«Бунёдкор» бош мураббийи ФИФА веб-сайтига берган интервьюсида «Бунёдкор»га жаҳон футболи юлдузларидан баъзиларини ўз жамоасига олиб келиш нияти борлигини айтиб ўтди. – Бразилия ва Португалия терма жамоалари, шунингдек «Челси» клубини бошқарганингиздан сўнг, нимага бирданига «Бунёдкор» бошқарувини қабул қилишга қарор қилдингиз? – Менга бу вариантни Ривалдо таклиф қилди. Бу вақтга келиб, у бу ерда бир йил давомида ўйнаганди. Мен клуб структураси ҳақида яхши билардим ва раҳбариятнинг ният-мақсадлари мени ҳайратга солди. Бундай масштабдаги лойиҳа – фантастика! – Ўзбек футболи ҳақида гапириб берсангиз. – Ривалдо бу ерга келгунига қадар, мен ушбу мамлакат ҳақида кўп нарса билмасдим. Ҳозир эса кўп нарсани гапириб беришим мумкин. "Бунёдкор" ва "Пахтакор" – Ўзбекистоннинг энг кучли клублари ҳисобланади ва чемпионлик титули учун кураш айнан ушбу икки клуб ўртасида кечади. Ўйлайманки, агар яна уч ёки тўрт клуб ушбу курашга қўшилса, олий лига тез суръатлар билан ривожланади. Ундан ташқари, ўзбекистон иқтидорли футболчиларга бой ўлка. Масалан, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси (U-20) шу йил Мисрда ўтадиган Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган. Ўйлайманки, миллий терма жамоа ҳам яна 4-5 йилдан кейин ютуқларни қўлга кирита бошлайди». – Яқин вақтлар ичида Ўзбекистонга жаҳон футбол юлдузлари келади, деб айта оласизми? – «Это`О ҳақида ҳеч нарса дея олмайману, лекин мен яқин вақтлар ичида «Бунёдкор»га баъзи жаҳон футболи юдузларини таклиф қилишни хоҳлардим. Ҳозирги пайтда номзодлар устида бош қотираяпмиз. Қолганини вақт кўрсатади». – Европага қайтишни режалаштираяпсизми? – Ҳозир клуб билан 1,5 йиллик шартномага эгаман. Ундан кейин эса ўйлаб кўраман. Балки «Бунёдкор» билан шартномани узайтирарман, балки йўқ. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам мураббийлик фаолиятимни тугатишдан олдин Бразилияга қайтиб, ватанимда ишлашни хоҳлайман. Агар фарзандларимдан бири Европадаги университетлардан бирида ўқишни ихтиёр этса, унда мен ҳам Европада ишлашимга тўғри келади. – Клубнинг асосий мақсадлари нимадан иборат? – Мен ўз олдимга ҳар доим максимум вазифаларни қўяман. Шунинг учун ўзимиз иштирок этаётган барча мусобақаларда ғалаба қозонишни истайман, айниқса, Осиё чемпионлари лигасида.
|