
100 фоиз мухлислар ва мутахассислар кутганларидек Ўзбекистон Кубогининг финал учрашувида яна “Бунёдкор” ва “Пахтакор” клублари ўзаро учинчи маротаба куч синашишади. Биринчи ўйинда йирик ғалабани таъминлаган “пахтакорчилар” Фарғонада 2:3 ҳисобида мағлубиятга учраганликларига қарамай, финал масаласини хал қилишди. Аммо бунарса осон кечмади. Гарчи Виктор Жалилов шогирдлари 5-дақиқадаёқ “Нефтчи”нинг собиқ аъзоси Акмал Холматовнинг голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олишларига қарамай, танаффусга қадар мезбонлар ҳужумчиси Анвар Бердиев икки бора аниқ зарба йўллаб, “Нефтчи”ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлимда ҳужумчи ўзининг хет-тригини ҳам нишонлади. Аммо бунгача Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Александр Гейнрих жавоб тўпини киритишга улгурганди, натижада учрашув 3:2 ҳисобида “Нефтчи”нинг ғалабаси билан, лекин “Пахтакор”ни қониқтирган ҳисобда якун топди. Шу тариқа, тошкентликлар тўққизинчи маротаба кетма-кет Кубок финалига йўл олишди. Ўз навбатида амалдаги Кубок соҳиби Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаси ҳам мана 3 йилдирки, кетма-кет хал қилувчи финал учрашувига йўлланмани қўлга киритади. Луиз Фелипе Сколари шогирдлари 1/2 финалнинг ҳар икки беллашувида ҳам “Насаф”дан устун келишди. Тошкентда қашқадарёликлар дарвозаси уч маротаба аниқ нишонга олинганди, Қаршида эса, биттага кам бўлди ва ҳар иккала гол ҳам иккинчи бўлимда амалга оширилди. Аввалига Анвар Солиев ҳисобни очган бўлса, сўнгра Виктор Карпенконинг аниқ зарбаси ўйинга якуний нуқтани қўйди. Эслатиб ўтамиз, “Бунёдкор” ва “Пахтакор” ўртасидаги Ўзбекистон Кубогининг финал учрашуви 8 август куни “Пахтакор” марказий стадионида соат 19:00 да бошланади.
|