
Асаб бузилишининг асосий сабабларидан бири дунёга ҳаддан ортиқ муҳаббат қўйиш, дунё учун севиниш ва ҳузурланишдир. Лағв, кераксиз нарсалар билан кўнгилни кўтариш ҳам инсон қалбини яралайди, фақат буни ўзи ҳис қилмайди. Бир куни Расулуллоҳ с.а.в. шундай дедилар: «Қиёмат куни бир гуруҳ инсонлар тоғ каби амаллари бўлган ҳолда жаҳаннамга тушишлари амр қилинади”. Шунда саҳобалар: - Улар намоз ўқирмидилар, деб сўрашди. - Албатта, намоз ўқирдилар, рўза тутардилар ва кечаларини ибодат билан ўтказар эдилар. Фақат дунёвий манфаатдан сўз очилган вақтда, Аллоҳ таолони унутиб, ўзларини унга ўрардилар. Имом Шофеъий дўстига қилган насиҳатда шундай сўзларни айтади: - Эй биродарим, дунё ҳаёти сирпанчиқ ер кабидир. Унда оёқ босиб туриб бўлмайди. Дунё қанчалик зийнатланмасин, охири йўқ бўлувчидир. Унда ҳаёт кечирувчининг сўнгги зиёратгоҳи қабрдир. Якуни, муҳаббат қўйган нарсаларидан айрилишдир. Дунё бойлигининг хулосаси фақирликдир. Молу-мулк орттириш машаққатдир. - Эй дўстим, Аллоҳга тақво қил. Унинг ҳалол ризқига рози бўл. Ношаръий даромад топиш йўлларига кирма. Етиша олмайдиган нарсаларга вақтингни сарфлама. Чунки умринг ўткинчи соя кабидир. Хайрли амалларни кўпайтириб, ёмон амалларни қилишдан сақлан! - - Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: "Эй инсонлар, Парвардигорингиздан қўрқингиз ва яна бир Кундан (яъни қиёматдан) қўрқингизким, (у кунда) бирон ота ўз боласи томонидан (бирон нарса) ўтай олмас ва бола ҳам отаси томонидан бирон нарса ўтай олгувчи бўлмас. Албатта Аллоҳнинг (қайта тирилтириб, ҳисоб китоб қилиш ҳақидаги) ваъдаси ҳақдир. Бас ҳаргиз сизларни ҳаёту дунё (ўзининг ўткинчи неъматлари билан) алдаб қўймасин ва ҳаргиз сизларни ғурур (яъни шайтон) Аллоҳ (ҳар қандай гуноҳни кечаверади деган алдов) билан алдаб қўймасин!” (Луқмон сураси, 33-оят). - Бу ояти каримада алдамчи шайтондир. У Аллоҳнинг Раҳим, Ғофур ва тавбаларни қабул қилувчи зот эканини айтиб, инсонни гуноҳ иш қилишга васваса қилади. Киши гуноҳига тавба қилишга эришадими ёки йўқми, қилган тавбаси Яратганнинг ҳузурида қабул бўладими, йўқми, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Шундай экан, фурсат борлигида тавба қилиб, Парвардигорнинг мағфиратига эришиб қолайлик.
www.muslima.uz
|