Кишлоғимизда бир оила бўларди. Унча тўқ бўлмаган, кўп фарзандли бу
оилага келин бўлиб тушган кичик жуссали рангпаргина Роҳатой онасининг
эрта оламдан ўтганлиги боис болалар уйида тарбия топган эди. Роҳатойни
кимдир ўғлига келин топа олмай юрган жанжалкаш Нисо холага тавсия
қилди. Роҳатойнинг ҳеч кими йўқлигини билган Нисо хола уч-тўрт кило
гуруч дамлаб, никоҳ ўқитди-да, Роҳатойни келин қилиб хонадонига олиб
келди. Бу хонадонда эрга тегмаган янабир қайин опа, куёвнинг акаси ва
хотини, бола-чақаси, укалар, зуғуми бинойидек қайнона бор эди.
Роҳатой бир неча кундан сўнг бу ерга келин эмас, балки чўри бўлиб
келганлигини англади. Унга тиндирмай иш буюришар, эрининг
баджаҳиллилиги, қайнонанинг инжиқликлари, қайин опанинг чақимчиликлари
соддагина Роҳатойни гангитиб қўйди. Кун ўтарга зўрға кун кечирадига бу
хонадонда нонга ҳам ўлчов белгиланар, очин-тўқин тинимбилмай рўзғор
ишларини бажараётган иккиқат келинчак барчасига тишини-тишига қўйиб
чидар эди. Чунки, борай деса ота-наси, уйи йўқ, дардини айтай деса,
бир-иккита яқинлари ҳам олисда эди. Шундай кунларнинг бирида Роҳатой ва
эрини бозорга олиб чиққан қайнона катта йўл четида баҳона қидириб
келинига бақира кетда ва жаҳлдан уни депсиб итариб юборди. Йўлда
келаётган машина роҳатойни уриб юборади ва умуртқаси, чаноқ суяги
синади. Келинчак бир йил шифохонада умуртқа гипсида ётади. Боласини эса
ўлик ҳолда кесиб олишади. Шифохонада ярим йил даволаниб чиққан ва ишга
яроқсиз ногирон бўлиб қолган келинчакни "Энди бизга керак эмассан”, дея
кўчага ҳайдаб юборишади. Яхши одамлар уни қанотига олиб, шифохонага
ишга киргизиб қўйишади. У ерда бир шифокор аёл истараси иссиқ бу
жувоннинг ҳеч кими йўқлигидан фойдаланиб, узоқ вилоятда яшовчи ногирон
укасига турмушга беради.
Энди бахтимни топдим, дея турмушган чиққан Роҳатой яна тақдир зарбасига
учрайди. Куёв туғма руҳий касал эди, ҳатто ҳожатга боришни ҳам эплолмас
эди. Тўрт йил келинчакни "қочиб кетмасин” дея уйдан чиқаришмайди. Шу
орада Роҳатой ўғил фарзанд кўради. Тўрт йилдан сўнг болалар уйи ўз
тарбиясидан чиққан Роҳатойни учрашувга чақиради. Боласини олиб қолиб,
онасига жавоб берган қайнона келинини қайтиб келади, деб ўйлаган эди.
Афсуски, Роҳатой бу хонадонга қайтиб бормайди.
Болалар уйининг раҳбари Роҳатойнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилган ҳолда
кўп машаққатлардан сўнг унинг фарзандини олиб беради. Шундан сўнг,
Роҳатой болалар уйида ишлайдиган эски танишиникида яшаб юради. Ўшанда
Роҳатой ўттиз ёшга яқинлашган эди. Аёл Роҳатойни хотини вафот этган,
фарзандлари уйли жойли , ақлли-ҳушли ўрта ёш кишига турмушга беради.
Ёши катта бўлсада, бу киши Роҳатойга қизидек меҳрибонлик кўрсатиб,
оилага осойишталик, барака ва бахт инъом этади, унинг боласига оталик
қилади.
Роҳатойнинг гулдек ёшлиги сарсон-саргардонлик, ғурбат ва азобларга
юзма-юз бўлса-да, ношудгина Роҳатойбарчасига сабр ва бардош ила чидади.
Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса ўн беши ёруғ деганларидек, ўз тенгини
топмаса-да, кеч бўлса-да фарзандига оталик, ўзига умр йўлдоши бўладиган
кишини, бахтини, оиласини топишга муваффақ бўлди.
Ҳа, бу ҳаётнинг синовлари кўп. Аммо Аёлнинг жони қирқта деб уни ҳурмат
қилмайдиган, таҳқирлайдиган, меҳнатини қадрламайдиган баъзи эркаклар
ҳам бор-ки, улар янги авлодни дунёга келтиргувчи, оилага бахт ва
файз-баракот улашувчи аёл зотининг меҳнатини, меҳр-муҳаббатини
қадрламай кўчадаги вақтинча меҳр-муҳаббат оғушида маст-аласт юрадилар.
Буюк зотларимиз айган-ку, жаннат аёлларнинг оёғи остида, деб.
Шундай экан, келинг, азиз экаклар! Аёлни севинг, унинг ҳурматини жойига
қўйиб, муҳаббатига сазовор бўлинг! Асосийси улардан меҳрингизни, бир
калом ширин сўзингизни дариғ тутманг!!!