Ширин уйқуда ётган Бек ака ҳовлида кўтарилган
шовқин-сурондан чўчиб кўзини очди. Иккинчи қаватдан пастга тушди.
Бақир-чақир қўшни хонадан келаётганини билиб, ўша ёққа юрди. Остонага
етай деб қолганида ичкаридан келаётган қизининг овозини эшитиб,
тахтадай қотди. «Лайло! Саҳарлаб бу ерда нима қилиб
юрибди?» Турмушга чиққанига бир ой ҳам
бўлмаган Лайло кўтарган жанжал унинг юрагига наштар бўлиб санчилди.
Ўзини баъзўр қўлга олиб, уйга кирди. Отасига кўзи тушган Лайло бирдан
жим бўлди. Бек ака таажжуб зоҳир бўлган
нигоҳларини диванда аянчли бир аҳволда ётган хотинига тикди. Муштипар
она қизининг бошига тушган кулфатга чидай олмай сочини юлган, юзини
тимдалаб ташлаган эди. Чуқур-чуқур нафас олар, кўзларидан тинмай ёш
оқарди. Лайло дераза олдида қалтираб турибди. Унинг кўзларида отасига
нисбатан нафрат ўти ёлқинланганди. Эгнида келинчаклар киядиган зарбоп
кўйлак, бошяланг, сочи орқасига турмакланган. Ёноқларини кўз ёш ювиб
қизартирган, ҳансираб нафас олар, тик турганини айтмаганда, аҳволи
онасиникидан кам эмасди. Бир ойлик келинчакни ота уйига қайтиши кўпинча ор-номусга бориб тақалишини англаган Бек аканинг орияти қўзиб, қизига бақирди: — Нима балони бошладинг, ифлос?! Нега келдинг? Лайло саросимага тушиб, довдираб қолди. Лекин отасига тик боқиб: — Бақирманг ота! Мен Зиёхўжа билан ажрашдим, — деди босиқлик билан. — Ажрашдинг?! — Бек аканинг ғазаби янада қўзиди. — Мени шарманда қилдингми? Айт, сен... Қизини
иффатсизликда айбламоқчи бўлаётган ота ҳарчанд уринмасин, дардини
айтишга тили бормай, каловланиб қолди. Лайло отаси ноўрин хаёлларга
борганини сезиб: — Ёмон хаёлларга
борманг, ота. Сиз мендан эмас, аксинча, мен сиздан нафратланишим керак.
Зиёхўжани осмонларга кўтариб мақтаган эдингиз ва розилигимсиз унга
турмушга бердингиз. Ота, эримнинг сиз-у мен билмаган хотини ва икки
боласи бор экан! — деди кўзлари ёшга тўлиб. Бек
ака бўшашиб кетди. Тош осилган оёқларини базўр ташлаганча диванга
— хотинининг ёнига чўкди. София хола ҳалиям базўр нафас олар,
кўзидан оқаётган ёш тинган бўлса-да, ёноқлари ялтирарди. Лайло курсига ўтириб, дардини ошкор этаркан, гап орасида отасини ҳам ҳақоратларди. —
Кеча уйда ўтирсам, — деди у. — Эрим билан қайнонам бир
жувонни икки боласига қўшиб эргаштириб келса, денг! Зиёхўжа уни биринчи
хотиним деб таништирганида... Ота, мана, розилигимсиз эрга бериб...
Йўқ, сиз Зиёхўжанинг хотини борлигини билгансиз, худди улар каби
яширгансиз. Нега? Зикир бизнес билан қуда-анда тутиниш орқали жиноят
оламида шуҳрат қозонмоқчи бўлдингизми? Биламан, ўша алдоқчи қайнотам
билан қорадори олди-берди қиласиз. Қизимни берсам, ишим янада зўр
бўлади, дегансиз-да?! Ҳаммасига сиз айбдорсиз. Мен сиздан бутун умр
нафратланиб ўтаман, ота. Мени бахтсиз қилдингиз! Ҳаёт
ўзининг кескин тақдирлари билан бани башарни ҳар доим ҳайрат ва
таажжубга солиб келганини ёдга олсак, Лайлонинг қисмати оддий ҳолга
яқин эди. Ўз мартабаси учун қизи тугул хотинидан кечаётган кимсалар оз
дейсизми? Аммо Бек ака шу вақтгача икки ўғил уйлантириб, уч қиз
чиқариб, энди тақдир зарбасига дуч келди. Умр фақат қувонч-у,
шодликлардан иборат, дея гурсиллаб ураётган юрагига ниҳоят тиғ
санчилди. — Ростми?!. — у ўзини
базўр қўлга олиб, қизига қаради. — Зиёхўжанинг хотини борлигини
ўз кўзинг билан кўрдингми? — Ўзингизни
ҳеч нарса билмаганга солманг, ота! — қизининг овози уйни тутиб
кетди. — Ҳақиқатни билмайсизми ё мени аҳмоқ қилиб, ўзингизни
оқламоқчимисиз? Ёдингизда тутинг, мен икки дунёда ҳам у ёққа энди
бормайман! Лайло ўкраб йиғлаганича уйдан чиқиб кетди. Бек ака маъюс нигоҳларини шифтга қадаб ётган хотинининг қўлини ушлади. — Fам-кулфатга чўмиб ўзингни олдириб қўйма. Мен бориб келай-чи, нима гап экан? София
хола миқ этмай ётаверди. Унинг бу ётишини Бек ака нафрат намойиши деб
қабул қилди. Лайло билан бир қаторда хотини ҳам Зикир бизнеснинг
совчиларига қаттиқ қаршилик кўрсатганди. Ота гапи гап экан, иккови ҳам
аламини ичига ютиб қолаверганди. * * * Баҳор
ҳавоси димоққа урилди. Қаҳратоннинг қаҳрини синдира бошлаган қуёшнинг
заррин нурлари бойчечакларнинг бош кўтаришига имкон яратди. Қир-адирлар
оқ-сариқ бойчечакларга тўлди. Қўнғиртус-қорамтир адирлардан нигоҳини
узмай Зикир бизнеснинг қишлоғи томон кетаётган Бек аканинг бошини
таҳликали ўй-хаёллар чулғаган. Қудаси нима важ тўқиши ва нега ўғлининг
яна бир хотини борлигини яшириши уни қизиқтирарди, аламини келтирарди.
Аччиқ бир ҳақиқат бор: Бек ака «агар Лайлони Зиёхўжага берсам,
қуда-андачилик ҳурмати учун қорадорини арзонига сотишар» деган
ниятда ёш қизининг умрини хазонга айлантирди. Зикир бизнес билан
танишганига кўп йиллар бўлгани йўқ. Паканадан келган, тепакал, қалин
қошли бу одам Бек аканинг яхши ҳамкорларидан бири. Қўшни республикага
туташ тоғ ёнбағрида истиқомат қиладиган Зикир бизнесдан у килолаб
қорадори сотиб оларди. Жиноятдан бошланган танишув ниҳоят қуда
бўлишгача борди. Қизининг бошига тушган бу зарбага Бек ака ўзини
айбдордай сезса-да, аммо нега Зиёхўжа ҳам, Зикир бизнес ҳам
«заҳирада»ги хотин ҳақида ҳеч нима дейишмагани унинг
асабини ўйнатарди. Йўл олис эди. Тоғ бағрида ола-чалпоқ бўлиб ётган қишлоққа кириб боришгунларича туш бўлди. — Нозим, сен машинада ўтир, — деди Бек ака йигитларидан бирига. — Саид, икковимиз ичкарига кирамиз. Нозим «Жип»ни бир четга олди. Бек ака эгнига чарм плашни илди. Шаҳардан фарқли ўлароқ, бу жойлар анча совуқ эди. Зикир
бизнес машина овозини эшитиб, ҳашаматли уйидан чиққан кези Бек ака ва
унинг ёнида гавдасини кўз-кўз қилиб турган йигитга рўпарў бўлди. — Э-э, Бек ака, келинг, келинг... — дея қудасига қучоғини очган Зикир бизнеснинг қўли ҳавода қолди. — Сен билан гаплашиб олишим керак, — деди Бек ака ҳатто унга қўлини узатишни ҳам ор билиб. Уй соҳибининг авзойи бузилди. Лекин сир бой бермай, меҳмонларни уйга бошлади. Бек
ака дастурхон ёзган аёл қуда уйга салом бермай кирганини ва
сўрашмаганини эътиборга олиб қўйди. Ҳол-аҳвол сўрашни қойиллатиб
қўядиган Марзия ая бу гал қовоғини уюб юрарди. —
Чой шарт эмас, — деди Бек ака аёлга қараб. Сўнг қудасига юзланди.
— Зикир, сендан бор-йўғи бир нарсани сўраш учун келдим: Зиёхўжа
аввал уйланганмиди? — Бек ака, сизнинг
олдингизда гуноҳкорман, — Зикир бизнес аввалдан тайёргарлик кўриб
қўйган шекилли, ўзини йўқотиб қўймади. — Зиёхўжа тўрт йил олдин
шаҳарда биттасига илакишиб қолган экан. Мен бундан ўтган куни хабар
топдим. Ўғлим шу пайтгача хотини ва икки фарзанди борлигини мендан
яшириб юрган ва ниҳоят уни уйлантиришга шошилганимизда дардини ошкор
этганди. Никоҳсиз хотин ва болалар қай бир ота-онага ёқади, дейсиз...
Бизниям ўз орзуимиз бор эди. Зиёхўжага чиройли қиз топиб, элга ош
бермоқчи эдик. Кейин ноилож, унинг хотинини яшириб сиз билан қуда
бўлдик-у, лекин Зиёхўжанинг биринчи хотини судлашаман деб... Хуллас,
Лайло шунда огоҳ бўлди. Бизни кечиринг, Бек ака! Бек
ака ҳеч нима демай ўрнидан турди. Ўрнида бошқа бўлганида бизнеснинг
томоғидан ғиппа бўғиши, дўппослаши аниқ эди. Аммо бу уринишлардан наф
йўқ. Шу боис Бек ака тил учида хайрлашиб уйдан чиқди. —
Юзингизга оёқ босамиз деб ўйламовдик, қуда, — деди эрининг ўрнига
кўчага чиққан аёл. — Тақдир экан-да, Бек ака. Бундай бўлишини ким
билибди, дейсиз... — Ҳа, ҳа, тақдир... — Бек ака машинага миниб, эшикни қарсиллатиб ёпди. Қоп-қора
«Жип» қишлоқни шом қоронғусида тарк этди. Зикир бизнеснинг
уйида кўп ўтиришмаган бўлишса-да, аммо негадир Бек ака йигитларни
ҳайрон қолдириб, бизнеснинг уйини икки-уч соат кузатди. Сўнг ортга
қайтишди. Уйга кириши билан анча жонланиб қолган хотини унга яқин келиб: — Ҳаммаси... ҳаммаси рост эканми? — деди. Бек ака бош ирғаб қўйди. — Рост денг!.. — аёл оловланди. — Индамай бориб келавердингизми? — Нима қилишим керак? — Қизимизни бахтсиз қилгани учун Зикир борми, Зиёхўжа борми, боплаб адабини бериб қўймадингизми? Уйига ўт қўйинг эди! — Қўй хотин, ўйнаган асабга яна тегма. Бўлар иш бўлди. Тамом-вассалом! —
Ие, қанақа отасиз? Биров қизингизни хўрласа-ю, қараб ўтираверасизми?
Ҳа, сиздаям бир қамчи бор-да, сувга тушган мушукдай бўлиб ўтирибсиз! — Ўчир!!! София хола эрининг қаҳридан қўрқдими, минғирлаб-минғирлаб нариги уйга ўтиб кетди. Сиртдан
одамови киши қиёфасига кирган Бек ака Зикир бизнесдан ўч олишни
аллақачон кўнглига тугиб қўйганди. Ошкора ҳужумга ўтиб, жанжал
кўтарганига биров раҳмат демайди. Чунки, қизининг бахтсизлигига ўзи ҳам
озмунча ҳисса қўшган. Шундай қилсинки, Зикир бизнес Бек ака билан
ўйнашиш йиртқичнинг чангалига тушиш билан баробар эканлигини англаб
етсин... * * * — Нозим, Саид билан Эшнорни чақир. Зудлик билан менинг олдимга етиб келишсин. Бек
ака нохуш воқеадан роппа-роса йигирма кун ўтгач, сим қоқиб йигитларини
чақирди. У шу вақт оралиғида эл олдида обрўсини тўкиб,
шармандаи-шармисор бўлган Зикир бизнес ва унинг ўғлидан қай тарзда
бўлмасин, қасос олишни режалаштирган эди. Гина-қудратга бормай қизи
ажралиб келгач икки марта собиқ қудасиникига ташриф буюрди. Зикир
бизнес бир томони йўқолган одамдай юрган экан, Бек акани мулозамат
билан қарши олди. Зиёхўжа билан Лайлонинг қисматига беш бармоқ орасидан
қараб, асосий мавзу — қорадори олди-бердисида узоқ суҳбатлашишди.
Ниҳоят, Зикир бизнесни «синдирадиган» пайт келди. Орадан ярим соат вақт ўтмай, Бек аканинг уч забардаст, паҳлавон йигити унинг ҳузурида пайдо бўлишди. —
Менга хизмат қилаётганларингга ҳам анча йил бўлди, — дея гапни
узоқдан бошлади Бек ака. — Хизматларингни муносиб қадрлаб ўзим
нима есам, учовингга ҳам шундан едирдим, нима кийсам кийдирдим. Мен
туфайли пулдор одамга айландиларинг. Энди оғир бир юмушни
бажаришларингга тўғри келади. Гап шундаки, Зикир бизнесни йўқотиш
керак. Униям, ўғлиниям, керак бўлса бутун оиласини! Қизимнинг
ажралишини, гарчи бефаҳмларча кутиб олган одамдай бўлсам-да, ичимдан
зил кетганимни ҳеч ким билмайди. Бек ака ўрнидан туриб, шкафдан иккита тўппонча олди-да, стол устига қўйди. —
Нозим, — деди у қоши қалин йигитга боқиб, — Икки юз миллион
пул олиб Зикирникига борасанлар. У билан келишдим, юз кило қорадори
беради. Машинанинг капотига жойлаб, сен ортга қайтасан. Саид билан
Эшнор эса қишлоқда қолиб, Зикирни тинчитади ва пулларни олиб, ортига
қайтишади. Тушундиларингми? Йигитлар бир овоздан «ҳа» дейишгач, Бек ака гапида давом этди. —
Қорадорининг нархи ...да осмон эмиш. У ёқдаги мижозлар ҳар куни сим
қоқиб, сўрашяпти. Нозим, бирорта танишингнинг машинасини олинглар.
Бирор гап бўлса... Уйга Лайлонинг кириши суҳбатни бўлди. Бек ака йигитларига кеч бўлиши билан йўлга тушишларини айтиб, уларга жавоб берди. — Ҳа, қизим, яхшимисан? — деди Бек ака Лайлонинг кўзига тик боқолмай. — Ота, мен Зиёларникига бориб келишим керак. — Нимага? — қизининг дув оқарган юзига отаси ажабланиб боқди. — Ўзим... сиз хавотир олманг. Кийимларимнинг баъзилари қолиб кетибди. —
Кийим-пийимингни йиғиштир. У ёқлар энди сенга ёт. Биламан, турмушинг
бузилганига чидаёлмаяпсан. Зиёхўжани топсанг-у, ўлдирсанг. Йўқ қизим,
бунақаси кетмайди. Агар уларнинг фожиасини кўрмоқчи бўлсанг, сабр қил,
эрта-индин ҳаммаси ўлади. Лайло отасига «ялт» этиб қаради. Отасининг қатъият муҳрланган кўзларидан ниманидир уқиб, изига қайтди. Бек
ака ўйчан деразанинг олдига борди. Гарчи шаҳар қишлоқлардагидек яшил
либосга бурканмаса-да, аммо куртаклаган дарахтлар-у, чуғурлашаётган
қушлар шаҳарга ҳам баҳор келганини эслатиб турарди. Мовий осмонда оппоқ
елканли кема мисоли сузиб юрган паға-паға булутларда ҳам баҳорнинг
аксини кўриш мумкин. Ўн йилдан буён қорадори
савдоси билан шуғулланиб, шунинг орқасидан данғиллама уй ва бир нечта
машиналар олган Бек акани оёққа турғизган, баъзан «синиб»
қолган кезлари қарзга қорадори берган ягона одам — Зикир бизнес
эканлигини назарга олсак, Бек аканинг ўкинчи ўринсиз. Тўғри, Зикир
бизнес қарзини икки-уч баробар зиёди билан олди. Аммо неки бўлмасин,
Бек аканинг «беклигини» сақлаб қолганди. Афсуски,
тақдирнинг кўзи кўр. Хаёл уммонида йиртқич
акуладай сузиб юрган Бек аканинг хаёлига шу тобда қудасининг
яхшиликлари келмасди. Унинг фикри-зикри бахти ой каби яримта бўлиб
қолган қизида. Лайло учун жонини аямади, уни бировдан кам қилмади. Айни
камолини кўрай деганда Зиёхўжа ишнинг белига тепди. Ногоҳон қўл телефонининг жиринглаб қолиши унинг хаёлини тўзғитиб юборди. — Алё... — Бек ака, сиз айтгандай қилиб йўлга отланишга шай турибмиз, — нариги гўшакдан Нозимнинг овози келди. — Яхши. Ишни фақат кечаси амалга оширинглар. Сен ҳам кечаси йўлга чиқ. Неки бўлмасин, қўнғироқлашиб туринглар. — Хўп бўлади. — Омад ёр бўлсин! Бек
ака телефонни чўнтагига солиб, енгил нафас олди. Йигитларига бўлган
ишончи янада ортди. Иш излаб, ямоқ-йиртиқ кийимда келганларида
бошларини силаган эди. Ўзи бой одам. Кейин иши ҳам нозик. Қорадори
савдосида ана шуларнинг содиқлиги қўл келди. Айниқса, Нозим унинг
ўғлидек бўлиб қолганди. * * * Катта
трассадан жануб томон бурилган сариқ рангли «Жигули»
қоялари оппоқ қорга бурканган тоғларни мўлжалга олиб елиб кетарди.
Машина кўримсиз. Қачондир бир ағнаб олганини пачоқ жойларидан сезиш
мумкин. Нозим Бек аканинг буйруғига биноан яқин дўстининг машинасини
бир кунга сўраб олганди. Нозимнинг ёнида ўтирган Саид сигарет тутатиш
билан овора. Орқа ўриндиқда ястаниб ётиб олган Эшнорнинг кўзи юмуқ. Зикир
бизнеснинг қишлоғи олисдан кўзга чалинди. Лекин унгача қуюқ чакалакзор
билан қопланган йигирма-ўттиз гектарлик жойнинг ўртасидан кесиб ўтиш
лозим. Нозим бу ҳудуднинг номи «Қашқирлар макони»
эканлигини Бек акадан эшитганди. Аввал чакалакзорнинг бир чети тоққа,
бир чети трасса йўлга туташган бўлиб, ўртасидан дарё оқиб ўтган ва бу
ерларни йиртқич қашқирлар ўзларига макон қилиб олган экан. Орадан
йиллар ўтди. Дарё қуригач, чакалакзор ўз-ўзидан қисқариб, охири ҳозирги
ҳолатга келиб қолди. Милтиқ кўтариб ичкарига оралаган овчи пўстаги
қоқилган тулкиларга дуч келмаса, қашқир деганнинг тукиниям тополмайди. Аммо
бу қашқир йўқ дегани эмас. Ўтган йилми, Нозим билан Саид қорадори олиб
келишда йўл ёқалаб чопаётган иккитасини кўришган эди. —
Негадир шу — «Қашқирлар макони»га кираверсам,
юрагимни ваҳима босади, — деди Саид шохлари шамолда оҳиста
чайқалаётган ёввойи жийдаларга боқиб. —
Иккита қашқирни ҳув анави ерда кўрибмидик? — Нозим қийшайиб
қолган йўл белгисига ишора қилди. — Милтиқ бўлганида отиб
олармидик? — Э, сафсатани қўй, Нозим,
— уларнинг гапини эшитиб ётган Эшнор бошини кўтарди. —
Шунақа бўрилар бор эканки, агар яқинида туриб отмоқчи бўлсанг, сеҳрли
нигоҳлари билан ўқингни музлатиб қўяркан. —
Билмадим, — деди Нозим. — Лекин туморли жайралар ҳақида
эшитганман. Ўша жайралар одамга нишини отиб, ўлдирармиш. —
Икковинг ҳам бўри-ю жайра деб, асосий сеҳрга эга бўлганларни назардан
қочирганларингга ачинаяпман, — деди Саид вазминлик билан. —
Шундай одамлар борки, кулиб туриб жонингни олади, макр-ҳийласи билан
хонавайрон қилади. Икковинггаям маслаҳатим, ўша сеҳрли бўри-ю туморли
жайрадан қўрқиб юрманглар. Улар бор ёки йўқ. Бор бўлган тақдирда ҳам
шунча қишлоқ-дала ошиб айнан сен-у мени егани шаҳарга келмайди. Мен
айтган одамлар эса атрофингда кўп. Ҳа, жуда кўп. Улардан эҳтиёт бўлиб
юриш керак. Акс ҳолда, дўст деб юрганимиз кўзимизга чўп тиқиши мумкин. Орага
жимлик чўкди. Машина бу пайтда чакалакзорни ортда қолдириб, бир бўғим
келадиган майсалар устини ёпган адирлардан ошиб борарди. Қишлоқ эса
тобора яқинлашиб, кўча-кўйда мол, қўй-қўзи боқиб юрган болалар учрай
бошлади. Ҳали шом бўлмагани боис қуёшнинг
қизилтоб юзи уфқ кенглигида қотиб турарди. Нозимлар Зикир бизнесга
телефон қилиб, боришаётганларини айтишди. Зикир уларни илиқ кутиб олди. Одамларда шубҳа уйғотмаслик учун машинани ҳовлига киритиб қўйишди. —
Биз тез қайтишимиз керак, — деди Нозим диванга ўтирар-ўтирмас.
— Юк тайёр бўлса, тезда жўнатсангиз. Икки юз миллион пул олиб
келдик. Зикир бизнес эшик олдида қўриқчилардек
тик турган йигитлари — Арслон билан Ҳусанга маъноли қараб қўйгач,
ўғли Зиёхўжага юзланиб: — Ҳаммаси
тайёрми? — деб сўради ва ўғли тасдиқ маъносида бош ирғагач,
— Буларни ўзим жўнатиб юбораман. Бориб Қашқирдан хабар олинглар,
— деб йигитларига изн берди. Табиийки, у парол сўзлар ишлатганини Нозим англамади. Улар
чиқиб кетишгач, бир пиёладан чой ичишди. Нозим негадир безовталана
бошлади. Гўё ҳовлини милиция ходимлари қуршаб олаётгандай дамба-дам
деразадан ташқарига мўралади. Ўз навбатида уй соҳиби ҳам ундаги
безовталикни сезган эди. — Нозим, шунча йилдан бери қорадори олиб кетгансан, лекин ҳеч вақт сени бундай аҳволда кўрмаганман? — Негадир юрагимни ваҳм босаяпти. Хаёлимдан мелиса кетмаяпти. Гўё йўлда менга тўсиқ қўйилгандай... —
Мелисанинг қўлига тушсанг, худога шукур де, Нозим. Қамаласанг,
жиноятинг учун жазо оласан. Аммо қорадори учун ўлдиришмайди. Нозим
қочириқ гапларни тушунмади. Зикир бизнес уни шу бугуноқ нариги дунёга
равона бўлишини қоғозга ўралган сўзлар орқали ошкор этар, Нозим эса
гапнинг мағзини чақмай, «юк»ни тезроқ ўз эгасига топширишни
ўйларди. Саид билан Эшнор эса Зикир бизнесни қандай ўлдириш режасини
тузардилар. Зикир бизнес уларни ертўлага олиб
тушди ва ўн килолик целлофан халтачаларга жойланган юз килограмм
қорадорини кўрсатди. Йигитлар юкларни тезда машинага жойлаштиришди.
Нозим пулни санаб бергач, у билан хайр-хўшлашиб йўлга чиқишди. Тун қуюқлашган эди. Қишлоқ адоғига етар-етмас Нозим машинани тўхтатди. — Негадир кўнглим ғаш, — деди у ҳадиксираб. — Қашқирлар маконидан ўтказиб қўйинглар. Зикир бизнесникига қайтиши буюрилган икки йигитнинг ҳуши учди. — Кейин биз ортга пиёда қайтамизми? — деди Эшнор. — Шунча йўлдан-а? —
Ўзинг кетавер, — Саид машинанинг эшигини очиб, ўнг оёғини пастга
ташлади. — Биз сенга қўриқчиликка эмас, бизнесни йўқотишга
келганмиз. Нозимнинг оёқ-қўллари титрай
бошлади. Ичида нимадир туғён урар, кўнглидаги безовталик шар каби шишиб
борарди. Кўз илғамас чакалакзор унга ваҳимали туюлди. — Кет! — деди Эшнор. — Юкни тезда ташлаб, ортингга қайт. Биз уловсиз қолиб кетмайлик! Иккови
машинадан тушиб қолди. Нозим жаҳл ва қўрқув аралаш газни босди.
«Жигули» ортидан лой отиб, олдинга шитоб билан отилди. Машина
чироқлари тун қўйнига кескир қилич бўлиб санчилди. Бир пастда у
«Қашқирлар макони»га етиб келди. Энди икки томон қуюқ
буталар билан қопланган эди. Нозим газни охиригача босган,
«Жигули» ўз имконича юриб кетарди. Чакалакзорнинг ўртасига
етганда ногоҳон кўзи йўлни тўсиб турган эксковаторга тушди. Трактор
«ковушни» олдинга чўзиб олган, йўл берк, ҳатто ёнлаб
ўтишнинг ҳам иложи йўқ эди. Нозим кескир тормоз берди. Машина чийиллаб
тўхтади. Тузоқ! Унинг бошига келган ўй эсанкиратиб қўйди. Энди ортга
қайтмоқчи бўлганида орқа томондан иккита машина учиб келди-да,
«Жигули»ни сиқувга олиб тўхтади. Нозим бу икки машина Зикир
бизнесга тегишли эканлигини билди. Ҳаммаси тамом, деб турганида ёнига
қўлига тўппонча тутиб Зиёхўжа, ундан сўнг Арслон билан Ҳусан келди. — Қаршилик кўрсатма, отаман! — деди Зиёхўжа. — Қани, машинадан туш! Нозим
ноилож ўрнидан қўзғалди. Лекин осонликча таслим бўлишга ҳуши йўқ эди.
Машинадан тушган заҳоти чапдастлик қилиб, Зиёхўжанинг тўппонча тутган
қўлини ушлаб қайирди ва ўзининг тўппончасини унинг чаккасига тиради. — Қани бўлларинг! Экскаваторни йўлдан олинглар! Йўқса манави нусхани ўлдираман! — дея бақирди. Зиёхўжа хириллаб кулди. — От! Отсанг-чи! Тўппончада ўқ йўқлигини наҳотки билмасанг? Унинг
бир имоси билан икки йигит оч бўридай Нозимга ташланди. Нозим Зиёхўжани
қўйиб юбориб, тепкини босди! Бироқ, ўқ йўқ! Кўз очиб юмгунча улар
Нозимни қўл-оёғини боғлаб, «Жигули»нинг орқа салонига
ётқизишди. Қорадорини олган Зиёхўжа изига
қайтиб кетди. «Жигули»нинг рулига ўтирган Ҳусан машинани
чакалакзорнинг ичига қараб кетган сайноқ йўлга ҳайдади. Арслон эса
атрофга олазарак боқиб, ўзининг машинасини қамишзор ичига яшириб, йўлни
тўсиб турган экскаваторга чиқди ва моторни ўт олдирди-да, Ҳусаннинг
кетига тушди. «Қашқирлар макони»ни
тракторнинг гуриллаган овози тутиб кетган бўлса-да, бу яқин ўртада
Нозимга ёрдам берувчи кимса йўқ эди. * * * Бек
ака қувиб ўтган товуқнинг патини Зикир бизнес аллақачон юлиб қўйган
эди. Лайло туфайли ўртада пайдо бўлган адоват бир-бирларидан қасос
олишга чорларди. Зикир бизнес ҳам Лайлонинг кетишини истамаганди.
Зиёхўжанинг ҳақиқий башараси намоён бўлган куни кетаманга тушиб қолган
Лайлонинг оёқлари остига йиқилгудек бўлиб ёлворди. У умри давомида
бировга бош эгмаган бўлса-да, аммо келинининг олдида тиз чўкди. Бунинг
сабаби шармандаликка бориб тақалар, шундоқ ҳам никоҳсиз хотин
эргаштириб келган, отасининг юзини ерга қаратган Зиёхўжа бепарво, аммо
Лайлонинг чилласи чиқмай кетиб қолиши Зикир бизнеснинг обрўсига
берилган зарба эди. Одамлар орасида «ўғли никоҳсиз уйланиб, яна
келинчакни ҳам қувиб юборибди» деган гап аллақачон тарқалган эди.
Бундай миш-мишлар эл орасида кўкрагини кериб юрган Зикир бизнесга
ёқмагани табиий. Кейинчалик у ўз ҳурматини,
эркаклик ғурурини ерга уриб келинига бемаврид ялинганини англади, ўша
куни Лайлонинг «эркакмисиз... бошингизни кўтаринг» деган
муздек совуқ гаплари у кетганидан сўнг миясига тепди. Ваҳоланки, бундай
ялиниб-ёлворишларга ҳожат йўқ эди. Ҳа, ўшанда
Зикир бизнеснинг муштлари маҳкам тугилди. Бек акани хонавайрон қилиш
учун аввало унинг қизини қўлига олишни кўнглига тугиб, ўлжасини
кутаётган мушукдай пайт пойлади. У ўғлидан
хушхабар эшитди — боягина уйидан чиққан қорадори яна ўз қўлида.
Лекин машинада бир киши борлиги таажжубга молик. Икки йигит қаерга
кетди? Ниманидир сезган Зикир бизнес
ётоқхонасига кириб, кўрпанинг қатига тиқиб қўйган тўппончани олди ва
ўқларни бирма-бир кўздан кечириб чиқди. «Бек мени аҳмоқ, деб
юрибди» деб ўз-ўзига ғудранди. Чор-атрофи
баланд иморатнинг атрофида паналаб юрган Бек аканинг йигитлари ниҳоят
девор ошиб, ҳовлига тушишди. Иккови ҳам қуролини маҳкам тутиб, ичкарига
одимлашди. Улар эҳтиёткорлик билан юриб, уйларни кузатишди ва Эшнор
зинадан иккинчи қаватга кўтарилди. У эшикни секин очиб, ичкарига қадам
қўйган заҳоти пешонасига тиралган тўппончадан тахтадай қотди. — Қимирласанг, отаман! — деди Зикир бизнес. — Қуролингни ташла! Эшнор тўппончани полга улоқтирди. —
Ўгирил! — буюрди Зикир бизнес ва у бурилиши билан тўппончанинг
дастагини ишга солди. Эшнор бўйнига тушган зарбадан «шилқ»
этиб йиқилди. Тепадан гурсиллаган овозни
эшитган Саид шеригидан хавотир олиб, зинадан юқорилай бошлади. Бироқ
сўнгги зинага оёқ қўйиши билан Зикир бизнеснинг ҳужумига дуч келди.
Зикир унинг бошига стул билан зарба берди. Саид беҳол бўлганча зина
темиридан ушлади. Лекин сониялар ичида кўз олди тиниб, қўлини темирдан
олди ва зинадан думалаб пастга тушди. — Алё... — Зикир бизнес ўғлига сим қоқди. — Зиё, бўлдиларингми? — Озроқ қолди, — овоз келди у томондан. — Ярим соатлардан сўнг етиб борамиз. — Тезроқ келинглар. Нозимнинг шериклари бекордан-бекорга машинадан тушиб қолишмаган экан. Болакайларни қўлга олдим... Зиёхўжа
қўл-оёқлари боғлаб ташланган икки йигитнинг ёнига келди. Ҳушига келиб,
«бизни ўлдирманг» деб турган йигитлар жим бўлишди. — Ота, буларни Нозимнинг ортидан у дунёга жўнатиб юборайлик, — деди Зиёхўжа совуқ тиржайиб. — Йўқ, — деди Зикир бизнес. — Буларга мос юмуш бор. Хўш, азаматлар, мен айтган ишни бажарасанларми? — Бажарамиз! — дилдираётган йигитлар бирдан рози бўлишди. — Аввал қанақа ишлигини сўрамайсанларми? — Бизга фарқи йўқ, ўлишни истамаймиз. —
Ўлишни ҳеч ким истамайди. Хуллас, бизнинг қабристонда ўн беш кунлик
мурда бор. Эртага кечаси ўша мурдани кавлаб, қопга солиб ҳузуримга олиб
келасанларми? Зикир бизнес ўғлига қараб кўзини қисиб қўйди. Арслон билан Ҳусан мириқиб кулишди. — Мурдани... — Эшнор докадек оқариб кетган юзини шеригига қаратди. Саид ундан бешбаттар аҳволга тушганди. — Розимисанлар?! — ўшқирди бизнесмен. Бир
муддат қотиб қолган йигитлар охири ўлимдан қабр кавлашни афзал билишиб,
розилик беришгач, Зикир тилла тишларини кўрсатиб, кулиб юборди. —
Ҳазиллашдим! Оббо, баччағарлар-ей! Чала мурдани кавлаб олишдан кўра
ўлган афзал! Аммо икковинг қиладиган нозик иш бор. Бу ҳақда кейин
гаплашамиз. Зиё, «Нексия»нинг ортига бояги қорадорини
юкланглар! Ҳозир манави нусхалар уни Бекка элтиб беради. — Нега? — Зиёхўжа таажжубга тушди. —
Кейин ўзинг билиб оларсан. Бекни ҳали қўғирчоқдай ўйнатамиз. Зиё! Бу
қорадорининг ортида унинг ор-номуси ётибди. Наҳотки, сезмаяпсан?
Боринглар! Ҳа, айтганча, Арслон билан Ҳусанга хизмат ҳақини бер, хўпми?
Хонада уч киши қолишгач, деди: —
Жиддий масала шуки, яна беш кундан сўнг туғилган куним. Ўша куни
шаҳардаги уйимда мен қучоғимда Лайлони олиб ётишим керак.
Тушундиларингми? — дея Зикир бизнес уларга ниятини ошкор қилди.
— Икковингга йигирма миллион сўм пул ҳам бераман. Лекин билиб
қўйинглар, мен билан ўйнашишнинг оқибати ўлим. Мени алдаб кетсаларинг,
ернинг тагидан бўлса ҳам топтириб келаман. Кейин ўпкаларинг ўзларингда
қолсин! Агар шу топшириқни аъло даражада бажарсаларинг, мукофот —
тирик қоласанлар. Биламан, Бек сенларга кўп ёрдам берган. Аммо Бекнинг
хизмати ҳам, умри ҳам тугади. Хў-ўш!? — Шафқатингиз учун раҳмат, ака, — деди Эшнор бошини кўтариб. — Биз сизга содиқ қоламиз. — Лайло сизга керак экан, уни қучоғингизга солишдан осон иш йўқ, — Саид кўкрагини керди. — Лекин Нозим... — У ҳақида ўйлаб ўтирманглар. Нозим энди сенларни безовта қилмайди. Келишдикми? — Ҳа. —
Унда, олға йигитлар. Нега Нозим билан эмас, менинг машинамда
келганларингни Бекка ўзларинг тушунтириб қўйинглар. Ишонарли важ
тўқийсанлар, деган умиддаман. «Қашқирлар
макони»га тонг ўз сепини ёйган палла чакалакзорни оппоқ
«Нексия» шитоб билан кесиб ўтди. Машина катта трассага
чиққан кези, боя у тезлик билан ўтиб кетган жойда сариқ
«Жигули» пайдо бўлди. * * * — Нозим қани? — Бек ака «Нексия»да қорадорини олиб келган йигитларидан сўради. —
Жўрасининг хотини хархаша қилган экан, машинасини элтиб бергани
кетди-ю, қайтиб кўринмади. Кутдик, барибир, йўқ. Сўнг юмушингиз
бугундан қолмасин деб, Зикир бизнесникига бордик. — Ишни дўндириб, машинасини ҳам олиб қочдиларингми? — Уни ўлдиришни бошқа кунга қолдирдик, Бек ака. — Майли, яхши қилибсанлар. Лекин Нозим қаерда? Йигитлар жим қолишди. Шу пайт уйга ярим-яланғоч кийинган Лайло кириб келди. Бек ака ҳўмрайиб: — Бу нима юриш? Уялмайсанми? — деди қизига. Лайло калта юбкасини тўлдириб турган сонларини кўз-кўзлатиб: — Латта-путталарга бурканиб юрсам, эрсиз қолиб кетаман, — дея кесатди. — Энди йигитларнинг кўзини ўйнатиб... — Бас қил! — ўшқирди Бек ака ва вақтинча йигитларни уйдан чиқарди. — Бугун Тошкентга боришим керак эди. Нозим олиб бориб келади, дегандингиз... Бек ака қизининг туришидан хижолат тортиб, бошини эгди. — Нозим қаергадир даф бўлган. Келсин, борасан ўша Тошкентингга! — Нозимни ҳозиргина кўрдим-ку! «Жигули»да ўтирибди. — Қаерда? — Ана, кўчада! Бек
ака югуриб бориб, деразадан пастга қаради. Кўчанинг нариги бетида,
Зикир бизнеснинг машинаси ёнида сариқ «Жигули» турарди. — Эшнор! — дея бақирди у кейин. Залга чиқиб турган Эшнор эшикни очди. — Лаббай, хўжайин! — Нозимни бу ёққа айтиб кел! Ана, кўчада-ку! Эшнор елка қисиб биринчи қаватга тушиб кетгач, Бек ака қизига юзланди. — Тошкентдан қачон қайтасан? —
Узоғи билан бир ҳафтага кетаман. Франциядан турли хил атир-упалар олиб
келишяпти, экан. Нархи тўғри келса олиб, сотаман. — Лайло, менинг қизим бўлатуриб, сенинг бозорда олибсотарлик қилишинг шаънимизга тўғри келмайди. Лайло отасига ялт этиб қаради. —
Шаънимизга тўғри келмайди, дейсизми, ота? Сизнинг ҳаром йўл орқали
топган луқмангизни ейиш жонимга тегди. Ўзим ишлаб пул топишим сизга
тўғри келмас экан, унда айтинг-чи, ҳаром пул топиш учун танамни
сотайинми? Довдираб қолган Бек ака лабини
тишлади. Негадир кейинги пайтларда қизининг савдо ишига аралашаётгани
унга ёқмаётганди. Отанинг сукути қизни оловлантирди. —
«Гўзаллик салони» очаман деганимда ҳам, сенга нима кам,
бизга тўғри келмайди, дегандингиз. Балки қўшмачилик билан шуғулланганим
сизга хуш ёқар? Индаманг! Энди мен билан ишингиз бўлмасин. Сизнинг
ҳаром ишларингиз деб умрим хазонга айланди. Менинг эрдан чиқишим, мана,
сизга тўғри келар экан-ку... Ҳали... Уйга шошиб кирган Эшнор Лайлонинг гапини бўғзида қолдирди. — Бек ака, ҳовлидан чиқиним билан у суриб қолди. Шартта сим қоқдим, телефони ўчирилган. — Жин урсин! Нозим бир балони бошламаса гўрга эди. Ўзи аниқ шумиди? — Ҳа. Нозим менга бир ўқрайиб қараб олди-ю, газни босди. — У нега бундай қилди экан-а? Тағин мелисага бизни сотган бўлмасин? Саидни чақир-чи. Эшнор меҳмонхонада ўтирган Саидни чақириб келди. Бек ака қовоқ-тумшуқ қилиб энди оғзини очган кези Лайло: — Ота, мен шошилаяпман, — деди шартта. — Саид, Лайлони Тошкентга ташлаб кел. Эртага қайтсанг ҳам майли. Лайло Саид билан бирга уйдан чиқиб кетди. Танг аҳволда қолган Бек ака аламини кимдан олишни билмасди. —
Бошим оғрияпти, Эшнор. Кечга кел, гаплашамиз, — дея Эшнор билан
ҳам хайрлашган Бек ака вазмин қадам ташлаб у ёқдан бу ёққа юра бошлади.
Табиийки, унинг бошида турли хаёллар ғужғон ўйнарди. Ўлимга маҳкум
этилган Зикир бизнеснинг тирик қолиши талвасадан дарак берарди.
Мушоҳада юритиб, собиқ қудасининг саховати ортида аллақандай кўзга
кўринмас азоб-уқубатлар ётганини ҳис этди. Ўз навбатида, Зикир бизнес
ҳам тинч турмай унга чоҳ қазиётгани маълум бўлиб қолди. Машина йўқлиги
боис ўзининг «Нексия»сини хизматга қўйиши шунчаки ўйин.
Эҳтимол, у ҳам худди Бек ака сингари сохта табассумлари орқали ёвуз
ниятига эришмоқчидир? Зикирни ўлдирмагунча ўзи чоҳга қуламаса бўлгани. Ўйдан
бошини кўтаролмай қолган Бек акани яна бир савол қийнарди. «Нозим
нега лаллайиб юрибди?» У садоқатли дўст эди. Ароқ ичмайди,
сигарет чекмайди. Ялтир-юлтир кийинган қизларга сал ошиқлигини
айтмаганда, бировдан таёқ еган ёки бировнинг кўнглини ранжитган эмас.
Лайлони ошкора севиши Бек аканинг биргина имоси билан вайрона бўлганди.
У Лайлони севарди. Аммо ғирт етимча бўлган кўча боласини Бек ака қизига
раво кўрмади. Гарчи у тап тортмай қизга дил изҳорини айтган бўлса-да,
Лайло уни оёқ учида кўрсатиб, севгисини қабул қилмаган эди. Балки,
шунинг учун у аразлаб қолгандир, деган ўй келди хаёлига. Араз ортида
нима беркиниб ётганини англаб, титраб кетди. «Мелисага
сотса-чи?» * * * Арслон
- барзанги йигит. Зикир бизнеснинг хизматига келганига икки йилча
бўлди. Бизнесмен қишлоқдошларини норози қилиб, «Қашқирлар
макони»нинг ғарб томонидаги даштда жойлашган Қумбулоқ қишлоғидан
шу йигитчани топиб келган эди. Арслон пулдан бошқасини билмаса-да, аммо
куч бобида унга тенг келадигани йўқ эди. Килолаб қорадорини эшак тугул
одам юриши амримаҳол бўлган тоғ-даралардан кўтариб тушиши-ю, бирор
жанжал бўлса
|