Германияда чиқариладиган автомобиллар ўзларининг шинамлиги, пишиқлиги,
сифатлилиги билан ажралиб туради. Уларнинг ташқи қиёфасига келсак,
аксарият ҳолларда кейинги авлод машиналари аввалги авлодга қараганда
тубдан фарқ қилмайди. Мисол тариқасида, Porsche автосини эсланг. Бирини
иккинчисидан фарқлашда баъзида мутахассислар ҳам адашади. Фарқланганда
ҳам аввалгисининг чизгилари кўп жиҳатдан сақланиб қолади. Кимгадир
немис машинасининг бу жиҳати ёқмаса (аслида шахсан мен бундайлар билан
таниш эмасман), бошқалар айнан шунинг учун ҳам уларни афзал билишади.
Ахир, барқарорлик сифат белгиси эмасми? Ўзи такомилликка етган бўлса,
уни ўзгартиришга не ҳожат?
Концепт сифатида эса янги-янги дизайнларни томоша қилиш мумкин,
албатта. Mercedes-Benz, Audi, Porsche, Volkswagen ва бошқа немис
компаниялари турли кўргазмаларда жон-жон деб янги қиёфадаги
«тулпорларини» намойиш этишади. Лекин янги дизайнни компания
мутахассисларигина таклиф этишмайди. Бошқа дизайнерлар ҳам ўзлари
ёқтирган фирмаларнинг янги машина қиёфаларини яратишдан бош
тортишмайди. Қуйида шундай таклифлардан бири билан танишасиз. Тунислик
дизайнер Халфи Уссама машҳур BMW компаниясига тегишли 4×4 концептининг
ўз нусхасини тақдим қилди. Ҳа, айтганча, Халфи энди ўн саккиз ёшга
тўлган. Шуни айтсалар керак-да, ақл ёшда эмас – бошда деб. Қизиқ,
машҳур автогигантнинг раҳбарлари бу концептни кўришганмикин?
|