америка Қўшма Штатларида таълим олаётганидан ниҳоятда хурсандмиз”, деди у. "Таълим Маслаҳат Маркази (ТММ) талабаларни Америка таълим масканларига муваффақиятли қабул қилинишлари учун зарур бўлган барча восита ва маълумотлар билан таъминлайди”. ТММ коллеж аризаларини тўғри тўлдириш, молиявий манба ва стипендиялар топиш тўғрисида мунтазам равишда тадбирлар ташкил этади ҳамда талабаларни Америкадаги талабалар шаҳарчасидаги ҳаётга тайёрлайди. Шунингдек, у АҚШда таълим олишга қизиққан талабалар билан юзма-юз суҳбат уюштириб, улани тегишли кутубхона материаллари билан таъминлайди. "Умид қиламизки, бундай бепул ресурслар талабаларга таълим билан боғлиқ барча мақсадларга етишда зарур маълумот тақдим этади”, деди Молли Стивенсон. Тошкентдаги ТММ Давлат Департаментига қарашли бутун дунёдаги 400 га яқин АҚШда таълим олиш бўйича маслаҳат марказларининг бири саналади. АҚШ коллеж ва университетлари халқаро талабалар кўпинча энг яхши талабалар орасидан жой олиши ва ўқув масканидаги барча талабалар учун таълим муҳитини юксалтиришини эътироф этган ҳолда уларни ўқишга фаол равишда қабул қилади. Бу билим даргоҳлари кўп ҳолларда халқаро талабалар АҚШдаги ҳаётга кўникиб олишларида ёрдам бериш учун етарли молиявий ёрдам ва кўплаб бошқа хизматлар билан таъминлайди. Ўзбекистонлик талабаларнинг ярмидан кўпроғи 2 йиллик жамоатчилик коллежларида ўқишади. Бундай коллежларда таълим олгач, махсус профессионал соҳаларда тан олиниш ёки 4 йиллик илмий даража олиш учун ўқишни давом эттириш нисбатан осонлашади. Ўзбекистонлик талабаларнинг 28 фоизи Техас штати Хьюстон шаҳридаги 5 та коллеж талабалар шаҳарчаси гуруҳига кирувчи "Lone Star College System” (Техас штати коллеж тизими)да таҳсил олади. Ўзбекистонлик аспирантларнинг кўпчилиги Омаҳадаги Небраска Университети, АҚШдаги тўртта шаҳарда билим масканлари мавжуд Жонсон ва Уэльс Университети ҳамда машҳур Марказий Осиёни ўрганиш дастурига эга бўлган Блумингтондаги Индиана Университетида ўқишади. Умуман олганда, 2008/2009 ўқув йилида АҚШ олий ўқув юртларидаги халқаро талабалар сони қарийб 8 фоизга ошган. Ҳозир АҚШда 670 000 дан зиёд халқаро талабалар мавжуд бўлиб, бу АҚШда таълим олувчи хорижлик талабалар сони энг юқори бўлган дея кўрилган 2002/2003 ўқув йилига қараганда қарийб 15 фоиз кўп демакдир. "Америка олий таълимини бутун дунёда юқори даражада қадрланиши давом этмоқда. АҚШ илм даргоҳлари ижодкорлик, мослашувчанлик ва маданий алмашинув борасида тенгсиз имкониятлар таклиф этиб келмоқда”, дейди Халқаро Таълим Институти президенти Э. Гудман. "Америка Қўшма Штатларида таълим олаётган талабалар сонининг кескин ўсиши АҚШ ҳукумати ҳамда кўплаб коллеж ва университетларнинг саъй-ҳаракатлари натижаси бўлиб, улар халқаро талабалар Қўшма Штатларда қучоқ очиб кутиб олинишини таъминлашда катта роль ўйнади. Биз халқаро талабалар билим масканларидаги кенг жамоатчилик орасида интеллектуал ва маданий муҳитнинг ривожига сезиларли ҳисса қўшаётганини жуда қадрлаймиз”. Марказий Осиёдан келган талабалар сони 2004/2005 ўқув йилида 1339 нафар бўлган бўлса, 2008/2009 ўқув йилида бу 3242 нафарни ташкил этди. 2008/2009 ўқув йилида талабалар сони ўтган йилгига қараганда 16 фоиз ўсди. Талабалар халқаро таълим имкониятлари хусусида 18 ноябрь чоршанба куни соат 16:00да Тошкент Халқаро Мактабида бўлиб ўтадиган Халқаро Таълим Ярмаркасида қўшимча маълумот олишлари мумкин.
|