 Йулдаги сухбат" - Ассалому алайкум ака, - салом бердим нотаниш кишига. - Салом, - қисқа жавоб берди у. Унга яхшилаб разм солдим. Ёши 50 лар атрофида, сочларига оқ оралаган, юзида ажин. Жудаям ғамгин, қизарган кўзлари унинг йиғлаганидан дарак бериб турарди. Шундай эркакнинг йиғлашига нима сабаб бўлди экан, қизиқишим ортди. Унинг кўнглидан кечаётганларини билиш мақсадида секин гап бошладим. - Ака, шу қишлоқданмисиз? - Ҳа, қачонлардир шу қишлоқлик эдим. - Дам олиш кунлари қариндошлардан хабар олгани келибсиз-да? - Йўқ, қариндошларникига боришга юзим чидамайди. Бу ерга ҳар якшанба қабристонга келаман. Шу ерда қачонлардир қадрига етмаган меҳрибон инсонларим мангу уйқуда. Ука, ҳаммасини бир бошдан гапириб берай, зора енгил тортсам. Бўлмаса, юрагим куйиб кетаяпти. Онам ўқитувчи, дадам ҳайдовчи эди. Ҳар тонг отам юк машинасида ишга отланар, мен онам билан мактабга борардим. Ўшанда 2-синфда ўқирдим. Бир куни онам бизга дарс бераётганида синф эшиги тақиллади. Онам бориб эшикни очди, ташқарида қўшнимиз турарди. «Келин, ўзингизни қўлга олинг, акамиздан ажраб қолдик» деган сўзлари ҳамон қулоғимда қолиб кетган. Онам уввос тортиб йиғлар, қўшнимиз юпатишга уринарди. Нима бўлганига ақлим етмай, мен ҳам онамга қўшилиб йиғлай бошладим. Онам қўлимдан етаклаганча, гоҳ қоқилиб, гоҳ сирпаниб уйимиз томон чопиб борардик. Уйимизнинг олдига етганда бошида дўппи, чопон кийиб, белбоғ боғлаган қўшнилар, қариндошлар ҳовлимизга йиғилганини кўрдим. Шу пайт бир енгил машина уйимизнинг олдига келиб тўхтади. Машинадан отамни тушира бошлашди. Отамни одамлар уйга кўтариб олиб кириб кетишди. Онам менинг қўлимни қўйиб юбориб, додлаганича ўзини отам томон отди. Аммаларим ҳам йиғлашар, ҳовлимиз йиғи овозига тўлиб кетганди. Анча вақтдан сўнг одамлар замбилга ўхшаш нарсага оққа ўралган ниманидир ортиб жўнашди. Йиғи овози янада кучайди. Беҳуш онамни аммаларим суяганча уйга олиб кириб кетишди. Тоғам мени кўтариб, бояги замбилни елкаларига қўйиб кетаётган одамлар ортидан эргашди. Бир тепаликка етиб, уюм-уюм тупроқлар оралаб, янги қазилган чуқур атрофига келдик. Одамлар оққа ўралган нарсани чуқурга туширишди. Шунда кимдир «Ёлғиз ўғли ҳам тупроқ ташласин» деди. Тоғам жажжи қўлларимга бир сиқим тупроқ солди. Ўша тепаликда яна битта янги уюм тупроқ пайдо бўлди. Нималар бўлаётганига ақлим етмасди. Ўша воқеадан кейин ҳамма нарса ўзгариб кетди. Энди отам машинасида уйга келмас, онам чиройли кўйлакларини киймай, фақат қора либосда юрар, мен эса мактабга ёлғиз борардим. Онам кечалари йиғлаб, «Сен менинг ҳимоячимсан» деб бошимни силарди. Отамни соғиниб йиғласам «Отанг олис сафарга кетган» дея менга қўшилиб йиғларди. Болалигимдаги ўша манзаралар хотирамда муҳрланиб қолган. Вақт дегани ортига бир сонияга ҳам боқмас, олдинга шитоб билан қадам босар экан. Мен ҳам улғайиб борардим. Онам билан қабристонга тез-тез бориб турардик. Уюм тупроқнинг бир чеккасида, силлиқ тошда дадамнинг сурати турарди. Улғайгач, бу ер қабристонлигини, шу ерда олисга кетган отам борлигини тушуниб етдим. Онам эса бу ерга тез-тез келиб туришни, шунда отамнинг руҳи шод бўлишини онгимга сингдириб борарди. Мен катта бўлгунимча онам шўрлик не азобларни тортмади. Менга ҳам ота, ҳам она бўлиб, элдан кам қилмай ўстирди. Менинг эртамни ўйлаб, ўз эртасини барбод қилди. Бошқа турмуш қурмай ёш умрини хазон қилди. Отасиз ўссам- да, ўқитувчи онам шундай тарбия бериб вояга етказдики, менга бутун қишлоқ ҳавас қиларди. Мактабни аъло баҳога битирдим. Ҳамма синфдошлар шаҳарга ўқишга отланишди. Мени онажонимни ёлғиз ташлаб кетгим келмасди. «Ўғлим, сен албатта ўқишинг, катта одам бўлишинг керак, шунда отангнинг руҳи шод бўлади» дея мени ҳол-жонимга қўймасди. Онажонимнинг орзулари сароб бўлмасин, деб ўқишга отландим. Ўз билимим билан тиббиёт институтига ўқишга кирдим. Бошида онамни, қишлоқни жуда соғинар, ҳар ҳафтада уйга бориб турардим. Онамнинг қувончлари чексиз. Аста- секин шаҳар ҳаётига кўника бошладим. Айни дамда курсимиздаги энг лобар қиз Гўзалга нисбатан қалбимда қандайдир ҳиссиётлар уйғона бошлаганди. Гўзал ҳам мен каби отасининг ёлғиз дилбанди экан. Унинг отаси шаҳардаги казо-казолардан бири бўлиб, истаган жойига қўли етарди. Қишлоқдан бўлса-да, келишган, чиройли йигитга Гўзал ҳам бефарқ эмасди. Биз бир- биримизга кўнгил қўйдик. Муҳаббат кўзимни кўр қилдими, Гўзалга боғланганим сари ўзим учун қадрдон инсон - онамдан узоқлашиб борардим. 4-курсда таътил даврида уйга бордим. Ўша куни онам ҳамма қариндошларимни уйга тўплади. Кўриладиган масала мени уйлантириш эди. Ҳамма ўз фикрини билдирди, келинликка номзодлар айтилди. Навбат менга келганда севгилим борлигини айтдим. Эртасига онам ва аммам совчиликка кетишди. Мен эса Гўзал билан бир умр бирга бўлишдан бахтиёр эдим. Онам совчиликдан маъюс бўлиб қайтди. Гўзалнинг дадаси рози бўлмаган дея юрагим шиғ этиб кетди. - Иш битдими? - секин сўрадим онамдан. - Ҳа болам, қизнинг ҳам сенда кўнгли бор экан, ота-онаси рози бўлишди. Аммо... - онам гапини тугатмасдан йиғлаб юборди. - Нима бўлди? - У қиз оилада ёлғиз экан, ким унга уйланса ўша хонадонга ичкуёв бўларкан. Сен ҳам ёлғиз ўғлим бўлсанг, кетсанг, мен нима қиламан? Майли, сен нима десанг шу, бахтли бўлсанг бўлгани, - дея кўз ёшларини артди онам. Хуллас, ўша йили Гўзал билан тўйимиз бўлди. Қишлоқда бир ойгина яшаб, онамни ёлғиз ташлаб, шаҳарга - қайнотамникига кўчиб кетдик. Йиллар ўтиб, институтни тамомладим ва қайнотамнинг кўмаги билан шаҳар касалхоналаридан бирига врач бўлиб ишга жойлашдим. Бу орада икки ўғилли бўлдик. Оилада Гўзалнинг айтгани айтган эди. Мен ҳам унинг йўриғига юриб калондимоғ бўлиб қолгандим. Қишлоққа олти ойда бир борсам борардим-у, ортга қайтардим. Меҳри дарё онам эса меҳримга тўймай қолаверарди. Шу зайлда вақталаримни қайнотамга қолдирдим. Ўзим эса маълум муддатга озодликдан маҳрум этилдим. Йиллар ўтиб, жазо муддатим тугади. Оилам даврасига шошилдим. Йўлда бораяпман-у, дийдор онларини тасаввур қилиб, ўз-ўзимга сиғмайман. Қайнотамнинг, ўзимнинг ичкуёвлик уйим дарвозасини тақиллатдим. Дарвозани бегона эркак очиб, ким кераклигини суриштирди. Мен ўзимни таништирдим. У эса ичкарига таклиф ҳам қилмай, хотинини чақирди. Дарвоза томон одимлаётган аёл Гўзал эди. Мен ҳайрон бўлиб қолдим. У менга бор воқеани айтиб берди. Мен қамалгач, қайнотам бу оламдан кўз юмибди. Гўзал эса ёш умрини хазон қилишни истамай, яна бир ичкуёвни ўзига эр қилиб олибди. Ёнимда турган маккорадан нафратланиб кетдим. Ахир онам ҳам бева қолганларида Гўзалдан ёш эди, лекин бир умр отамга садоқат билан ўтганди. Бу эса мен тирик бўла туриб, арзимаган бир неча йилга кута олмабди. Шўрлик онамнинг бир умрлик меҳрини бир бевафонинг бир лаҳзалик садоқатига алмашибман. Ўғилларим ҳам мендан воз кечишди. Бу кўргуликларни худонинг менга жазоси деб қабул қилдим. Гўзал билан қонуний ажрашдим. Борадиган жойим йўқ, қишлоққа боришга юзим чидамайди. Бир танишимникида вақтинча яшаб, мардикорчилик қилдим. Олдинги ишимни энди қилолмасдим, негаки, ўша қизалоқнинг очиқ кўзлари бир умр кўз олдимда муҳрланиб қолганди. Тириклигида рози қилолмаган онамнинг руҳини шод қилай, деб қишлоққа қабрларини зиёрат қилгани бордим. Ишонсангиз, қоровул ёрдамида онамнинг қабрини топдим. Ўшанда тош қўйиш ҳам ёдимга келмаган экан. Балки тош қўйганимда онам мендан норози бўлармиди, у вақтларда ҳалол пул топмасдим. Энди ота- онамнинг қабрларига тез- тез келиб тураяпман. Мардикорчиликдан топган пулимга онамнинг қабрига тош қўйдирдим. Биламан, онам мендан икки дунёда ҳам норози бўлмайди, у кишининг бағри жуда ҳам кенг эди. Аммо меҳрибон онамнинг руҳи олдида бир умр кечирим сўраб ўтаман. Бу инсоннинг ўтмишини тинглаб, хаёлга толдим. Шу пайт киракаш машина келиб қолди. Машина томон йўналар эканман, беихтиёр: - Ака, исмингиз нима? - деб сўрадим. - Исмим Армон, - деди у.
|