Ҳиндистоннинг Матхура шаҳрида истиқомат қилувчи Ашиш Шарма белгиланган тартибда 120 соат тўхтовсиз 48 та фильмни томоша қилиб, жаҳон рекордини ўрнатган.
Бундан олдинги рекорд немис аёли Клаудий Вафрага тегишли эди, у 117 соат телевизор ёнидан жилмаган. Ашиш экран олдига маҳаллий вақт билан 11 июнь соат 11:08 да ўтирган ва 16 июнь соат 20:12 да 48-фильмни кўриб тугатган.
«Гиннеснинг рекордлар китоби» таҳририяти аъзолари Шармани расмий равишда жаҳон чемпиони, деб эълон қилиш мақсадида уни мунтазам кузатиб туришган.
Уларнинг таклифи билан ҳар эҳтимолга қарши Шарманинг олдига навбати билан шифокорлар ташриф буюриб туришган ҳамда ҳар тўрт соатда у ўзини қандай ҳис қилаётганини кузатишган.
Маълумки, Матҳура шаҳри Деҳли ва Агра ўртасидаги йўл устида жойлашган. Бу ерда эса дунёга машҳур Тож-Маҳал мақбараси қурилган. Рекордчи айнан мана шу мақбарани томоша қилиш учун ташриф буюрадиган миллионлаб сайёҳларни Кришна худосининг назари тушган Матҳурага ва бу ерда яшовчи кишиларга бўлган ҳурмат-эътиборини янада кучайтириш ниятида шундай маҳорат кўрсатишга қарор қилганини билдирган.
|