Саудия Арабистони ҳамда Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги муросасиз кечган бахс нихоясига етди. Вадим Абрамов бошчилигидаги терма жамоамиз Жидда шаҳридаги учрашувда йирик мағлубиятни қабул қилишга мажбур бўлди.
Саудияликларнинг дастлабки голи ўйиннинг 30-дақиқасида терма жамоамиз дарвозасига киритилди. Бу вазиятда саудияликлар футболчисини вакилларимиз бўш қолдиришди, тўп унга етиб келаётган бир вазиятда Шавкат Муллажонов унинг кийимидан ушлаб қолди, буёғига чиройли йиқилиш ва пенальти. Ҳакам эса югириб келиб ўйинчимизга қизил карточка кўрсатди. 11 метрлик жарима зарбасини аниқ амалга оширган Муҳаммад Асирий дарвозанинг ўнг бурчакини нишонга олди, Нестеров эса чап бурчак томон ташланганди. Аслида пенальтини амалга ошираётган пайтда ҳам футболчи тўпга югириб келиб тўҳтаб қолиши мумкин эмас, Игнатий гавдаси билан чапга бурилаётганини кўриб Муҳаммад Асирий тўҳтади ва ўнг бурчакка зарба берди, аммо ўта савиясиз қатарлик бош ҳакам Ал Досари бу вазиятни кўриб туриб голни инобатга олди. Футболчиларимиз бош ҳакамни майдон марказигача "қувиб боришди", Нестеров ҳам уларга қўшилди, бироқ бари бефойда.
Иккинчи гол дарвозамизга 100 фоизлик офсайддан киритилди! Араблар футболчиси жарима майдонимизга ёриб кириб Нестеровни алдамоқчи бўлди-ю эплай олмади ва зарба берди, тўп тепилган вақтдан то Игнатийга теккунча биринчи гол муаллифи Асирий ўйиндан ташқари ҳолатда эди, тўп эса поспонимизга тегиб Муҳаммадга келди ва у бўш қолган дарвозани ишғол қилди.
Учинчи гол 64-дақиқада киритилди. Ал Жасим жарима майдони ташқарисидан айланма зарба билан Нестеровни доғда қолдирди.
Ва дарвозамизга киритилган сўнгги гол 89-дақиқада Солиҳ Башир томонидан киритилди. Ҳимоячиларимиз диққат марказидан қолиб кетган Башир тўпни қабул қилиб олиб тўхтатмасдан туриб Нестеров дарвозасига жойлаб қўйди.
Шу тариқа Абрамов бошчилигидаги терма жамоамиз навбатдаги мағлубиятини қабул қилди.
Ўртоқлик учрашуви Саудия Арабистони – Ўзбекистон Голлар: Муҳаммад Асирий, 30 (пен), 45+2 , Ал Жасим, 64, Солиҳ Башир, 89